Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Чакана савдо учун маркировкаланган алкоголь маҳсулоти қандай сотиб олинади
«Меҳмонхона алкоголь маҳсулотларининг чакана савдоси учун лицензия олди. У мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим ва биз товар ҳаракатини кузатиб бориш учун ушбу тизимда иштирок этишимиз керак. Аммо бунинг учун нималар зарур? Бизга маслаҳат беришларича, бунинг учун биз ичимликларни фақат ишлаб чиқарувчилардан сотиб олишимиз керак. Бироқ биз ҳозирча бундай шартнома тузишга тайёр эмасмиз, сабаби сотувлар ҳажми катта эмас. Биз алкоголь маҳсулотларини корпоратив карта орқали дўкондан сотиб олишимиз мумкинми? Агар – мумкин бўлса, сотиб олинадиган ичимликларнинг рақамли маркировкалаш кодлари бизга рўйхатдан ўтказилиши учун нима қилишимиз керак?»
Рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жарима ишлаб олмаслик учун чакана савдо шохобчалари маркировкаланган товарлар билан қандай ишлашлари кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан Green White Solutions рақамли маркировкалаш интегратори бизнес-таҳлилчиси Ильмир МИНГАРИПОВ гапириб берди:
Мутахассиснинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Айни пайтда фискаллаштириш билан бирга кечадиган маркировкаланган товарни сотиб олиш билан боғлиқ ҳар қандай операция бундай товарнинг айланмадан чиқарилишига олиб келади.
Яъни, агар сиз шунчаки товарни қайта сотиш учун КПК ёрдамида чакана сотиб олсангиз, сизга уни кассадан ўтказишади ва онлайн-НКТ чекини беришади. Бу маркировкаланган товарни айланмадан чиқаради ва сиз бундай алкоголь маҳсулотини отелда ташриф буюрувчиларга қонуний сота олмайсиз.
Қайта сотиш қонуний бўлиши учун сиз барибир маркировкаланган товарни ЭҲФ бўйича сотиб олишингиз керак бўлади. Asl belgisi тизимида рўйхатдан ўтказилган ҳар қандай бозор иштирокчиси, чакана дўкон – шу жумладан сизга товарни ЭҲФ бўйича топшириши мумкин. Бунда у тўловни компания кассасига нақд шаклда ҳамда нақдсиз усулда қабул қилиши мумкин.
Эътибор беринг
Бу ерда муайян суммага товар олди-сотдиси фактини фискаллаштирадиган касса аппарати (ёки онлайн-касса) ва тўлов/олдиндан тўловни қабул қиладиган, улар бўйича фискаллаштиришсиз – касса кирим ордери ёзиб бериладиган компаниянинг кассасини фарқ қилиш лозим.
КПКга нисбатан – бундан вариант бўлиши мумкин. Бироқ бунда сиз сотувчидан онлайн-НКТ чеки ўрнига 489-сон ВМҚга 2-илованинг 5-бандига мувофиқ сизга электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириб беришларини илтимос қилишингиз лозим.
Сиз якуний истеъмолчи бўлмаган ҳолда алкоголь маҳсулотини сотиб олганингиздан кейин (чек бўйича), айланма иштирокчиси сифатида эса (ЭҲФ билан) сиз идентификация қилиш воситалари орқали маҳсулотларни рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя қилиш ва унинг айланмасини кузатиб боришга мажбур бўласиз. Улар чакана савдо корхонасига Asl belgisi рақамли маркировкалаш тизимига назорат-касса техникаси ёрдамида товарларни айланмадан чиқариш тўғрисидаги ахборотни киритиш мажбуриятин юклайди .
Касса чекини шакллантиришда сиз сканер ёрдамида реализация қилинган ҳар бир бирликдаги Data Matrixни ўқишингиз керак.
Фақат ҳисоб-китобларни қўллашда назорат-касса техникасини қўлламасликка ҳақли бўлган товарлар айланмаси иштирокчилари истисно ҳисобланади (сизнинг ҳолатингиз эмас).
Алкоголь маҳсулотларини реализация қилишни бошлашдан олдин меҳмонхона Asl belgisi тизимида рўйхатдан ўтиши, CRPT TURON билан шартнома тузиши, назорат-касса техникасини (шу жумладан – 2D сканерни) маркировкаланган маҳсулотлар билан ишлашга созлаши керак. Ушбу биринчи поғонада нимага эътибор қаратиш ҳақида «Рақамли маркировкалаш инструментлари билан қандай ишлай бошлаш керак» тавсиясида батафсил ўқинг.
Алкоголь маҳсулотларини кейинчалик мижозларга сотиш учун харид қилишда мулк ҳуқуқининг бир тадбиркорлик субъектидан бошқасига ўтишини назарда тутувчи рақамли маркировкали маҳсулотларни реализация қилиш реализация қилинадиган маҳсулотнинг ҳар бир бирлиги учун маркировкалаш кодлари тўғрисида маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштирилиши кераклигини инобатга олинг .
Яъни меҳмонхона рақамли маркировкалаш талабларини ҳисобга олган ҳолда электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш қоидаларига риоя қилиши керак. Бу ҳақда «Мажбурий рақамли маркировкаланиши керак бўлган товарларга ЭҲФ қандай расмийлаштирилади» тавсиясида батафсил ўқинг.
Меҳмонхона алкоголь маҳсулотларини фақат ишлаб чиқарувчилар ёки импорт қилувчилардан харид қилиши шарт эмас, у ушбу харидни мазкур маҳсулотнинг улгуржи ёки чакана савдоси билан шуғулланадиган ҳар қандай корхонада амалга оширишга ҳақли. Сизда Asl belgisi тизими билан ўзаро ҳамкорлик чоғида муаммолар юзага келмаслиги учун қуйидаги жиҳатларга эътибор беринг:
- SoliqUz мобиль иловаси ёки Asl Belgisi biznes ёрдамида ЭҲФни расмийлаштиришда сотиб олинаётган товарни текширинг. Мобиль иловада сотиб олинаётган қадоқдаги рақамли маркировкалаш кодини ўқигандан сўнг мулкдор сифатида сотувчи – сизга харид учун ЭҲФ тақдим этадиган тадбиркорлик субъекти чиқиши керак.
- ЭҲФга кодлар фақат сиз сотиб олаётган қадоқлардан киритилишини кузатиб боринг. Агар қадоқнинг коди ҳисобварақ-фактурага киритилмаган бўлса, уни олиш мумкин эмас.
- Сиз фақат сотувчи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурани тасдиқлагандан сўнг спиртли ичимликларни реализация қилишни бошлашингиз мумкин.
Агар қуйиб реализация қилинса
Умумий овқатланиш ва чакана савдо корхоналарида кўпинча, агар ичимлик қуйиб реализация қилинадиган ёки овқат тайёрлашда ишлатиладиган бўлса, сотувни қандай расмийлаштириш керак, деган савол туғилади. Ҳозирча бу масала бўйича тасдиқланган қоидалар йўқ. Шу билан бирга, сиз учун энг муҳими, қуйиб сотишда реализация қилинадиган шиша идиш онлайн-НКМдан ўтиши шарт. Ундаги Data Matrixни онлайн-НКТга уланган сканер билан ўқиш мумкин, ёки – шиша идиш очилгунга қадар унга онлайн-НКТ чекини уриш, ёхуд – бутун ичимлик реализация қилинганидан кейин ундан кодни ўқиш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади