Бухгалтер билиши керак бўлган барча ахборот – Buxgalter Pro да:
1 мартдан бошлаб миллий қонунчиликдаги навбатдаги ўзгаришлар кучга киради.
Хусусан, Меҳнат инспекцияси камерал текширувларни бошлайди, шунингдек, давлат кўчмас мулкини ижарага олиш ёки сотиб олиш тартиби ўзгаради.
Тафсилотлар – buxgalter.uz сайтининг шарҳида:
Эътибор беринг
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
МИХ миқдори ўзгармоқда
2025 йил 1 мартдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг давлат қисми янги МИХ миқдори – 669 000 сўмдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини қандай тўғри ҳисоблаш ва уни бухгалтерия ҳисоби ҳамда солиқ ҳисобида қандай акс эттириш ҳақида тавсияни ўқинг >>>
БҲМ, МҲТЭКМ, ПҲБМ ва МИХни қаерда ва қандай қўллаш керак, Buxgalter PRO маълумотномасида кўринг >>>
Рақамли маркировка кодлари ҳақидаги маълумотларни электрон ҳисобварақ-фактураларга киритиш чакана савдо учун мажбурий бўлади (01.11.2022 й. 631-сон ВМҚга 4-илова)
ПЭТ-қадоқлардаги ичимликлар 2024 йил 1 мартдан рақамли маркировка жорий этиладиган салқин ичимликларнинг биринчи гуруҳига киради. Ишлаб чиқарувчилар бу маҳсулотни улгуржи савдога жўнатишда, улгуржи савдо эса – чакана савдога жўнатишда рақамли маркировка кодларини 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳисобварақ-фактураларда акс эттиради. Чакана савдо маркировкани чекларда 2025 йил 1 мартдан бошлаб акс эттириши керак.
Агар ўзгариш сизнинг фаолиятингизга тегишли бўлса, Buxgalter Pro тавсиялари сиз учун:
- Рақамли маркировкалаш инструментлари билан қандай ишлай бошлаш керак;
- Мажбурий рақамли маркировкаланиши керак бўлган товарларга ЭҲФ қандай расмийлаштирилади;
- Маркировкаланган товарларнинг сотилиши онлайн-НКМ чекларида қандай акс эттирилади.
Давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ёки ижарага олишнинг янги тартиби жорий этилади 20.12.2024 й. ПФ-223-сон, 5-б.
1 мартдан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли бўлган, майдони 10 минг кв.м дан ортиқ ва баҳолаш қиймати 5 минг БҲМдан кўп бўлмаган, 6 ой давомида сотилмаган кўчмас мулк объектлари (Тошкент шаҳри туманлари ва вилоят марказлари бундан мустасно) 2 йил ичида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратиш шарти билан қуйидагиларга берилади:
- тадбиркорлик субъектларига 10 йил муддатга тўғридан-тўғри ижарага, шунингдек, 4 йил узлуксиз ижара тўловларини тўлаган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорларга – хусусийлаштириш ёки баҳолаш қиймати бўйича тўғридан-тўғри сотиш учун;
- биринчи йил ижара ҳақи ундирилмаган ҳолда 5 йил муддатга кейинчалик узайтириш шарти билан ижарага – халқаро даражада тан олинган чет тилларни малака сертификати бериш билан ўқитувчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларга ёки ташкилотларга.
Қишлоқ хўжалиги транспортини рўйхатдан ўтказишга оид талаблар ўзгаради 12.12.2024 й. ПҚ-431-сон, 4-б. «в» к.б.
2025 йил 1 мартдан GPS қурилмалари ўрнатилмаган янги тракторлар ва комбайнларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади. Бу имтиёзлар (субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари, молиявий қўллаб-қувватлаш) ёрдамида сотиб олинган, ҳам импорт қилинган, ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасига тегишли.
Келишув битими тузилган тақдирда тарафларга давлат божининг бир қисми қайтарилади 14.11.2024 й. ПФ-184-сон, 1-б. «в» к.б.
Агар суд жараёни даврида тарафлар – жисмоний ёки юридик шахслар – келишув битими тузсалар ва суд иши тўхтатилса, уларга қуйидагилар қайтарилади:
- биринчи инстанция судида – тўланган давлат божининг 70%;
- апелляция ва кассация тартибида берилган шикоятлар бўйича судларда – тўланган давлат божининг 30%.
«Экологик стикерлар» жорий этилади 29.03.2024 й. 166-сон ВМҚ, 2-б.
ЙҲХБ бўлинмаларида транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда уларнинг эгаларига эко-нормативларга мувофиқлик даражасига қараб мажбурий «экологик стикерлар» берила бошланади. Хизмат – бепул.
Экологик стикери бўлган транспорт воситалари йилига бир марта ихтиёрий равишда, шунингдек бепул нормативларга мувофиқликларини қайта аниқлаш тартибидан ўтишлари мумкин.
Электромобиллар ва электромотоцикллар, шунингдек, ишлаб чиқарилганидан буён 3 йилдан кўп вақт ўтмаган бошқа турдаги транспорт воситаларига «яшил» экологик стикерлар диагностика текширувисиз реал вақт режимида берилади ва эгалари томонидан онлайн тарзда ахборот тизимлари орқали юборилган мурожаатлар асосида почта орқали юборилади, бу хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмайди.
Фавқулодда ва тезкор хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек жамоат транспорти (такси ва маршрут таксиларидан ташқари) барча экологик зоналар ҳудудида ҳеч қандай чекловлар ва тақиқларсиз фойдаланилади.
Компенсация тўловлари шарти билан экологик тоифаси ҳудуд экологик зонасига мос келмайдиган айрим турдаги транспорт воситаларидан вақтинча фойдаланишга рухсат берилади.
Ёшга доир пенсиялар проактив шаклда тайинланади 31.10.2023 й. ПҚ-353-сон, 1-б.
Пенсия ёшига етганда фуқаро ҳеч қаерга мурожаат қилиши шарт эмас. Ёшга доир пенсия Меҳнат вазирлигининг ахборот тизими (ЯММТ)даги иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисобланади.
Агар сиз меҳнат стажингиз тўлиқ ҳисобга олинганига ишончингиз комил бўлмаса, сизга қуйидаги мақола фойдали бўлади:
Меҳнат инспекцияси камерал текширувлар ўтказади 04.10.2024 й. ПҚ-347-сон, 12-б. «б» к.б.
Меҳнат муҳофазаси талаблари, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш, аҳоли бандлиги ва бошқа талабларни ижро этилиши текширилади. Аниқланган қоидабузарликлар учун жарима солинади.
Инспекция шунингдек давлат бюджети ҳисобидан қурилаётган, таъмирланаётган ёки реконструкция қилинаётган объектлардаги ишчилар сонининг мувофиқлигини текширади.
Қурилиш ташкилотларини иш бошлашдан олдин бузилишга тушадиган барча уйлар эгалари билан келишув имзолашга мажбур қилинади 21.02.2025 й. ПФ-26-сон, 11-б.
Реновация асосида кўп квартирали уй-жой биноларини қуриш тартиби жорий этилмоқда. Янги қоидаларга кўра, қурувчилар лойиҳани фақат бузилиши керак бўлган барча кўчмас мулк эгалари билан нотариал тасдиқланган келишув битимини имзолагандан сўнг амалга ошира оладилар. Мулк эгаларига уларнинг хоҳишига кўра қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:
- реновация тартибида қурилган янги уйда майдони камида бузиладиган уйдагича бўлган квартира, кўчиш харажатлари ва қурилиш даврида вақтинчалик уй-жой ижараси қопланган ҳолда;
- бузиладиган турар-жой ва нотурар-жой объектларининг тўлиқ бозор қийматини компенсация қилиш;
- реновация лойиҳаси ташаббускорлари билан келишув асосида компенсациянинг бошқа тури.
Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларини ташкил этганлик учун субсидиялар тўланади 03.02.2025 й. ПҚ-41-сон, 2-б.
2025 йил 1 мартдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида давлат-хусусий шериклик асосида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати жорий этилади.
Шунингдек, кундузги парвариш хизматларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш тартиби жорий этилади. Уларга кундузги парвариш хизматидан бир кун фойдаланганлик учун қуйидаги миқдорда субсидия тўланади:
- 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун БҲМнинг 25%;
- 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун БҲМнинг 27%.
Бунда вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари учун субсидия миқдори 1,1 оширувчи коэффициентини қўллаш орқали белгиланади.
Шунингдек, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардан бўлган ҳар бир ногиронлиги бўлган бола учун субсидиянинг умумий миқдорининг 30% миқдорида қўшимча маблағ тўланади.
Агар тадбиркор кундузги парвариш хизмати жойлашган жойдан 3 км дан ортиқ радиусда яшайдиган болаларнинг келиб-кетиши учун транспорт хизматини йўлга қўйса, унга бир ой учун БҲМнинг 75% гача миқдорида тарбияланувчининг мазкур хизматга амалда қатнашган кунлари сонидан келиб чиқиб компенсация тўланади.
Лойиҳа доирасида мебель ва инвентарь сотиб олиш учун 2027 йил 1 июлгача кундузги парвариш хизматини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича имтиёзли кредитлар ажратилади.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади