Текширувларни рўйхатга олиш китобининг қоғоз шакллари бекор қилинди

preview

2022 йил 19 октябрдан бошлаб Текширувларни рўйхатга олиш китоби фақат электрон форматда тўлдирилади. Бу 19.10.2022 йилдаги 611-сон ВМҚда назарда тутилган. Тафсилотлар билан norma.uz порталида танишасиз:

 

Мансабдор шахс текшириш бошланишига қадар Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига қуйидаги маълумотларни киритиши лозим:

  • «Ягона давлат назорати» тизимида рўйхатдан ўтказилган текшириш рақами;
  • текширув ўтказаётган назорат қилувчи орган номи;
  • текширув ўтказаётган мансабдор шахсларнинг Ф.И.Ш.;
  • махсус гувоҳнома рақами (маълумотлар тизимдаги маълумотлар билан тўғри келмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектида текширув ўтказилишига йўл қўйилмайди);
  • тадбиркорлик субъектининг манзили;
  • текширув ўтказиш учун асос бўлган буйруқ рақами ва санаси;
  • текширув тури (бунда тизимда мавжуд бўлган текшириш тури ва унинг махсус коди кўрсатилади);
  • текширув муддати;
  • аудитор ва экспертлар жалб қилинган тақдирда – уларнинг Ф.И.Ш., иш жойи, фаолият йўналиши, уларни жалб қилишга асос бўлган шартнома рақами ва санаси.

611-сон ВМҚ билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Назорат қилувчи органларнинг «хавфни таҳлил этиш» тизимларига қўйиладиган минимал талаблар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.10.2022 йилдан кучга кирган.

Norma.uz материаллари асосида