Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2024 йилга қадар бухгалтерия ҳисобида нималар ўзгаради
Молия вазирлиги “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни тайёрламоқда. Мақсад – бухгалтерия ҳисоби тизимини амалдаги СК билан келишиш, қонунда МҲХСнинг жорий этилишини ҳисобга олиш ва бухгалтерларнинг касб малакасини оширишга кўмаклашиш ҳисобланади. Ўзгартиришлар бухгалтерларнинг малакаси ва бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматлар тақдим этувчи аутсорсинг ташкилотлари фаолияти масалаларига дахл қилади.
Нималар ўзгаришини buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси департаменти директори Иброҳим АҲМАДХОНОВ тушунтирди:
– 2024 йилга келиб бухгалтерия ҳисобига қўйиладиган барча янги талабларни ҳисобга оладиган сифат жиҳатдан янги қонун пайдо бўлиши керак. Ва бундай талаблар охирги йилларда талайгина тўпланиб қолган.
Биринчидан, 2019 йилда Солиқ кодексининг янги таҳрири қабул қилинган, унга асосан солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобидан ташқари солиқ ҳисобини юритадилар. Яъни ушбу иккита ҳисоб – ажратилган. “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунда бу акс эттирилмаган.
Иккинчидан, 24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон қарорга асосан акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва юридик шахслар – йирик солиқ тўловчилар 2021 йил 1 январдан бошлаб, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлайди.
“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунни МҲХС, шу жумладан – унда қўлланиладиган терминология нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозим.
Мисол учун, Қонуннинг 7-моддасига асосан активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, захиралар, даромадлар, харажатлар, фойда, зарарлар ва уларнинг ҳаракати билан боғлиқ хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобининг объектларидир. Молиявий ҳисоботларни тақдим этишнинг Концептуал асосларига (МҲХС) асосан эса активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатлар молиявий ҳисоботнинг элементлари ҳисобланади. Аниқ ва тушунарли.
Учинчидан, ПҚ-4611-сон қарор БҲМСни такомиллаштириш ва уларни МҲХС билан уйғунлаштиришни назарда тутади. Молия вазирлиги бу масалада МҲХС Жамғармаси ва ОТБ билан ҳамкорлик қилади. Хусусан, ҳозир кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун МҲХС асосида ягона Молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистонда молиявий ҳисобот стандартларининг икки поғонали тизими шакллантирилади. Қонуннинг янги таҳририда ким МҲХС бўйича, ким эса – миллий стандарт бўйича ишлаши кераклигини ёзиш керак.
Тўртинчидан, Қонунга молиявий ҳисоботни бунинг учун махсус яратилган ресурсда очиқ фойдаланиш имконияти билан эълон қилиш тўғрисидаги нормани киритиш лозим. Бизнинг бизнесимиз маълумотларни ошкор этишга кўникмаган, бироқ вақт ўтиши билан бу заруратга айланади. Бундай амалиётни жорий этган мамлакатлар тажрибасининг кўрсатишича, молиявий ҳисоботни очиқ фойдаланиш имконияти билан эълон қилиш катта фойда келтиради. Тадбиркорларга ишончли ва тўлов қобилиятига эга бўлган ҳамкорларни излаш осонлашади.
Бешинчидан, Қонуннинг 25-моддаси ўзгартиришлар киритилишини талаб қилади, унда чораклик ҳисоботларни топшириш талаби мавжуд. 10.11.2022 йилдаги ПҚ-419-сон қарорга асосан 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб бухгалтерия ҳисоби субъектларига – ҳар чоракда молиявий ҳисоботни солиқ ва статистика органларига тақдим этиш талаби бекор қилинади.
Чораклик молиявий ҳисоботлар айрим тадбиркорларга мураккабликлар туғдираётганлиги тўғрисидаги фикрга қўшилмаслик мумкин эмас. Лекин ҳисоботнинг бундай турларидан манфаатдор хўжалик юритувчи субъектлар ҳам кўп. Мисол учун – акциядорлик жамиятлари. Очиқлик уларни биржаларда анча жозибадор қилади.
Олтинчидан, кадрларга доир масалалар ҳам эътиборга молик. Қонуннинг амалдаги таҳририда “профессионал бухгалтер”, “сертификатланган профессионал бухгалтер”, “дипломли профессионал бухгалтер” ва ҳоказо каби тушунчалар мавжуд эмас. Ушбу камчиликни бартараф этиш лозим.
Қонуннинг 12-моддасига асосан мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбари (банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан ташқари) қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
- олий маълумотга эга бўлиши;
- иш стажига эга бўлиши.
Олий маълумот мавжудлигининг ўзи қандай қилиб йирик компания бухгалтерининг малакасини тасдиқлайди, деган савол туғилади?
Қонуннинг янги таҳририда ташкилот фаолиятининг хусусиятлари, унинг даражаси ва кўламига боғлиқ ҳолда бухгалтерларнинг малакасига қўйиладиган минимал талабларни белгилаш таклиф қилинмоқда.
Еттинчидан, бухгалтерия ҳисоби соҳасида аутсорсинг хизматлари тақдим этувчи компаниялар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бироқ амалдаги қонун ҳужжатларида уларга қўйиладиган талабларни, шу жумладан:
- бундай хизматлар сифатини назорат қилишни тартибга солувчи талаблар;
- ходимлар малакасига талабларни белгиловчи ва Профессионал бухгалтерлар одоб-ахлоқига риоя этишни белгиловчи талаблар;
- манфаатлар тўқнашуви имкониятини истисно қилувчи талабларни белгиловчи нормалар мавжуд эмас.
Саккизинчидан, Бухгалтерия ҳисоби методологиясини ривожлантириш кенгаши фаолиятини аниқлаштириб ёзиш лозим. У бир томондан бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ва иккинчи томондан Молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа давлат тартибга солиш органлари ўртасида кўприк бўлиши керак. Методологик муаммолар, биринчи навбатда, ижтимоий тармоқларда эмас, балки айнан Кенгашда муҳокама қилиниши керак. Ва ушбу орган уларни тезкор тарзда ҳал қилишга кўмаклашиши керак. Бу самарали ишлаши учун ўзаро ҳамкорлик механизмларини Қонунда ёзиш керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади