Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Навбатдаги преференцияга эга бўлиш учун янги ходимни қабул қилиш мажбурийми
Солиқчилар тадбиркорларни янги ходимларни ишга қабул қилишга кўндиришга ҳаракат қилишмоқда. Ҳукумат қарорларида назарда тутилган турли имтиёзлар ва преференциялар билан қизиқтиришга уринишмоқда. Аммо преференция олиш илинжида ходимни қабул қилиш – энг оқилона қарор эмас.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
Ҳар куни бухгалтерия ҳисоби, солиқлар ва ҳисоботлар тўғрисида билиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Солиқчилар ҳақиқатан тадбиркорларни янги ходимларни ишга қабул қилишга кўндиришга ҳаракат қилишмоқда. Буни кўпроқ телефон орқали норасмий суҳбатларда амалга оширишмоқда. Бухгалтерларнинг профессионал гуруҳларидаги хабарларга кўра баъзилар буни алоҳида қатъиятлик билан сўрашмоқда. Аммо янги кадрларни ёллаш масаласида якуний қарор – тадбиркор томонидан қабул қилинади. Агар сизда кадрларга эҳтиёж бўлмаса, ҳеч ким сизни инсонни ишга қабул қилишга ёки штат жадвалини кенгайтиришга мажбурлашга ҳақли эмас. Менга бир неча нафар тадбиркорлар шундай масала билан мурожаат қилишди ва мен уни анча батафсил ўрганиб чиқдим.
Солиқчилар бундай суҳбатларда кўпроқ ҳавола берадиган далиллар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқамиз.
Янги ходимларни ёллаш рейтингингизни оширади
Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тадбиркорларни “МҲЭКМдан ортиқ иш ҳақи тўланаётган ходимлар сонининг кўпайиши (янги компаниялар учун динамика иккинчи ойдан бошлаб ўтган ойга нисбатан солиштирилади)” мезони бўйича баҳолайди. Ушбу мезонга мувофиқ келадиганлар учун қўшимча баллар назарда тутилган .
Ҳеч қаерда ходимлар сонини мажбурий тартибда кўпайтириш керак дейилмаган. Агар зарурият бўлса – ходимлар сонини кўпайтирасиз, зарурият бўлмаса – шундай ишлашда давом этаверасиз. Ҳа, янги ходимларни қабул қилиш сизни рейтингнинг юқори баҳоларига эга бўлганлар оладиган имтиёзларга яқинлаштиради. Аммо, агар сизга янги ходимлар, яъни баллар “ишлаб топиш” мумкин бўлган бошқа мезонлар керак бўлмаса.
Бундан ташқари, корхоналар, мисол учун, тўлиқсиз ставка учун МҲЭКМдан кам иш ҳақи тўлашга ҳақли. Сиз ҳар доим солиқчиларга уларнинг хулосаларига нисбатан норозилик билдиришингиз ва улар юзасидан низолашишингиз мумкин.
Қуйидагиларни ўқишни тавсия қиламиз
Сизда 4 нафардан кам киши ишлайди, шу боис сизга текширув билан келамиз
Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомда “ходимлари ёки ёлланма ишчилари сони 4 кишидан кам бўлганда” деган мезон мавжуд. Ушбу мезонга мувофиқ келганларни солиқ хавфининг ўрта даражасига эга солиқ тўловчилар гуруҳига киритишади .
Адолат юзасидан таъкидлаш лозимки, ушбу мезон ҳеч қачон ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб туриш учун асос бўлмаган. Қисқартиришгача ҳамда ундан кейин ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш учун асос бўлмаган. Ҳозир фақатгина амалга оширилаётган битимлар, операциялар харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар, хизматлар номенклатурасига мос келмаганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда тўхтатиб турилиши мумкин .
Солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчилар учун солиқ органидан текширув билан келишлари эҳтимоли катта . Агар сиз ҳеч нимани яширмасангиз ва сизда ҳақиқатан 4 киши ишласа, майли келишсин, текширишсин – яширадиган нарса йўқ.
Субсиядия олиш учун собиқ мигрантларни ёлланг
2024 йил июндан бошлаб 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган ташкилотларга субсиядия тўланади . Яна собиқ мигрантларни ишга ёллаш –ихтиёрий иш. Тадбиркорларни ҳеч ким бизнес учун зарур малакага эга ходимларни ишга ёллашни чекламайди.
Buxgalter.uz тавсия қилади
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади