2025 йил учун коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ижара тўловининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби

preview

«2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун (24.12.2024 й. ЎРҚ-1011-сон) билан кўчмас мулк ва автотранспортни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари тасдиқланди. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият органларига туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасига қараб кўчмас мулк бўйича ижара ставкаларига оширувчи коэффициентларни жорий этиш ҳуқуқи берилган.

Buxgalter.uz илтимосига кўра оширувчи коэффициентлар билан ижара тўлови ставкаларини қўллаш тартибини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ХАМРОЕВ тушунтириб берди:


2025 йил учун кўчмас мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари  

Ижарага бериладиган мулк тури

Белгиланган ставка миқдорини тавсифловчи кўрсаткич

Ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдорлари, сўмда.

 Ташкент ш.

Нукус ш., вилоят марказлари 

бошқа аҳоли пунктлари 

Хоналар:

турар жой хонаси

умумий майдоннинг 1 кв. метри учун

28 000

13 500

5 500

нотурар жой хонаси

45 000

26 500

11 000

 

Ставкалар жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкни ижарага беришдан олган даромадларини солиққа тортиш мақсадида қўлланилади, шунингдек кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномаларига ҳам татбиқ этилади (яқин қариндошлар ўртасидаги шартномалар бундан мустасно) (24.12.2024 й. ЎРҚ-1011-сонга 8-илова).

 

Ўзбекистонда ижара тўловининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби

Солиқларни камайтиришнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат жисмоний ва юридик шахслар учун солиққа тортиш мақсадида ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилайди. Бунда 2025 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасига қараб турар жой ва нотурар жой хоналари бўйича ижара тўловининг энг кам ставкаларига 2,0 гача оширувчи коэффициентни жорий этишга ҳақли (24.12.2024 й. ЎРҚ-1011-сон 12-м.).

Тошкент шаҳрида ушбу коэффициентни ер солиғини ҳисоблаш мақсадида белгиланган ҳудудлар кесимида халқ депутатлари Кенгаши белгилайди.

 

2025 йил учун Тошкент шаҳрида кўчмас мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун оширувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ижара тўловининг энг кам ставкалари

 

Туман ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари оммавий дам олиш ва (ёки) туризмга ихтисослашган туман ва шаҳарларнинг алоҳида ҳудудларида мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига Тошкент шаҳри учун белгиланган миқдорларгача оширувчи коэффициентларни жорий этишга ҳақли.

 

Тошкент шаҳри халқ депутатлари Кенгаши қарорини (оширувчи коэффициентлар - ҳужжатга 8-илова) ҳавола орқали юклаб олиш мумкин >>>

2025 йил учун Ўзбекистон бўйича минтақалар кесимида оширувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ижара тўловининг энг кам ставкалари - бу ерда.

Ижарага берувчи шартномада ижарага олувчи билан келишилган ҳолда ижара тўловининг ихтиёрий суммасини белгилашга ҳақли. Бунда, агар шартнома бўйича ижара суммаси оширувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан кам бўлса, солиққа тортиш мақсадида солиқ базаси (ЖШДС, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ) коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган ижаранинг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, ижара тўловининг энг кам ставкаларини ҳисобга олган ҳолда солиқ тўловчиларнинг мулкни ижарага беришдан олган даромадларини солиққа тортиш тартиби текин фойдаланиш шартномаларига (ссуда шартномалари) ҳам татбиқ этилади (яқин қариндошлар ўртасида тузилган шартномалар бундан мустасно) (24.12.2024 й. ЎРҚ-1011-сон, 8-иловага изоҳ).

Мисол

Шартнома бўйича ижара тўлови суммаси оширувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган суммадан кам

Тошкентда жисмоний шахс 2-ҳудудда жойлашган 50 кв.м майдонли квартирани ижарага беради. Шартнома бўйича ойлик ижара тўлови суммаси 2 000 000 сўмни ташкил этади.

2025 йил учун Тошкентнинг 2-ҳудудида оширувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда турар жой хонаси бўйича белгиланган ойлик ижара тўловининг энг кам суммаси - 1 кв.м учун 56 000 сўм. Энг кам ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови - 2 800 000 сўм (56 000 х 50).

Шартнома бўйича ижара суммаси коэффициентни ҳисобга олган ҳолда энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан кам бўлганлиги сабабли, ЖШДС энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ижарага берувчи бюджетга тўлаши керак бўлган ойлик солиқ суммаси 336 000 сўмни ташкил этади (2 800 000 х 12%).

 

Мисол

Шартнома бўйича ижара тўлови суммаси энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган суммадан кўп

Тошкентда жисмоний шахс 2-ҳудудда жойлашган 50 кв.м майдонли квартирани ижарага беради. Шартнома бўйича ойлик ижара тўлови суммаси 3 000 000 сўмни ташкил этади.

2025 йил учун Тошкентнинг 2-ҳудудида оширувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда турар жой хонаси бўйича белгиланган ойлик ижара тўловининг энг кам суммаси - 1 кв.м учун 56 000 сўм. Энг кам ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови - 2 800 000 сўм (56 000 х 50).

