Маркетплейс билан ишласангиз, қандай солиқ хавфлари юзага келади

preview

“Маркетплейслар тобора оммалашиб бормоқда.  Шу сабабли, 2022 йил 18 августда бўлиб ўтган вебинар жуда долзарб мавзуга бағишланди. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу вебинар маърузачиси – солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ўз фикри билан ўртоқлашди ва турли етказиб берувчилар товарлари ва хизматлари сотиладиган интернет-майдон очмоқчи бўлганларни қандай солиқ хавфлари кутаётганлигини тушунтирди”.

 

– Асосий солиқ хавфлари товарлар етказиб берувчилар ва маркетплейслар ўртасидаги муносабатларда мужассамлашган.

Агар маркетплейс етказиб берувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларда иштирок этса, шартнома тузилмаларининг бир нечта вариантлари мавжуд:

Шартнома

Маркетплейснинг солиқ базаси

Етказиб берувчининг солиқ базаси

Агентлик шартномаси (маркетплейс товарлар сотувчисига товар тўғрисидаги маълумотни жойлаштириш, буюртма тўғрисидаги ахборотга ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатади). Харидордан тушган пуллар “товар сотувчисининг ҳисобварағидан ўтади”

Агентлик хизматлари учун етказиб берувчидан тушган тўлов. Қоидага кўра, хизматлар учун тўлов миқдори маркетплейс майдони орқали реализация қилинган товарнинг сонига боғлиқ

Харидор томонидан товар учун тўланган барча сумма

Хизматлар кўрсатишга доир шартнома

(маркетплейс товарлар сотувчисига товар тўғрисидаги маълумотни ўз майдонида жойлаштириш, товарни тарғиб қилиш ва ҳоказо бўйича хизматлар кўрсатади). Харидордан тушган пуллар “товар сотувчисининг ҳисобварағидан ўтади”

Кўрсатилган хизматлар учун етказиб берувчидан тушган тўлов. Қоидага кўра, тўлов миқдори маркетплейс майдони орқали реализация қилинган товарнинг сонига боғлиқ эмас

Харидор томонидан товар учун тўланган барча сумма

Топшириқ шартномаси (бу товарни реализация қилишда маркетплейс томонидан катта миқдорда юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга оширишни назарда тутадиган энг мураккаб вариант). Маркетплейс ўз ресурсларида жойлаштиришни амалга оширади, буюртмани қабул қилади ва унга хизмат кўрсатади, шу жумладан ўз ҳисобварағига товар учун пул олади, товарни етказиб беришни амалга оширади, комитент номидан ЭҲФ тақдим этади

Воситачилик ҳақи

Харидор томонидан товар учун тўланган барча сумма

 

Шу тариқа, маркетплейс солиқларни тўлаш нуқтаи назаридан икки хил аҳамиятга эга бўлиши мумкин: солиқ тўловчи ва солиқ агенти сифатида.

 

Маркетплейс – солиқ тўловчи

Маркетплейс ва етказиб берувчилар ўртасидаги шартноманинг солиқ хавфлари асосан унинг шартларига боғлиқ.

Уларнинг пухта ишланмаганлиги ёки умуман мавжуд эмаслиги солиқ органлари томонидан бундай шартнома солиқлардан қочиш учун йўналтирилган қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) шартнома деб эътироф этилишига олиб келиши мумкин.

Солиқчилар қуйидаги ҳолларда шартномаларни (биринчи навбатда - агентлик шартномаларини) кўзбўямачилик учун тузилган (қалбаки) шартномалар деб эътироф этишлари мумкин:

  • маркетплейс пул маблағларини етказиб берувчига товар сотилгунга қадар ўтказган;
  • шартномада  сана кўрсатилган бўлиб, маркетплейс шу санадан кейин етказиб берувчига товар учун пул маблағларини тўлаши керак;
  • маркетплейс сотишлар бўйича ҳисоботларни шакллантирмайди ёки ушбу ҳисоботлар тузилган шартномаларга мувофиқ келмайди;
  • маркетплейсда товарни реализация қилиш учун реал имкониятлар мавжуд эмас (маркетплейс хўжалик фаолиятини юритмайди).

