Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай вазиятларда мол-мулк солиғи бўйича аниқлаштирилган бўнак маълумотномалари зарур
Айрим корхоналар солиқ органидан минимал қийматдан келиб чиққан ҳолда мол-мулк солиғи бўйича аниқлаштирилган бўнак маълумотномаларини тақдим этиш зарурати тўғрисида билдиришнома олишди. Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА ва ДСҚ Ресурс солиқлар маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Нодир ҚОДИРОВ тушунтиришди:
– Солиқ кодекси ва Президентнинг қарори нормалари, шунингдек Молия вазирлигининг 22.02.2022 йилдаги ахборот хабари қуйидагича хулоса қилиш имконини беради:
1-вазият. Корхонада бино ва иншоотларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати минимал қийматдан ошган. Корхона 2022 йил 1 февралга қадар ўртача йиллик қолдиқ қийматдан келиб чиққан ҳолда бўнак маълумотномасини тақдим этиши керак бўлган. Кейинги даврларда бундай корхоналар томонидан аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этилмайди (СКнинг 417-моддаси 7-қисмида келтирилган бошқа асослар бундан мустасно).
2-вазият. Корхонада бино ва иншоотларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати минимал қийматдан паст. Агар корхона 1 февралга қадар бўнак маълумотномасини ёки 2022 йил 1 апрелга қадар уни минимал қийматдан келиб чиқиб тақдим этган бўлса, кейинги даврларда аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этиш шарт эмас (СКнинг 417-моддаси 7-қисмида келтирилган бошқа асослар бундан мустасно).
Баъзи корхоналар солиқ органларидан билдиришнома олишди. Бу маълумотноманинг илгариги шакли (электрон ҳисоботда шакллар кодлари: 10401-15-сон-ойлик, 10401-16-сон-чораклик) солиқ органларига юқорида кўрсатилган вазиятни таҳлил қилиш имконини бермаганлиги билан боғлиқ. Мол-мулк солиғи бўйича янги шакл бўйича маълумотнома тақдим этиш солиқ ҳисоб-китобида хатоларни энг кам даражага туширади. Янги шакл бўйича маълумот тақдим этган солиқ тўловчиларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.
Шу боис билдиришнома юзасидан солиқ органига аниқлаштирувчи ахборот билан жавоб йўллашни тавсия қиламиз.
3-вазият. Корхона 2022 йил 1 февралга қадар солиқ органига мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан келиб чиққан ҳолда маълумотнома тақдим этди ва тақдим этилган ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда 2022 йил 1 апрелга қадар бўлғуси баҳолаш ҳақида хабардор қилди. Мустақил баҳолаш якунлангач, у аниқлаштирилган бўнак маълумотномасини тақдим этиши керак. Буни баҳолаш тугагандан кейин 30 кунлик муддатда, бироқ 2022 йил 1 октябрдан кечиктирмай амалга ошириш зарур.
Шунга қарамай, бундай корхоналарнинг ҳам билдиришномага жавоб беришлари мақсадга мувофиқдир. Хабарнома шакли бир хиллаштирилмаганлиги боис, корхоналар баҳолаш тўғрисидаги хабарномани солиқ органларига ўз кабинетлари орқали эркин шаклда юборишди. Автоматлаштирилган тизимнинг имкониятлари мурожаатларнинг умумий массасидан бундай хабарномаларга тааллуқли хабарларни ажратиш имконини бермади. Шу сабабли корхона томонидан билдиришномага аниқлаштирувчи ахборот билан олинган хабарномага ҳавола берган ҳолда жавоб йўлланиши фақат олқишланади.
4-вазият. Корхона 2022 йил 1 февралга қадар мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан келиб чиққан ҳолда маълумотнома тақдим этди. 2022 йил 1 апрелга қадар у аниқлаштирилган бўнак маълумотномасини тақдим этмади ва солиқ органларини бўлғуси баҳолаш тўғрисида хабардор қилмади. Корхона энг қисқа муддатда мол-мулкнинг минимал қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этиши лозим.
5-вазият. Корхона 2022 йил 1 февралга қадар мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан келиб чиққан ҳолда бўнак маълумотномасини тақдим этди. Тақдим этилган ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда у солиқ органларини 2022 йил 1 апрелга қадар бўлғуси баҳолаш ҳақида хабардор қилди. Агар 1 октябрга қадар у мустақил баҳолашни ўтказмаса, корхона минимал қийматдан келиб чиққан ҳолда аниқлаштирилган бўнак маълумотномасини бериши зарур бўлади. Бунда бўнак тўловларига 2022 йил февралдан бошлаб солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.
6-вазият. Корхона 2022 йил 1 февралга қадар мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан келиб чиққан ҳолда бўнак маълумотномасини тақдим этди. Тақдим этилган ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда у солиқ органларини 2022 йил 1 апрелга қадар бўлғуси баҳолаш ҳақида хабардор қилди.
Баҳолаш натижалари бўйича баҳоланган қиймат минимал қийматдан юқори бўлди, бироқ солиқ тўловчилар минимал қийматдан келиб чиққан ҳолда мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш ҳуқуқига эга.
Бу ҳолда аниқлаштирилган маълумотномани баҳолаш якунлангандан кейин 30 кунлик муддатда топшириш зарур. Баҳолашнинг ўзи 2022 йил 1 октябрдан кечиктирмасдан ўтказилган бўлиши керак. Бунда бўнак тўловларига СКнинг 417-моддасининг 7-қисмида назарда тутилган тартибда солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.
7-вазият. Корхона минимал қийматдан келиб чиққан ҳолда бўнак маълумотномасини тақдим этди. 2022 йил 1 октябрга қадар у мустақил баҳолашни ўтказди, унинг натижалари минимал қийматдан юқори бўлди. Бу ҳолда аниқлаштилиган маълумотномани тақдим этиш шарт эмас.
Кадастр билан таққослаш тўғрисида
Солиқ тўловчилар кадастр маълумотлари билан тафовут мавжуд бўлган тақдирда таққослашни амалга оширадилар. Солиқ органлари кадастр органларининг кўчмас мулк объектлари майдонлари тўғрисидаги маълумотларининг бўнак маълумотномасининг янги шаклида автоматик тарзда акс эттирилишини таъминлаганликлари боис, фақат мавжуд маълумотлар ҳақиқий маълумотлардан оғган тақдирда кадастр билан таққослашни ўтказиш талаб қилинади.