Шартнома бўйича ижара суммаси коэффициентни ҳисобга олган ҳолда энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан кўп бўлганлиги сабабли, ЖШДС шартномада белгиланган ижара тўловидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ижарага берувчи бюджетга тўлаши керак бўлган ойлик солиқ суммаси 360 000 сўмни ташкил этади (3 000 000 х 12%).

 

Мисол

Жисмоний шахслар ўртасида тузилган ссуда шартномаси бўйича солиққа тортиш

Ссуда берувчи жисмоний шахс Тошкент шаҳрининг 2-ҳудудида жойлашган ўзига тегишли ҳар бири 100 кв.м майдонли иккита нотурар жой хонасини текин фойдаланишга бериш бўйича 2 та ссуда шартномаси тузган: 1-шартнома – акаси билан, 2-шартнома – дўсти билан.

Ушбу ҳолатда ссуда олувчиларнинг ҳар бирида жисмоний шахсдан текин олинган мулкий ҳуқуқ кўринишида бошқа даромад юзага келади СК 377-м. 3-б.

Бунда ссуда берувчининг акаси бўлган ссуда олувчининг даромадидан ЖШДС ундирилмайди СК 378-м. 11-б..

Ссуда берувчининг дўсти бўлган ссуда олувчининг солиққа тортиш мақсадидаги даромади 9 000 000 сўмни ташкил этади (100 х 90 000). Ундан ссуда олувчи бюджетга 1 080 000 сўм (9 000 000 х 12%) солиқ тўлаши керак.

 

Мисол

Хонани ижарага беришдан ҚҚС тўловчи корхонанинг даромадларини солиққа тортиш

ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси бўлган корхона Тошкентда (ер солиғи бўйича 4-ҳудуд) бошқа корхонага 100 кв.м майдонли нотурар жой хонасини ижарага беради. Шартнома бўйича ҚҚС билан ижара тўлови – 7 000 000 сўм. Оширувчи коэффициентли тасдиқланган энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови, ҚҚС билан – 9 576 000 сўм (100 х 85 500 х 1,12).

Ижарага олувчига 7 000 000 сўмлик ҳисобварақ-фактура тақдим этилади. Бироқ фойда солиғини ҳисоблашда ижарага берувчи жами даромадга 8 550 000 сўм (100 х 85 500) – оширувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда энг кам ставкалар бўйича ижара тўлови суммасидан келиб чиқиб ҳисобланган даромадни киритади.

Солиққа тортиш мақсадида даромадни аниқлашнинг шундай тартиби айланмадан солиқ тўловчиларига ҳам татбиқ этилади.

Агар битим нархи товарлар (хизматлар) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари ҚҚС бўйича солиқ базасини тузатишга ҳақли СК 248-м. 4-қ.. Шунинг учун ҚҚСни ҳисоблашда ижарага берувчига коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ижаранинг энг кам ставкаларини ҳам ҳисобга олиш тавсия этилади.

 

Мисол

Хонани текин фойдаланишга беришда солиққа тортиш

Корхона ссуда шартномаси бўйича бошқа корхонага Тошкентда (ер солиғи бўйича 3-ҳудуд) 100 кв.м майдонли нотурар жой хонасини беради.

ҚҚС

Бундай хизмат иқтисодий асосланган ҳоллардан ташқари, мулкни текин фойдаланишга бериш ҚҚСни ҳисоблаш мақсадида реализация қилиш бўйича айланма деб эътироф этилади СК 239-м. 2-қ. 2-б.. Бу ҳолда солиқ базаси хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади СК 248-м. 3-қ. 2-б.. Бозор қиймати сифатида оширувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда белгиланган энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган ижара қиймати қабул қилинади. Ссуда берувчи корхона ссуда олувчига ҚҚС билан 10 080 000 сўм (100 х 90 000 х 1,12) суммага «Тўловсиз» турдаги ҳисобварақ-фактурани тақдим этади.

Фойда солиғи

Фойда солиғини ҳисоблашда текин кўрсатилган хизматлар қиймати, шу жумладан улар бўйича ҚҚС – чегирилмайдиган харажатлар СК 317-м. 27-б..

Айланмадан олинадиган солиқ

Хизматларни текин кўрсатишда солиққа тортиш мақсадида реализациядан олинган даромад ушбу хизматларнинг таннархи сифатида аниқланади СК 463-м. 2-қ..

Ссуда олувчи учун текин олинган хизматлар кўринишидаги даромад жами даромадга киритилади СК 297-м. 3-қ. 10-б. СК 463-м.. Даромад суммаси ссуда берувчи ҳисоблаган ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда (10 080 000 сўм) аниқланади. ҚҚС тўловчиларда «кирувчи» солиқ ҳисобга олинмайди СК 267-м. 1-қ. 6-б..

 

 

 

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text195485_ijaraning_eng_kam_stavkalari_uzbekistonda_qullash_tartibi