Бошқа ҳисобрақамига хато равишда ўтказилган пулни қандай қайтариш мумкин

preview

Бухгалтер пул маблағларини хато равишда бошқа контрагентга ўтказди. Пул маблағларини қандай қайтаришни Норма эксперти Дилором САИДОВА тушунтирди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Сиз пул маблағларини хато равишда тўлаган бўлсангиз, уларни қайтаришни талаб қилишга ҳақлисиз, сабаби тўловни олувчи олдида сизнинг ҳеч қандай шартнома ёки бошқа мажбуриятларингиз мавжуд эмас . Мол-мулкни асоссиз олган шахс бойликнинг асоссиз орттирилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан бошлаб шу мол-мулкдан чиқариб олган ёки чиқариб олиши лозим бўлган барча даромадларни жабрланувчига қайтариши ёки тўлаши шарт .

Хато равишда ўтказилган маблағларни қайтаришнинг бир нечта усуллари мавжуд. Хато қанчалик аввалроқ аниқланса ва сиз пулни қайтариш учун ҳаракатларни тезроқ бошласангиз, пул маблағларини қайтариш имконияти шунчалик юқори бўлади.

 

1. Хато равишда ўтказилган маблағларни қайтариш тўғрисидаги ариза билан банкка мурожаат қилинг

Агар хато маблағлар олувчининг ҳисобрақамига ўтказилгунга қадар аниқланган бўлса, тезда банкка тўловни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилинг. Пул олувчининг ҳисобрақамига ўтказилгунга қадар банк тўловни бекор қилиши мумкин. Агар  пул маблағлари олувчининг ҳисобрақамига ўтказилган бўлса, банк уларни фақат ҳисобрақами эгасининг розилиги ёки суд қарори бўйича ҳисобдан чиқариши мумкин.

 

2. Бевосита пул маблағларини олувчига мурожаат қилинг

Бу вазиятда маблағларни қайтариш олувчининг инсофлилиги ва ҳалоллиги, унинг молиявий имконияти ва ҳоказога боғлиқ бўлади.

Хато равишда ўтказилган тўлов реквизитлари бўйича пулни олувчининг боғланиш маълумотларини топиш мумкин. Вазиятни тушунтирган ҳолда унга оғзаки мурожаат қилиш ва хато ўтказилган суммани қайтаришни илтимос қилиш мумкин. Агар у 1–2 кун мобайнида маблағларни қайтармаса, маблағлар хато равишда ўтказилган олувчининг номига ушбу суммани ҳисобрақамига хатда кўрсатилган муддатда қайтариш илтимоси билан талабнома-хат ёзиш лозим. Талабномани кўриб чиқишнинг умумий муддати – 30 кун.

 

 

Хўжалик юритувчи субъект талабномани тўлиқ ёки қисман тан олган бўлса, у ариза берувчига тан олинган суммани ихтиёрий равишда ўтказади. Агар талабномани тан олиш тўғрисидаги жавобда тан олинган сумма ўтказилиши ҳақида маълумот бўлмаса, талабнома билдирган ариза берувчи жавоб олингандан сўнг 20 кун ўтгач, банкка қарздор тан олган суммани сўзсиз тартибда ўтказиш тўғрисидаги фармойишни тақдим этишга ҳақли . Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади.
Агар олувчи хато равишда келиб тушган маблағларни қайтаришни истамаган бўлса, 3-усулдан фойдаланиш лозим.

 

3. Судга даъво аризаси билан мурожаат қилинг

Олувчи билан келишишнинг иложи бўлмади. Охирги чора – бу судга даъво аризаси бериш. Судлашиш кўп вақт, куч ва бож ҳамда юрист (адвокат) хизматлари учун тўловни талаб қилади. Агар сумма корхона учун аҳамиятли бўлса, бундан маъно бўлади. Суд харажатларини даъво аризасини беришда маънавий зарарни компенсация қилиш миқдорига киритиш мумкин.
Сиз пул маблағларини ихтиёрий равишда қайтариш учун чоралар кўрганлигингизни тасдиқлаш учун даъво аризасига албатта талабнома-хатнинг нусхасини илова қилинг. Бу судда ишнинг кўриб чиқилишини тезлаштириши мумкин.

Суд пул маблағларини даъвогарга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилгандан сўнг, улар қайтарилиши лозим. Пул маблағларини қайтариш муддати олувчининг молиявий ҳолатига боғлиқ бўлади. Агар олувчи банкротлик босқичида бўлса, пулнинг қайтарилмаслиги эҳтимоли мавжуд.

Тавсия

Тўловни ўтказишдан олдин хато равишда ўтказиш ва пул маблағларини қайтариш заруриятини истисно қилиш учун олувчининг реквизитларини текширинг.

 

 

 

 

Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи /uz/publish/doc/text199886_boshqa_hisobraqamiga_hato_ravishda_utkazilgan_pulni_qanday_qaytarish_mumkin