Саволларингизга жавобларни Buxgalter Pro да топасиз:
ПФ-67-сон Фармон солиқлар, божхона қоидалари ва сертификатлашда нималарни ўзгартирмоқда

Оқ шакарга акциз бекор қилиниши ва солиқларни тўлаш муддатларидаги ўзгаришлар, озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлигининг бекор қилиниши, олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартибидаги ўзгаришлар... Президентнинг 18.04.2025 йилдаги ПФ-67-сон Фармонида назарда тутилган энг муҳим ўзгаришлар ҳақида қисқача бизнинг шарҳимизда ўқинг:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун, Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
1. Олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича Генерал келишув (GATT) ва 1994 йилдаги мазкур келишувнинг VII-моддасини қўллаш тўғрисидаги Келишувда белгиланган умумий тамойил ва қоидаларга тўлиқ мувофиқлаштирилади. Имтиёзлар ёки махсус божхона расмийлаштируви тартибларини, жумладан, товарларнинг божхона қийматини аниқлашнинг алоҳида усулларини қўллашга йўл қўйилмайди.
2. Хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни 14.08.2024 й. 502-сон ВМҚга 1-иловага 1-илова мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларга мувофиқлик декларациясини расмийлаштириш тартиби жорий этилади.
3. 2025 йил 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади. Уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими орқали амалга оширилади.
4. 2025 йил 1 августдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади. Бунинг ўрнига 1 августгача Кодекс Алиментариус стандартлари асосида (Озиқ-овқат кодекси, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг халқаро стандартлар тизими) энг устувор озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ишлаб чиқилади.
5. 2025 йил якунига қадар санитария-эпидемиология, давлат ветеринария хизмати, ўсимликлар карантини, техник тартибга солиш назоратидаги рўйхатлардан айрим товарлар чиқариб ташланади
(рўйхат билан бу ерда танишиш мумкин). Шунингдек, қуйидаги тартиб-таомиллар бекор қилинади:
- санитария ва эпидемиология хизматларининг лабораториялари натижаларига асосан санитария-эпидемиологик хулоса олиш орқали маҳаллий ва импорт озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаш;
- барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, болалар овқатлари, терапевтик ва профилактик овқатланиш учун парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари ва янги рецептлар ёки янги технология асосида яратилган озиқ-овқат маҳсулотларининг техник ҳужжатларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиш ва тасдиқлаш;
- ўсимлик маҳсулотлари, мато, ипак, чарм, ўйинчоқлар, спорт инвентари ва бошқалар учун ветеринария сертификатини олиш.
6. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга нисбатан акциз солиғи бекор қилинади.
7. 20 ва ундан ортиқ ишчиси мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда ижара тўловлари бўйича ҳисобланган солиқ суммалари 2025 йил 15 июль ва 1 декабрга қадар бўлиб-бўлиб тўланилишига рухсат берилади.
8. Умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтаришда янги шарт: ушбу фаолиятдан олинган даромад товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этиши керак.
9. Саноат корхоналарининг автоматик мониторинг станцияси, чанг-газ тозалаш ускунаси, локал сув тозалаш иншооти ва стационар кузатув пости билан жиҳозлаш мажбурияти муддати узайтирилди:
- I тоифадаги корхоналар учун – 2026 йил 1 январга қадар;
- II тоифадаги корхоналар учун – 2026 йил 1 июлга қадар.
10. 2025 йил 1 июндан бошлаб, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.
Buxgalter.uz тавсия этади:
- Ишлаб чиқариш корхонасида ҳисоб юритишни ташкил этиш тартиби;
- Ишлаб чиқариш харажатларини қандай ҳисобга олиш керак;
- Давал хом ашёсини қандай ҳужжатлар билан расмийлаштириш керак;
- Импорт операциялари қандай амалга оширилиши керак;
- Умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг электрон харид қилиш далолатномасини қандай расмийлаштириши керак.
Манбага қаранг.