1 июлдан киритиладиган ўзгартиришларга олдиндан тайёрланинг:
Экспортчилар учун қандай имтиёзлар бекор қилинади ва «маҳаллий маҳсулот» қандай аниқланади
Икки лойиҳа - Президент фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори - 22 октябргача СОВАЗ порталида муҳокама қилинмоқда. Биринчиси - ЖСТ талабларига мослашиш доирасида экспортчи компанияларни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган 6 та имтиёзни бекор қилади. Иккинчиси - маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчилар, улар ишлаб чиқараётган товарлар ва хом ашёнинг электрон реестрини яратади. Мақсад - маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини бозорга олиб чиқишда кўмаклашиш.
Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Имтиёзлар
Янгилик экспортчиларни ҳурсанд қилмаслиги аниқ. Агар лойиҳа (ID-103672) қабул қилинса, қуйидаги ҳужжатларда келтирилган имтиёзлар бекор қилинади:
1. 24.05.2019 йилдаги ПҚ-4337-сонли қарорнинг 3 ва 8-бандлари, уларга кўра:
- 3-банд - маҳаллий экспортчи корхоналарга, шу жумладан қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилувчиларга (уларнинг ваколатли вакилларига) автомобиль, темир йўл, денгиз ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача (қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун 70 фоизгача) қоплаш учун субсидиялар берилади;
- 8-банд - НКЭИС «Ўзбекинвест»нинг экспортни суғурта қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар мажмуаси харидор кредитини суғурталаш, қисқа муддатли дебиторлик қарзини суғурталаш, етказиб берувчи кредитини суғурталаш, тасдиқланган аккредитивни суғурталаш, экспортчининг айланма маблағларини тўлдириш учун кредитни суғурталаш, экспорт факторингини суғурталаш ва экспортни суғурта қўллаб-қувватлашнинг бошқа воситаларини ўз ичига олади.
2. Транспорт харажатлари ва суғурта мукофотларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ҳамда божхона имтиёзларини назарда тутувчи 07.05.2020 йилдаги ПҚ-4707-сонли қарор тўлиқ.
3. 26.06.2020 йилдаги ПҚ-4759-сонли қарорнинг 1 ва 2-бандлари, уларга кўра:
- 1-б. – чорвачилик хўжаликларига улар томонидан ҳунармандлар ва қўлда гилам тўқиш бўйича ихтисослашган ташкилотларга сотилган «меринос» зотли қўйлар ва «ангор» зотли эчкиларнинг ҳар бир кг жуни учун субсидиялар ажратилади. Қўлда тўқилган гиламлар экспорт қилинганда эса - автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача қоплаш учун субсидиялар;
- 2-б. – Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида «меринос» зотли қўйлар ва «ангор» зотли эчкиларни етиштирувчи хўжаликларга яйлов ер участкалари ажратилади.
4. 21.06.2021 йилдаги ПҚ-5155-сонли қарорнинг 6-бандига кўра Экспортни рағбатлантириш агентлиги 2021-2024 йиллар давомида йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум камида 30 фоизни ташкил этадиган корхоналарга хом ашё (ТИФ ТН кодлари 4410 ва 4411) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплайди.
5. 21.01.2022 йилдаги ПҚ-55-сонли қарорнинг 9-банди, унга кўра «Яхши ишлаб чиқариш амалиёти» (GMP) талабларига мувофиқ дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга 2025 йил 1 январгача фармацевтика маҳсулотларини барча мамлакатларга, шу жумладан қўшни давлатларга ҳам экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл транспортида ташиш харажатларининг (транспорт харажатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 50 фоизигача қоплаш учун маҳсулот экспорт қийматининг 5 фоизидан (автомобиль транспортида ташишда) ва 7 фоизидан (темир йўл транспортида ташишда) ошмайдиган миқдорда субсидиялар берилади.
6. Маҳсулотлар экспортида транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тўлиқ.
Buxgalter.uz тавсия этади:
Маҳаллий товарлар ва ишлаб чиқарувчилар
Ўзбекистонда (ID 103635) Электрон харид қилиш тизими ва Электрон кооперация портали билан интеграциялашган маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг электрон реестрини яратиш режалаштирилмоқда. Мақсад - маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини бозорга олиб чиқишда кўмаклашиш.
Товарларнинг келиб чиқиш сертификатини «Ўзбекэкспертиза» АЖ беради. Бевосита Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар маҳаллий деб тан олинади, яъни:
- мамлакат ҳудуди ёки ҳудудий сувларидан ёки муайян ҳуқуқлар асосида континентал шельфдан олинган фойдали қазилмалар;
- Ўзбекистонда муайян ҳуқуқлар асосида етиштирилган ёки йиғилган ўсимлик маҳсулотлари;
- мамлакат ҳудудида туғилган ва ўстирилган тирик ҳайвонлар;
- Ўзбекистонда етиштирилган ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари;
- мамлакатда тайёрланган ов, балиқчилик ва денгиз маҳсулотлари;
- юқорида кўрсатилган маҳсулотлардан тайёрланган товарлар.
Қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, товар маҳаллий ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади:
- ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган импорт материалларнинг фоиз улуши товар қийматининг 70 фоизидан ошмайди (маҳаллийлаштириш даражаси камида 30 фоиз бўлганда);
- товарлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган импорт хом ашё ва материалларни қайта ишлаш натижасида уларнинг ТИФ ТНнинг дастлабки тўртта кодидан ҳар қандай даражасида ўзгаришлар содир бўлади. ТИФ ТН бўйича дастлабки тўрт коди маҳсулот коди билан мос келадиган импорт материалларнинг иштирок этишига, агар уларнинг фоиз қиймати маҳсулот қийматининг 5 фоизидан ошмаса, йўл қўйилади.
Маҳаллий етказиб берувчилардан сотиб олинган импорт хом ашё маҳаллий деб ҳисобланмайди. Шунингдек, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган келиб чиқиши номаълум бўлган хом ашё ва бутловчи қисмлар ҳам хорижий материаллар (импорт) деб ҳисобланади.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни идентификациялашда уларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган иссиқлик ва электр энергияси, машина ва ускуналарнинг келиб чиқишини ҳисобга олмаслик таклиф этилмоқда.
Ва «маҳаллийлар»ни «четдан келтирилган»дан ажратиб олгандан сўнг, тахминан, биринчиларнинг ишлаб чиқарувчиларига имтиёзлар берилади. Бошқа таклифларни (улар бу ҳужжатда анчагина) ID 103635 лойиҳасида кўриб чиқинг.
Иккала лойиҳани муҳокама қилишда 22 октябргача иштирок этиш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ, Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади