Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Харажатларга ва бошқа даромадларга бир томонлама ЭҲФни ким тақдим этади
2022 йил 23 ноябрдан Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 59-1-б. кучга кирди. Унда солиқ солиш объектини тўғри аниқлаш учун бир томонлама ЭҲФни тақдим этиш керак бўлган харажатлар ва бошқа даромадлар рўйхати белгиланган.
Вuxgalter.uz илтимосига кўра ДСҚ солиқ солиш услубияти департаменти мутахассислари ушбу нормани қўллаш тафсилотларига аниқлик киритдилар:
– Ушбу нормага мувофиқ, қуйидагилар солиқ солиш объектини тўғри аниқлаш учун бир томонлама умумлаштирилган ЭҲФни тақдим этадилар:
1) умумбелгиланган солиқларни тўловчилар қуйидаги ҳолларда:
- акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш ёки қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган, шу жумладан акциз тўланадиган шундай хом ашё ва материалларнинг маҳсули бўлган, акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига ишлаб чиқарувчи томонидан топшириш;
- акциз тўланадиган товарлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
- акциз тўланадиган товарларни реализация қилиш нархи ва таннархи ўртасида ижобий фарқ бўлган;
- Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган ва (ёки) Ўзбекистон божхона ҳудудига импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларнинг бузилиши, йўқотилиши, яроқсизлиги, камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши;
2) айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар қуйидагиларга:
- узоқ муддатли шартномалар бўйича даромадлар;
- РЕПО операциялари бўйича даромадлар;
- қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича олинган даромадлар;
- асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар;
- текинга олинган мол-мулк (олинган хизматлар);
- инвентаризация натижасида аниқланган мол-мулкнинг қиймати тарзидаги даромадлар;
- қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар;
- талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромадлар;
- илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромадлар;
- шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари;
- валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошиши;
- акциядор (мулкдор, иштирокчи, муассис) юридик шахс фойдасига ўз улушининг (улуши бир қисмининг) қийматини олишдан воз кечиш натижасида УФ (УК) камайиши муносабати билан олган даромадлар ёки юридик шахснинг УФ шакллантирилганда (кўпайтирилган ёки камайтирилганда);
- СК VII бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади;
- дивидендлар тарзида олинган даромадлар;
- фоизлар тарзида олинган даромадлар.
– Бундай ҳисобварақ-фактуралар қандай муддатларда ва қандай даврийлик билан тақдим этилиши керак?
– Низомнинг 59-б. мувофиқ, умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама ЭҲФ календарь ойдан кейинги ойнинг 5-кунига қадар – календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан шакллантирилади.
– Бундай ЭҲФни шакллантириш чоғида у тақдим этиладиган даромадлар ёки харажатлар турини аниқлаштириш керакми? Бу қандай амалга оширилади?
– Ҳа, керак. Электрон ҳужжат айланиши тизимида тегишли устунларда бошқа даромадларга бир томонлама ҳисобварақ-фактурани шакллантиришингизни кўрсатганингиздан сўнг МХИК устунида тавсия чиқиб келади. Унда Низомнинг 59-1-б. қайд этилган барча турдаги харажатлар ва бошқа даромадлар санаб ўтилган, уларнинг ҳар бирига ўз МХИКи берилган. Тавсия этилганлар орасидан ўзингиз учун керагини танланг.
– Бундай бир томонлама ЭҲФ ҚҚС, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани шакллантиришга қандай таъсир кўрсатади?
– СК 238-м. ва СК 239-м. мувофиқ, бундай ЭҲФда кўрсатилган даромадлар ва харажатлар ҚҚС солиш объекти деб ҳисобланмайди. Шу билан бирга, СК 284-м. ва СК 463-м. мувофиқ, уларга тегишинча акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.