Хабарномасиз автокамерал натижаларига қандай муносабат билдириш лозим

preview

Тадбиркорлар Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида ўз баҳоларини эътибор билан кузатиб боришмоқда. Баъзан текширувдан олдинги таҳлил натижалари баҳони пасайтириш сабабига айланади. Ҳуқуқбузарликлар аниқланган формулаларни солиқ тўловчи my3.soliq.uzдаги “Автоматик тарздаги камерал текширувдан олдинги таҳлил” интерактив хизматида кўради. Аммо тадбиркорлик субъекти аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ҳеч қандай хабарнома олмаган.

Рейтинг пасаймаслиги учун бундай вазиятларга қандай муносабат билдириш лозим? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни аниқлаштиришга солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ёрдам берди.

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– СКнинг 138-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарномага жавоб бериши керак. Бундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан 10 кун мобайнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни тузатиш ёки солиқчиларга жавоб ёзиб, унда ўз норозилигини тушунтириш лозим. Хабарномага жавоб бериш лозимлигини таъкидлаб ўтишни истайман. My3.soliq.uzда интерактив хизматдаги формулалар эса – бу хабарномага тушунтириш хати бўлиб, у аниқланган тафовутларнинг келиб чиқишини тушунишга ёрдам беради.

Ҳозир амалиётда кўпинча шундай бўладики, солиқ тўловчи хабарномани олмаган бўлади, сизда у бўйича “ҳуқуқбузарликлар аниқланган” формула эса my3.soliq.uzдаги “Автоматик тарздаги камерал текширувдан олдинги таҳлил” интерактив хизматида акс эттирилади. Солиқ кодексида ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида бундай вазиятларда солиқ тўловчи қандай йўл тутиши кераклиги айтилмаган.

Солиқ тўловчилар бундай вазиятларда турлича муносабат билдиришади. Кўпчилик (аниқланган ҳуқуқбузарликларга рози бўлганлардан) солиқчилардан хабарномани кутишмайди ва дарҳол хатоларни тузатиш учун чоралар кўришади. Хусусан, рейтинг баҳоси ҳам яхшиланиши мумкин албатта.

Солиқ тўловчи формулага рози бўлмаган ҳолат ҳам бўлади. Улар орасида ҳам хабарнома олгунга қадар муносабат билдиришни ортга сурмайдиганлар оз эмас. Улар солиқчиларга нима учун ушбу формула бўйича чиқарилган хулосалар нотўғри эканлиги юзасидан ўз далилларини ёзишади. Жавоб тариқасида: “Маълумот учун қабул қилинди” деган хабар олишади – шу билан бўлди. Формула акс эттирилаверади, хабарнома  ҳануз йўқ ва энг алам қиладигани, рейтинг яхшиланмайди.

Балки солиқчилар формула қайта ишланиб такомиллаштирилаётганлиги учун хабарнома йўллашмаётгандир.

Рейтинг – бу солиқ тўловчилар ушбу вазиятда ташвишланаётган асосий сабаб. Ҳамма рейтингнинг юқори баҳоларига эга бўлганларга тегишли бўлган имтиёзлардан фойдаланишни истайди.

Яқинда солиқчилар фақат солиқ органларининг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлил текширувдан олдинги таҳлил (автокамерал) деб эътироф этилиши, тизим шакллантирадиган ва унда мажбурий равишда формуланинг рақами кўрсатиладиган хабарнома унинг натижаси ҳисобланишини тушунтиришганди.

 

Регуляторга саволлар

  1. Нима учун солиқ тўловчи ушбу хатолар, тафовутлар тўғрисида умуман хабарнома олмаганлигига қарамай, my3.soliq.uzдаги “Автоматик тарздаги камерал текширувдан олдинги таҳлил” интерактив хизматида акс эттириладиган формулалар бўйича таҳлил натижалари рейтинг кўрсаткичларига таъсир қилади? Ахир рейтингда фақат тўлақонли автокамерал натижалари ҳисобга олиниши керак эмасми?
  2. Агар формула киритилган бўлса, нима учун бунинг ортидан ушбу формула бўйича аниқланган тафовутлар тўғрисида хабарнома юборилмайди?
  3. Агар солиқ тўловчи интерактив хизмат маълумотлари бўйича жавоб берган бўлса ва сиз унинг далилларига қўшилган бўлсангиз, ундан формулани олиб ташлашингиз керак эмасми? Ҳозир “нокамерал”нинг формулалари қолдирилган ва рейтинг баҳосини бузишда давом этмоқда;
  4. Барча ушбу вазиятлар формула синовдан ўтказилаётганлиги боис юзага келаяпти, деб тахмин қилсак, сиз ушбу жараённи формулалар ишлаб чиқиш босқичида тадбиркорларни ғазаблантирмайдиган ва рейтинг баҳосига таъсир қилмайдиган тарзда ташкил этилиши зарур деб ҳисобламайсизми? Мисол учун, формула ишлаб чиқиш босқичида деб белги қўйиш мумкин.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади