Меҳнат таътилининг давомийлигини қандай ҳисоблаб чиқариш керак

26.04.2023
author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– таътилнинг календарь кунларини қандай ҳисоблаш керак;
– агар ходим таътил вақтида касал бўлиб қолса.

 

Эътибор беринг
Тавсия 2023 йил 30 апрелдан бошлаб амал қилади ва янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ёки амалдагилари янгиланганидан сўнг аниқлаштирилиши мумкин.

Таътилнинг календарь кунларини қандай ҳисоблаш керак

Ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади . Бу таътилнинг давомийлиги ҳисоб-китобига дам олиш кунлари, шу жумладан якшанба кунлари ҳам киритилишини англатади. Таътил даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари эса унинг давомийлигини аниқлашда ҳисобга олинмайди.

Қуйидагилар иш куни ҳисобланмайдиган байрам кунлари ҳисобланади :

  • 1 январь – Янги йил;
  • 8 март – Хотин-қизлар куни;
  • 21 март – Наврўз байрами;
  • 9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь – Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

Шу тариқа, агар ушбу байрам кунларидан қайси бири таътил даврига тўғри келса, у таътил давомийлиги ҳисоб-китобига киритилмайди.

Эслатиб ўтамиз

Меҳнат таътили ҳар йили иш йили давомида берилиши керак . Ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас .

Агар таътилдан чиқиш дам олиш кунига тўғри келса, ходим ундан кейин келадиган иш кунида ишга тушиши керак.

Мисол
Таътил давомийлигини ҳисоб-китоб қилиш

Ходимга 2023 йил 1 майдан бошлаб давомийлиги 25 календарь кундан иборат бўлган ҳар йилги асосий таътил берилади. Таътил даврига тўғри келадиган 9 май унинг давомийлигини аниқлашда ҳисобга олинмайди. Ташкилотда шанба ва якшанбада иккита дам олиш куни билан 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган.

Шу тариқа, 26 май таътилнинг сўнгги куни бўлади. Ишга чиқиш – 29 майда, сабаби 27–28 май – дам олиш кунлари.

Эътибор беринг

2023 йилда ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлиги Президентнинг 2022 йил 23 декабрдаги ПФ-270-сон Фармонида белгиланган қўшимча ишланмайдиган кунларга қисқартирилмайди.

Батафсил «2021–2022 йиллар учун 2023 йилда тақдим этиладиган таътил қисқартириладими» тавсиясига қаранг.

Меҳнат кодексининг 218-моддасида назарда тутилган ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар ҳам календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади (масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар ва 18 ёшгача бўлган шахсларга – 30 календарь кун).

Эътибор беринг
Таътиллар давомийлигини календарь кунларда ҳисоблаб чиқаришнинг умумий қоидаларидан истисно мавжуд. Айрим тоифадаги ходимлар учун таътил 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда, календарь бўйича иш кунларида ҳисоблаб чиқарилади. Бундай ҳоллар қонунчиликда белгиланади, бироқ ҳозирча бундай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаган.

Ҳатто ходим иш йилида тўлиқ ишлаб бермаган бўлса ҳам, тўлиқ давомийликдаги ва тўлиқ ҳақ тўлаш билан ҳар йилги меҳнат таътилини олади. Аммо, баъзан таътилнинг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш зарурати юзага келади. Бу ҳақда батафсил «Қачон ва қандай қилиб таътилнинг давомийлиги ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади» тавсиясига қаранг.

Агар ходим қўшимча таътиллар олишга ҳақли бўлса, кадрлар бўйича мутахассис уларнинг умумий давомийлигини тўғри ҳисоблаб чиқариши керак. Бу ерда ўзига хос жиҳат мавжуд. Батафсил «Асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари қандай жамланади» тавсиясига қаранг.

Агар ходим таътил вақтида касал бўлиб қолса

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида таътилни узайтириш ёки уни кўчириш ҳуқуқига эга .

Масалан, ходимга 2023 йил 1 августдан 21 августгача 21 календарь кун таътил тақдим этилган. 10 августдан бошлаб ходим касал бўлиб қолди ва 14 августга қадар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этди. Яъни вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври 5 кунни ташкил этди.

Касал бўлган кунларини айирган ҳолда, ходим томонидан 1 августдан 21 августгача қанча таътил кунларидан фойдаланилганлигини ҳисоблаб чиқариш лозим. Бу 16 календарь кун. Ходимда 5 кун таътилнинг фойдаланилмаган қисми қолди. Шундан сўнг иккита вариантнинг эҳтимоли мавжуд:

  • таътил ушбу 5 кунга узайтирилади;
  • ходим билан иш берувчининг келишувига кўра 5 кунлик қолдиқ бошқа муддатга кўчирилади .

Биринчи вариант: таътил 22 августдан 26 августга қадар узайтирилади. Чунки ишга чиқиш куни якшанба, 27 августга тўғри келади, ходим душанба, 28 августда ишга тушади.

Қуйидаги мазмундаги буйруқ чиқарилади:

«Бухгалтер Ш.Б. Нормуродованинг меҳнат таътили даврида содир бўлган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги муносабати билан, унинг аризасига кўра, меҳнат таътили 2023 йил 26 августга қадар узайтирилсин.

Ишга чиқиш – 2023 йил 28 августда.

Асос: сер-43, 222222-сон вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси;

Ш.Б. Нормуродованинг 2023 йил 22 августдаги аризаси.»

Иккинчи вариант: касаллик муносабати билан таътилнинг фойдаланилмаган қисми бошқа вақтга кўчирилади. Ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва меҳнат таътилининг фойдаланилмаган кунларини бошқа вақтга кўчириш илтимоси билан ариза тақдим этган ҳолда 2023 йил 22 августдан ишга тушади. Бу ҳолда қуйидаги мазмундаги буйруқ чиқарилади:

«Бухгалтер Ш.Б. Нормуродова 2023 йил 22 августда навбатдаги меҳнат таътилидан қайтган ва ишга тушган деб ҳисоблансин.

Ходимнинг меҳнат таътили даврида содир бўлган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги муносабати билан, таътилнинг фойдаланилмаган 5 календарь куни қўшимча аризага биноан бошқа вақтда тақдим этилсин.

Асос: сер-43, 222222-сон вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси;

Ш.Б. Нормуродованинг 2023 йил 22 августдаги аризаси.»

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг