Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Воситачилар айланмадан олинадиган солиқни тўлашлари мумкинми
“Воситачилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари айланмадан олинадиган солиқни қандай ставка бўйича тўлайдилар? Илгари – 25% бўлган, лекин СКнинг сўнгги таҳририда субъектларнинг ушбу гуруҳи умуман ажратилмаган. Воситачилар айланмадан олинадиган солиқни тўлашлари мумкинми?”
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– 2022 йилда воситачилик, топшириқ ва ҳоказо шартномалар бўйича воситачилик хизматларини кўрсатувчи солиқ тўловчилар, шу жумладан – телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматлари кўрсатувчи ЯТТ айланмадан олинадиган солиқни 25% ставка бўйича тўлашган. Аммо СК 467-моддасининг амалдаги таҳририда бундай солиқ тўловчилар алоҳида тоифага ажратилмаган ва ушбу модданинг 1-бандига асосан солиқни 4% ставка бўйича тўлайдилар ёки қатъий белгиланган суммада солиқни тўлашни танлашлари мумкин.
Воситачилик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари айланмадан олинадиган солиқни тўлашлари мумкин, башарти уларнинг айланмаси бир йилда 1 млрд сўмдан ошмаса. Бу борада бошқа чекловлар мавжуд эмас.
Агар нормага амалий нуқтаи назардан қаралса – бугунги кунда воситачилик фаолиятида 1 млрд айланмани тўплаш мураккаб эмас. Шу боис кўп воситачилар эртами-кеч фойда солиғи ва ҚҚСга ўтадилар. Мен буни шунинг учун айтяпманки, бир қарашда айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ставкасининг 25%дан 4%гача ақл бовар қилмайдиган даражада камайтирилиши, шубҳасиз, стартаплар ва олисдаги бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида ишлайдиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Эҳтимол, тажрибасиз тадбиркорларга ушбу ставка солиқни мақбуллаштириш нуқтаи назаридан жозибали кўринади. Аммо бизнесни сунъий равишда бўлиш – муаммони ҳал қилишнинг энг яхши варианти эмаслигидан огоҳлантирмоқчиман. 2023 йилдан бошлаб қонунчиликка бизнесни бўлиш тушунчаси ва мезонларини жорий этишни режалаштиришган, лекин қарор кечиктирилди. Ушбу ташаббус яқин келажакда рўёбга чиқиши шубҳасиздир.
Воситачилик хизматларининг ўзига хос хусусияти шундаки, бунда барча айланмаларни кузатиб бориш осон. Агар ушбу соҳада ўз бизнесингизни ривожлантиришни хоҳласангиз, узоқ вақт 4% ставка бўйича, худди шундай қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлмаслигингизга тайёр бўлинг. Сизнинг истиқболингизда ҳар қандай ҳолда – ҚҚС ва фойда солиғи.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади