Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ўтган солиқ даври учун НКМ чекига қандай тузатиш киритилади
«ҚҚС тўловчи корхона 2022 йил декабрь ойининг бошида текширувдан олдинги таҳлил натижаларига кўра 2021 йил апрель ойида онлайн-НКМ орқали ҚҚС суммасисиз чек урилгани ҳақида хат олди. Биз хатони топдик, ҚҚС суммаси қўшимча ҳисобланишига қўшиламиз. Бироқ, ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топшириш учун чекка тузатиш киритиш ва унда 2021 йил апрель ойи учун ҚҚСни кўрсатиш керак, бунинг эса имкони йўқ. Бу ҳолда нима қилиш лозим?».
Ушбу саволга «Норма» эксперти Миржалол МИРФАЁЗОВ жавоб берди:
– Текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органи тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар борлигини аниқласа, солиқ тўловчи шахсий кабинет орқали бу ҳақда хабарнома олади . У хабарнома олган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт. Бундай мажбуриятнинг бажарилмаганлиги камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади .
НКМ чекидаги хатони тузатиш мумкин. Бунинг учун my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетдаги «Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар ҳақида ахборот» интерактив хизмати функционали («Чекни тузатиш» иловаси) ёрдамида тузатувчи касса чекини шакллантиринг . Бироқ, муаммо шундаки, тафовутлар аниқланган ойдан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай чекка тузатиш киритиш мумкин.
Эътибор беринг: аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш – Солиқ кодексининг талаби. Демак, бу ҳолда солиқ хизматига аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этишингиз ёки тафовутларни асослаб беришингиз шарт. Айниқса, хатоингизни тан олиб, солиқнинг қўшимча тўланишига рози бўлсангиз ва аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этишга тайёр бўлсангиз.
Солиқ ҳисоботига ўзгартиришларни киритиш учун 2021 йил апрель ойи учун онлайн-НКМ чекларига тузатиш киритиш имконини беришни сўраб солиқ хизматига мурожаат қилишингиз керак деб ўйлайман. Буни шахсий кабинет орқали «Мурожаатларни жўнатиш» хизмати ёрдамида амалга ошириш мумкин..