Автокамералнинг янги «тўлқини»: солиқчилар қатъиятликни намоён қилишса, нима қилиш керак

preview

Сўнгги кунларда бухгалтерлар текширувдан олдинги таҳлил ва камерал текширувлар натижалари бўйича аҳамиятли миқдорда хабарномалар ва талабномалар олишмоқда. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ҳам солиқчиларнинг юқори даражада қатъиятлигини қайд этмоқда: улар солиқ тўловчи исботлашга уринаётган вазиятнинг ноқонунийлигини тан олишмаяпти.

Бунда солиқчилар ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилган ҳолда улар илгари маъмурий судларда ютқазган ишларни иқтисодий судларда ютиб чиқишмоқда. Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси “ҳаётидан” иккита ҳикояни айтиб берди:

 

Қулоқ солишмади ва камерал текширувга тушишди

– Биз buxgalter.uzда фойда солиғи бўйича ҳисобот тўғри топширилган, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси инспектори текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича уни қайта топширишни талаб қилган вазият ҳақида ёзгандик. Бунда солиқ тўловчи “таннарх” сатрида фақат БЮД бўйича суммани акс эттириб, таннархдан ўтган қўшимча харажатларни эса пастда ёзиши керак бўлган. Ушбу талабларга тушунтириш илова қилинган бўлиб, унга кўра солиқ тўловчи солиқ инспектори тавсия қилганидек қилмаса, камерал текширув тайинланади.

Солиқ тўловчи томонидан текширувдан олдинги таҳлил хабарномасига йўлланган жавобга қарамай, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси камерал текширувни тайинлади. Биз жавобни ҳам buxgalter.uzда эълон қилганмиз, сабаби у тўлиқ ва бундай хатдан сўнг солиқчиларда солиқ тўловчига нисбатан барча саволлар олиб ташланиши керак деб ҳисоблагандик.

Биз ҳақлигимизга ишонамиз ва уни ҳимоя қиламиз. Ҳисобот тўғри топширилган ва солиқлар тўлиқ ҳажмда тўланган. Товарнинг таннархини шакллантиришда фойда солиғи ҳисоботига юкни божхонадан ўтказиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар, ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси киритилган. Бухгалтерия балансида йил боши ва охирига акс эттирилган ТМЗ сальдоси бухгалтерия ҳисоби маълумотларига мувофиқ келади.

Ҳозир камерал текширув якунланишини кутаяпмиз, унинг натижалари кейинчалик қандай ҳаракат қилишни кўрсатади. Агар солиқчилар далилларининг ишончсизлиги маълум бўлса, юқори турувчи солиқ органига ва кейинчалик – судга шикоят берамиз.

 

Эски “кўзбўямачилик учун тузилган битимлар”га янги назар

Бошқа вазият 2020–2021 йилларда – солиқчиларнинг кўзбўямачилик учун тузилган битимлар бўйича эътирозларининг “биринчи тўлқини”да бошланган. Солиқ органининг 2022 йил 17 майдаги қарорига биноан корхонани солиққа оид ҳуқуқбузарликда (кўзбўямачилик учун тузилган битимлар тузилганлиги муносабати билан солиқларни тўламасликда) айблаб, унга 681 788 327 сўм миқдорида қўшимча солиқ ҳисоблашди.

Солиқ тўловчи солиқчиларнинг қарори устидан маъмурий судга шикоят берди ва ишни ютиб чиқди.

2022 йилда солиқчилар суд қарори устидан шикоят беришмаган. Аммо 2024 йилда солиқ тўловчи яна судга чақирув қоғозини олди. Энди шу каби мазмундаги даъво маъмурий судга эмас, балки иқтисодий судга топширилди. Бу суд солиқчиларнинг талабини тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлди.

Суднинг бундай қарори солиқ тўловчини қаноатлантирмайди, биз ҳозир унинг устидан шикоят беришга тайёрланаяпмиз.  Мавжуд солиқчилар қарорининг ноқонунийлигини исботловчи базадан ташқари, бизда судга нисбатан савол туғилди: нима учун қарор қабул қилишда 2020 йил натижалари ҳам инобатга олинган? Ахир 2024 йилдан бошлаб солиқ низолари бўйича даъво қилиш муддати 3 йилни ташкил этади.

 

Buxgalter.uzдан:

Ваколатли давлат органларидан камерал назорат билан боғлиқ юзага келган вазиятга эътибор қаратишни илтимос қиламиз:

1) бизнесга нисбатан ҳар қандай талаблар, амалиётда қўлланилишидан олдин, НҲҲда ёзилган бўлиши керак. Шу жумладан – ҳисоботлар шаклларига қўйиладиган талаблар. Қонунчиликда мавжуд бўлмаган нарсани талаб қилиш мумкин эмас;

2) ҳисоботлар шакллари ва қонунчилик меъёрлари уларни икки хил талқин қилишни истисно қилиш учун аниқ ва батафсил йўриқномалар билан таъминланиши керак. Ҳар қандай ноаниқ талқин қилиш эса солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилиши керак. Айтишларича, ноаниқ талқин қилишда муаммонинг кўлами мавжуд.  

Биз buxgalter.uz каналида сўров ўтказдик. Материални эълон қилиш пайтида 241 нафар респондент овоз берди. Шундан 160 нафари – қонунчиликда назарда тутилмаган фойда солиғи бўйича ҳисоботнинг “таннарх” сатрига ўзгартириш киритиш юзасидан талабнома олишганини тасдиқлашди. Улардан 39 фоизи ҳисоботни қайта топширишга қарор қилишган. Қолганлар – 61 фоиз – низолашиб, курашишади.

 

Олег Гаевой тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /uz/publish/doc/text200784_avtokameralning_yangi_tulqini_soliqchilar_qatiyatlikni_namoen_qilishsa_nima_qilish_kerak