Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қайси МХИК ва ўлчов бирликлари нотўғри ҳисобланади
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга МХИК ва онлайн-НКТда ишлатиладиган ўлчов бирликларини тартибга келтириш сўралган хатларни юборди. Бухгалтерларнинг профессионал ҳамжамияти жорий қилинаётган тизим муаммоларини фаол муҳокама қилишни ва уни тезроқ оптималлаштириш зарурлиги ҳақида гапиришни бошлашди.
Buxgalter.uz илтимосига кўра муаммо ҳақидаги қарашлари ва унинг ечими бўйича онлайн-НКТ соҳасида эксперт, «GAROV TARAQQIYOT NKM» МЧЖ таъсисчиси Владимир ГИБЕЛЬ бўлишди.
– Сизнингча, тадбиркорлар МХИК ва ўлчов бирликлари билан ишлаши осон бўлиши учун нима зарур?
– 28.04.2021 й. 249-сон ВМҚга мувофиқ МХИК каталогини юритиш тартиби ишлаб чиқилиши керак. Ўлчов бирликларини қўллаш – унинг бўлимларидан бири. МХИК ва солиқ маъмуриятидаги ўлчов бирликлари – бу ўзаро боғлиқ тушунчалар. Афсуски, ушбу ҳужжат ҳозиргача қабул қилинмаган, барча қийинчиликлар шунинг ортидан.
Бугунги кунда фақат ушбу тизимни ишлаб чиқариш топширилган шахслар томонидан таклиф қилинган тизим мавжуд. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатсиз унинг мантиғи, професионал фикри ва хулосаларни тушуниш қийин.
Амалий вазифаларни ҳал қилиш бўйича кўплаб саволларга эса биз ҳар доим ҳам амалда ишламайдиган, баъзан эса "мантиқдан келиб чиқиб ...", "Бу мантиқий ..." деган сўзлар билан бошланувчи қонунга зид бўлган тушунтиришларни эшитамиз.
Ишлаб чиқувчилар томонидан тизимга киритилган мантиқни мустаҳкамлаш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат зарур. Акс ҳолда, қанча одам бўлса, шунча нуқтаи назар бўлади. Ушбу нуқтаи назарлар орасида ишлаб чиқувчилар киритганларга муқобил бўла оладиган фойдалилари ҳам бор.
Ўйлайманки, тез орада бундай ҳужжат барибир пайдо бўлади. Аммо қайси бири муҳимроқ: қоидаларми ёки уларни жорий қилиш? Бизда тизимни яратишда синов, хато ва уларни тузатиш усули йўлидан борилади. Охир-оқибат, тушунишим бўйича олинган тажриба норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг асосини ташкил қилади. Агар бунинг акси бўлганида эди: аввал норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилган бўларди, у ҳолда вазият тамоман бошқача бўлар эди. Батафсил маълумот, каталогни кенгайтириш ва технологияларни такомиллаштириш билан шуғулланишар эди. Бу чексиз оптималлаштириш бўйича ишни тадбиркорларни чалғитмайдиган тарзда ташкил қилиш мумкин эди. Бунда МХИК ва ўлчов бирликларидан фойда солиқ маъмурияти учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам кўпроқ бўлар эди.
– Сиз МХИК каталоги яхшиланиши керак деб ҳисоблайсизми?
– Бошқа йўл йўқ. Бозорда янги товар ва хизматлар пайдо бўлмоқда – каталог кенгаяди. Каталог таркибини яхшилашга доимо зарурат мавжуд. Аввалги саволда муҳокама қилганимиз ҳужжатни қабул қилиш орқали фақат ушбу жараёнлар аниқ тартибга солиниши керак.
Тадбиркор нимани, қачон ва қандай ўзгартириш кераклигини ва мазкур ўзгаришлар билан ишлашни тушуниши керак. Бугунги кунда каталог ушбу нормаларсиз ривожланмоқда.
МХИКни оптималлаштиришни давом эттиришмоқда – бунда янги МХИКларни ишлаб чиқиш ва киритиш, эскиларини алмаштириш бўйича аниқ қоидалар йўқ. Натижада шу кунларда қурилиш хизматлари ва қурилиш материаллари бозорида ишлайдиган тадбиркорлар уларнинг касса аппаратлари классификатордаги ўзгаришларни «ўтказиб юборганлиги»га дуч келишди. Бунда тадбиркорларнинг умуман айби йўқ.
Барча ўзгаришлар қайд этилиши муҳимдир. Каталогнинг ўзи жўнатиш нуқтаси сифатида тасдиқланиши керак. Келгусида барча ўзгаришлар ваколатли органнинг буйруғи билан расмийлаштирилиши, белгиланган тартибда киритилиши керак. Бунда барча ўзгаришлар кучга киришидан олдин ОАВда эълон қилиниши керак. Бу тадбиркор ўзгаришларни хотиржам кузатиши ва ушбу ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда кейинги ишини йўлга қўйиши учун зарур.
Маълумки, ҳар бир ўлчов бирлигига қадоқ коди берилади – шу тариқа ёзувлар ахборот технологиялари учун тушунарли бўлади. Шундай қилиб, бугунги кунда бизда бир килограмм олма учун ўзининг коди, бир килограмм пахта учун ўзиники, бир килограмм темир учун яна бошқа код бор ва ҳ.к. Нега бир килограмм учун ягона код қилиш мумкин эмас? Эртами-кечми, оптималлаштириш жараёнида биз бунга келамиз. Бу яна тадбиркорлар учун бошоғриғи бўлади – онлайн-НКТдаги товарларнинг маълумот базаларини янгилаш керак бўлади.
Қадоқлар билан ишлашни такомиллаштириш заруратига ҳам етиб борамиз. Бугун исталган тадбиркор қадоқ яратиши мумкин. Қадоқ шакли (банка, қоп, пакет) ва ўлчов бирликларининг (кг, метр ва б.) аниқ фарқлари йўқ. Натижада чалкашлик ҳосил бўлади. Солиқ маъмурияти мақсадлари учун ўлчов бирликларини бошқа қийматларга (масалан, килограммдан литрга) ўтказишнинг аниқ қоидалари йўқ.
Муаммолар рўйхатини давом эттириш мумкин. Уларнинг ечими ҳозир ёки кейинроқ ёзилиши мумкин. Фақат кейин тадбиркорлар учун қийинроқ ва оғриқли бўлади.
❖
Сотиб олинган ва реализация қилинадиган товарнинг МХИКдаги фарқи нимага сабаб бўлади – солиқ органлари мутахассиси жавоб беради.
– МХИК ва ўлчов бирликлари тизими доимий оптималлаштириш ва модернизация ҳолатида. Эҳтимол, шунинг учун уни ишлаб чиқувчилар оптимал ечимларни қидириш билан оворадирлар. Бундай вазиятда харажатларнинг тадбиркорларга таъсирини қандай камайтириш мумкин?
– Ҳа, каталог нолдан бошлаб ишлаб чиқилаётганга ўхшайди. Бу ҳақиқатан ҳам мураккаб вазифа, уни ҳал қилиш учун катта харажат ва катта тадқиқот ишлари талаб килинади. Гарчи янгидан «велосипед» ихтиро қилмасдан, бошқа йўл билан бориш – аллақачон тўпланган тажрибадан фойдаланиш мумкин эди.
МХИК каталоги бу янгилик эмас. Ушбу жараённи «товарлар артикуллари каталогининг Совет даври аналогини рақамлаштириш» деб аташ тўғри бўлар эди. Айтмоқчиманки, биз буларнинг барчасидан ўтиб бўлганмиз. Катта авлод ҳам бу ҳақда эслайди. Артикул ҳам товарнинг ноёб ҳарф-рақамли белгиси бўлган, ҳатто батафсилроқ эди. Муайян даврларда бир хил артикулли товарлар деярли йўқ эди! Улар бўйича тақсимотлар олинган ва инвентаризация ўтказилган.
Артикуллар каталогининг ўзида ҳар бир артикулга қуйидагилар киритилган:
- товар номи, унинг батафсил тавсифи, шу жумладан чиқариш шакли;
- унинг ўлчов бирликлари фақат халқаро “СГС” ва “СИ” ўлчов бирликларида бўлган.
Бунда ишлаб чиқарувчидан бошқа ҳеч ким қадоқни тайёрлашга ҳақли эмас эди. Қадоқни яратиш бутун бошли тартиб-таомил эди, бунда ҳар бир қадоқ давлат рўйхатидан ўтказилар эди.
Артикуллар тизимига мурожаат қилиш шарт эмас. Ҳар қандай бошқа яхши ишланган ва вақт синовидан ўтган тизим тажрибасига мурожаат қилиш мумкин. Артикулларга муқобил сифатида мен GS1 тизимини кўраман.
Ушбу тажрибадан аллақачон ишланган схемаларни олиш мумкин эди, хусусан:
1. Товар икки гуруҳга бўлинади: донабай ва тортиб ўлчанадиган;
2. Донабай товар доналарда ўлчанади, қолган ҳаммаси (у қандай қадоқланган) – бу қадоқлаш шакли бўлиб, у товар номида кўрсатилиши керак;
3. Тортиб ўлчанадиган товар дунёда қабул қилинган ўлчов бирликларида ўлчанади. Қолган ҳаммаси – бу унинг қадоқ шакли бўлиб, уни ҳам товар номида кўрсатиш мумкин.
– Қадоқланган, жамланган ёки очилган товарни нима қилиш керак?
– Амалиётга мурожаат қилинса, қадоқ 2 турда бўлади:
- товарни ўлчаб тақсимлаш;
- товарнинг ўз қадоғи.
Ўлчаб тақсимлаш – бу ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмайдиган ва фақат харидорларнинг қулайлиги учун яратиладиган қадоққа жойлашадиган товар. Масалан, харидор тарозига бормаслиги учун дўкон аввалдан шакарни 900 граммдан ўлчаб солди. Аммо бундай товар ўлчаб сотиладиган товар сифатида сотилиши керак.
Ўлчаб тақсимилашдан фарқли ўлароқ, товарни қадоқлаш қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак. Қадоққа мустақил МХИК берилиши керак. Қадоқ донабай товарга айланади. Ушбу товар қадоқлангандан кейин фақат доналарда ўлчаниши мумкин.
Тўпламлар иккита вариантда сотилиши мумкин: бир бутун сифатида ёки таркибий қисмлар билан. Агар тўплам таркиблар бўйича сотилаётган бўлса, унда бу вазиятда чекда (ЭҲФ) ҳар бир маҳсулот тегишли МХИК ва ўлчов бирлиги билан рўйхатдан ўтказилади. Агар тўплам тадбиркор томонидан бир бутун сифатида белгиланса, у ҳолда у қонун билан белгиланган тартибда қадоқ билан ўхшашлик бўйича рўйхатдан ўтказилади, мустақил МХИК олади ва донабай товарга айланади.
Бунда сотувчида уни қандай реализация қилиш бўйича танлов бўлиши керак: ўлчаб солиш ёки қадоқлаш билан, тўплам билан ёки донабай.
Аммо қадоқни очиш тадбиркорнинг танлови бўйича бўлиши мумкин эмас. У расмийлаштирилиши керак. Очилган товар мустақил МХИК ёки қўшимча ўлчов бирлигига эга бўлиши керак. Мисол учун, ишлаб чиқарувчи итларнинг озуқасини кг қадоқда ишлаб чиқаради, аммо очиқ ҳолида килограммларда сотилади.
– Ҳозирча аниқ қоидалар йўқ, аммо Солиқ қўмитаси МХИК ва онлайн-НКТда ишлатиладиган ўлчов бирликларини тартибга солишни талаб қилмоқда. Тадбиркор қандай ҳаракат қилиши керак?
Яқин кунларда тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида my3.soliq.uz сайтидаги «Онлайн назорат-касса техникаси ҳақида маълумот» интерактив хизматида «МХИК ва ўлчов бирликларидаги хатолар» иловаси пайдо бўлди. У МХИК ва ўлчов бирликларида хато бўлган чекларни аниқлаш имконини беради.
Агар хатолар бўлса, у ҳолда:
1. Солиқ ҳисоботи даврида чекларда аниқланган хатоларни тузатиш керак. Эрта даврдаги чекларга ўзгартириш киритиш имконияти ёпиқ;
2. Ушбу хатолар келгусида такрорланмаслиги учун онлайн-НКТ хотирасига киритилган товар маълумотлар базасига ўзгартиришлар киритиш лозим.
МХИК ва ўлчов бирликлари ўртасида «тафовут» бўлмаслиги учун каталог бўйича МХИК ва уларга бириктирилган ўлчов бирликларини аниқлаш керак. Эътиборингизни баъзи онлайн-НКТ ва виртуал кассаларнинг сўнгги дастурий таъминот версиялари товарлар рўйхатини шакллантиришда каталогга мувофиқ фақат МХИК билан боғланган ўлчов бирликларидан фойдаланишга имкон беришига қаратмоқчиман.
Солиқ органларининг хати кутилмаган вазиятда олинди, ҳозир кўплаб тадбиркорлар чеклардаги хатони қайси давр учун тузатиш кераклигидан хавотирда. Солиқ органларининг масъул ходимлари билан шахсий суҳбатлардан хулоса қилиш мумкинки, бу ишларнинг барчасида Солиқ қўмитасини янги чекларда хатолар бўлмаслиги кўпроқ қизиқтиради.