Ўзбекистонда 2026 йилга қадар нималар ўзгаради

preview

Президент томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди (28.01.2022 йилдаги ПФ-60-сон Фармон). Тараққиёт стратегияси ўз ичига 100 та мақсадни олган бўлиб, улар 5 босқичда амалга оширилади.

 

Хусусан:

1) 2026 йилга қадар барча эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олади;

2) Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида I–IV синф ўқувчилари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминланади;

3) 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилади;

4) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб хусусий болалар боғчалари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлари ЖШДСдан озод этилади;

5) мактабларда дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун 605 млрд сўм ажратилади, 141 мингта янги ўқув ўринлари яратилади ва уларнинг сони 2026 йил якунига қадар 6,4 млнгача етказилади;

6) ҳудудларда 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилади;

7) 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9%гача ва 2023 йилда 5%гача пасайтириш чоралари кўрилади;

8) 2023 йилдан бошлаб:

  • ҚҚС ставкаси - 12%гача;
  • банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси - 15%гача туширилади;

9) "яшил иқтисодиёт" технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги 20%га оширилади ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажми 20%га қисқартирилади;

10) 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич тадбиркорликка оид барча мажбурий талабларни ягона электрон реестрга киритиш тартиби жорий этилади ҳамда такрорланувчи ва ўз аҳамиятини йўқотган мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилади. Реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади;

11) 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик субъектларида масофавий (онлайн) фаолият кўрсатиш имкониятларининг мавжудлигидан ҳамда уларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади;

12) 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади;

13) фуқароларга ҳужжатларни бериш ва алмаштириш, шунингдек ўзаро боғлиқ давлат хизматлари мурожаатни кутмасдан таклиф этилади;

14) "Фуқароларнинг рақамли паспорти" лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;

15) кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизими соддалаштирилади ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилади.

Norma.uz материаллари асосида