Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказиш амалиёти бўйича 5 та савол
«Norma» профессионал ривожланиш марказида «Солиқ органларида онлайн-НКМни қандай рўйхатдан ўтказиш керак» номли вебинар бўлиб ўтди. Вuxgalter.uz ўқувчиларининг ҳамда «Норма» маҳсулотлари фойдаланувчиларининг саволларига «GAROV-TARAQQIYOT NKM» МЧЖ директори Шавкат АБЕРҚУЛОВ жавоб берди.
«Янги дўкон очяпмиз. Таниш тадбиркор ўзи учун кераксиз бўлиб қолган онлайн-НКМни сотиб олишни таклиф қилмоқда. Агар ушбу қурилмани янги савдо нуқтаси учун сотиб олсак, уни солиқ органларида рўйхатдан ўтказишадими? Онлайн-НКМ сотиб олаётганда нималарга эътибор бериш керак?»
– Ўзига кераксиз бўлган онлайн-НКМни тадбиркордан сотиб олиш мумкин, аммо келгусида муаммоларга дуч келмаслик учун қуйидагиларни ҳисобга олиш керак.
Биринчидан, модель онлайн-НКМ ва виртуал касса аппаратларининг давлат реестрларига киритилиши керак . Реестр Солиқ қўмитасининг сайтларида (масалан, soliq.uz сайтидаги «Хизматлар ва сервислар» – «онлайн-НКМ» иловасида) ҳамда фискал маълумотлар оператори (ofd.uz сайтида «Реестр» иловаси) очиқ. Агар кўриб чиқилаётган модель ушбу рўйхатларда бўлмаса, демак, бу қурилма эскирган ёки Солиқ қўмитаси томонидан фойдаланишга рухсат берилмаган.
Иккинчидан, онлайн-НКМ Uzcard ёки HUMO банк карталари билан тўловларни қабул қилиши керак .
Учинчидан, агар сизнинг ассортиментингизда мажбурий рақамли маркировка қилиниши шарт бўлган маҳсулотлар бўлса, сизнинг онлайн-НКМ 2D-сканер билан жиҳозланган бўлиши керак .
Сиз банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш учун қурилмасиз ёки сканерсиз онлайн-НКМ сотиб олсангиз (агар сизда мажбурий рақамли маркировка қилиниши шарт бўлган товарлар бўлса), сиз модернизацияга сармоя киритишингизга тўғри келади.
Тўртинчидан, сотиб олиш пайтида фойдаланилган онлайн-НКМ солиқ органларида рўйхатдан олиниши керак. Ушбу жиҳатни сотувчидан аниқлаштиринг. Агар у ҳали рўйхатдан олинмаган бўлса, у ҳолда ТХКМга мурожаат қилсин ва бу ишни амалга оширсин.
Ушбу жиҳатлар сизда қийинчилик туғдирса, сотувчи билан ҳисоб-китоб қилишдан олдин онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган ТХКМ ходимига кўрсатинг. Агар мутахассис онлайн-НКМ белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқласа, сотувчи билан ҳисоб-китобни амалга оширинг.
«Бизнинг дўконимиз кўчиб ўтмоқда. Аввалги савдо нуқтаси манзили бўйича рўйхатдан ўтган онлайн-НКМдан фойдаланишни давом эттира оламизми?»
– Давом эттира оласиз. Аммо кўчиб ўтган пайтдан бошлаб уч кун ичида қайта рўйхатдан ўтказиш учун ТХКМга мурожаат қилишингиз керак .
ТХКМ ходимига қуйидагиларни тақдим этинг:
- стационар нуқта (кўчма савдо объекти) мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари: бино, иншоот ёки унинг бир қисми учун ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжатлари;
- кўчма савдо объекти бўлган стационар савдо нуқтаси (хизматлар кўрсатиш) манзили харитасида координаталар.
Агар сиз ТХКМни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, янги ТХКМ билан техник хизмат кўрсатиш шартномасини олдиндан тузишингиз керак бўлади. Эски фискал модулни сақлаб қолиш учун бу ҳақда янги ТХКМ ходимига айтинг ва у фискал модулни мос равишда расмийлаштиради.
❖
Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор номига рўйхатдан ўтган онлайн-НКМни қаерда кўриш ва ТХКМни қандай ўзгартириш керак – мақоласида тушунтирганмиз.
«Онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказишда бошқа ҳужжатлар билан бирга савдо нуқтасининг фотосуратини тақдим этиш керакми?»
– Онлайн-НКМ ёки виртуал кассани рўйхатдан ўтказишда тадбиркор томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 16-бандида келишилган. Бу ёпиқ рўйхат ҳисобланади.
Рўйхатда:
- турғун шохобча (кўчма савдо объекти) мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари: бино, иншоотнинг ёки унинг қисмининг ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжатлари;
- онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ТХКМ билан тузилган шартноманинг нусхаси;
- турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси манзилининг харитадаги координатаси.
Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланган .
Амалиётда баъзи ҳолларда бошқа ҳужжатлар, хусусан, савдо дўконларининг фотосуратлари талаб қилинганини эшитиб қоламиз. Яна бир бор таъкидлайман: солиқ тўловчи фақат Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этиши керак.
❖
Ҳужжатларни ноқонуний талаб қилишнинг яна бир мисолини қуйидаги мақолада ўқинг – «Нима учун онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказиш чўзилиб кетмоқда».
Агар онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказиш учун масъул бўлган ТХКМ ходими сизнинг эътирозларингизга бепарво қараса ва бу юқоридан кўрсатма эканлигини тушунтирса, меъёрдан ортиқ ҳужжатларни сўраш ташаббуси кимдан чиқаётганини аниқлаш муҳимдир.
Бу ТХКМнинг ташаббуси бўлса – бош ТХКМга шикоят қилинг. Телефон рақамларини Солиқ қўмитаси ва фискал маълумотлар оператори сайтларида жойлаштирилган техник хизмат кўрсатиш марказларининг давлат реестридан топишингиз мумкин.
Агар ноқонуний талаб муаллифи солиқ инспектори бўлса – Солиқ қўмитаси ёки унинг бўлинмаларининг ишонч телефонига мурожаат қилинг.
Шунингдек, масъул ходимларнинг ноқонуний талаблари устидан судга шикоят қилиш мумкин.
«Қандай ҳолларда солиқ органлари онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказишни рад этишлари мумкин? Агар онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказиш рад этилган бўлса, нима қилиш керак?»
– Солиқ органлари рўйхатдан ўтказишни рад этишади, қачонки :
- онлайн НКМ ёки вирутал кассани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
- тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган маълумотларда номутаносибликлар аниқланганда;
- онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг Давлат реестрига киритилмаган маълумотлари кўрсатилганда.
Бошқа асосларда онлайн-НКМ ёки виртуал кассани рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. Рад этиш солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади ва унда бундай қарорнинг сабаблари кўрсатилиши керак .
Давлат реестрига киритиш рад этилганда, ариза берувчи камчиликларни бартараф этиб, ваколатли органга такроран мурожаат қилиши мумкин .
Агар рад этиш сабаблари ноаниқ ёки ноқонуний бўлса, у ҳолда солиқ инспекторининг хатти-ҳаракатлари устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш мумкин. Амалиёт шуни кўрсатдики, бундай муаммоларни ҳал қилиш учун солиқ қўмитасининг ишонч телефонига мурожаат қилиш кифоя.
«Ариза берилган пайтдан бошлаб онлайн-НКМ рўйхатдан ўтказилиши керак бўлган белгиланган муддат борми? Агар ушбу муддатлар бузилган бўлса, рўйхатдан ўтиш жараёнини қандай тезлаштириш мумкин?»
– Бундай муддатлар белгиланган. ТХКМда ҳужжатларни қайта ишлаш ва рўйхатдан ўтказиш учун қабул қилинган пайтдан бошлаб 4 иш соати мавжуд. ТХКМ ходими ҳужжатларни рўйхатдан ўтказган пайтдан бошлаб солиқ хизмати ходими аризани кўриб чиқиш учун 8 иш соати вақтига эга. Бу вақт ичида у сабабини кўрсатган ҳолда рўйхатдан ўтказииши ёки рад этиши керак . Иккала ҳолатда ҳам кўриб чиқиш натижалари солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.
Агар ушбу муддатлар ТХКМ ходимининг айби билан бузилган бўлса, у ҳолда солиқ тўловчи ходимнинг хатти-ҳаракатлари устидан бош ТХКМга мурожаат қилиш орқали шикоят қилиши мумкин. Агар сабаб солиқ органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларида бўлса, юқори турувчи солиқ органига мурожаат қилинг ёки солиқ органларининг ишонч телефонига қўнғироқ қилинг. Шунингдек, масъул ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш мумкин.
- Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқарилади;
- Қачон ва қайси турдаги онлайн-НКТ тизими чекини харидорга бериш керак;
- Онлайн-НКТни қандай танлаш ва уни солиқ органида қандай рўйхатдан ўтказиш керак;
- Комитентлар ва комиссионерлар онлайн-НКТни қандай қўллайдилар;
- Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекида қандай ахборот бўлиши керак.