Тегишинча, маркетплейс тегишли шартларни батафсил ишлаб чиқиши керак, акс ҳолда солиқларни қайта ҳисоблашига тўғри келади.

Шартнома шартларидан ташқари, маркетплейс учун солиқ базасини аниқлаш мураккабликни келтириб чиқаради. У, агент сифатида, харидорларни топишда ёрдам беради, сотишлар бўйича ҳужжатлар сотувчи томонидан расмийлаштирилади, у битим бўйича барча харажатларни амалга оширади ва барча даромадларни олади. Бажарилган топшириқ учун маркетплейс ўз ҳақини олади. Бунда битим бўйича пуллар агент орқали ўтиши мумкин, бу меъёрда расмийлаштирилган ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, фақат агентлик ҳақини эмас, балки битимнинг бутун суммасини агентнинг даромади деб ҳисобланишига олиб келиши мумкин.

 

Фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ

Фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида воситачига ёки бошқа ишончли вакилга воситачилик, топшириқ шартномаси ёки воситачилик хизматлари кўрсатишга доир бошқа шартнома бўйича мажбуриятларни бажариши муносабати билан, шунингдек воситачи ёки бошқа ишончли вакил томонидан комитент ёхуд бошқа ишонч билдирувчи учун амалга оширилган харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан келиб тушган мол-мулк (пул мукофоти бундан мустасно) солиқ солишда ҳисобга олинмайди . Бундай харажатлар, агар тузилган шартномалар шартларида бу харажатларнинг ўрнини қоплаш назарда тутилган бўлса, воситачидан ёки ишончли вакилдан чегириб ташланмайди.

Фақат агентлик ҳақи суммасига фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ солинади. Даромадларни ҳисобга олиш усули катта аҳамиятга эга бўлади. Ҳисоблаш усулида (фойда солиғи учун) товар ёки хизматни сотиш куни даромад олиш куни ҳисобланади. Бунда СКнинг 78-моддасига мувофиқ сотишдан олинган пуллар агентга қачон келиб тушиши аҳамиятга эга бўлмайди. Маркетплейслар сотувчига сотишлар тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш санасини - даромад олиш куни деб ҳисоблаганда, хато қилади.

 

ҚҚС

Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимида маркетплейс ўз ҳақининг 15%и миқдорида ҚҚС ҳисоблаб чиқариши керак.

СКнинг 242-моддасига мувофиқ хизматлар кўрсатилган сана (сотувчи томонидан маркетплейснинг ҳисоботи асосида расмийлаштирилган ЭҲФни имзолаш, тасдиқлаш) реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган санадир.

Маркетплейс ўз ҳақи суммасини харидорнинг маблағларидан (у томондан харид қилинган товарлар ёки хизматлар учун тўловдан) ёки етказиб берувчининг маблағларидан ушлаб қолиши мумкин.

Бироқ маркетплейс товарлар етказиб берувчиси номидан ЭҲФ тақдим этиш мажбуриятини оммавий офертада ёзиши керак.

 

Маркетплейс сотувчи - жисмоний шахс учун солиқ агенти сифатида

Солиқ агентига учта асосий функция юклатилади :

  • солиқ тўловчи учун солиқларни ҳисоблаб чиқариш;
  • ушлаб қолиш;
  • бюджетга ўтказиш.

Одатда бундай функция иш берувчи билан боғланади ва маркетплейс фақат ходимларга ёки қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда норезидентларга нисбатан солиқ агенти бўлиши керак.

“Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига асосан электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахс электрон тижорат иштирокчисидир. Электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.

Шу боис, ушбу нормадан келиб чиққан ҳолда, агар жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлса, у сотувчи бўлиши мумкин эмас.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади