Давлат идораларининг маълумотлар базаларидан фойдаланиш имконияти

preview

Хўжалик юритувчи субъектлар давлат идораларининг маълумотлар базаларидаги маълумотлардан пуллик асосда фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 20.09.2022 йилдаги “Идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ва маълумотларнинг ахборот алмашинувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 516-сон қарори ва у билан тасдиқланган Электрон ҳукумат” тизимининг Рақамли маълумотлар платформаси орқали электрон ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган. Бу ҳақда norma.uz ёзмоқда:


  • ушбу платформага хавфсиз VPN тармоғи орқали уланиш мумкин;
  • платформага уланиш учун хўжалик юритувчи субъектлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказига сўров юборади;
  • ижобий қарор қабул қилинганда Марказ ва фойдаланувчи ўртасида шартнома тузилади;
  • фойдаланувчи қизиқтирган маълумотни тегишли сўровларни юбориш орқали олади. Қизиқиш предметига боғлиқ ҳолда сўров қиймати БҲМнинг 0,1%идан БҲМнинг 2%игача миқдорда ўзгаради;
  • платформа орқали фойдаланувчилар ўз маълумотларини шартнома асосида бошқа фойдаланувчиларга тақдим этишлари мумкин. 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.09.2022 йилда кучга кирди.

Norma.uz маълумотлари асосида