Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
2025 йил 1 июлдан Ўзбекистон корхоналари «болалар миллий контентини» яратиш учун солиқ имтиёзларини олиш имкониятига эга бўладилар. Бу Президентнинг 15.05.2025 йилдаги ПҚ-183-сон қарорида назарда тутилган.
Қайси контент ҳақида сўз бораётганлиги ҳақида маълумотлар ва бошқа тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни қўлдан чиқармаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Бу ерда болалар учун мўлжалланган миллий контент назарда тутилмоқда, шу жумладан – қуйидагиларга кўмаклашадиган аудиовизуал ва санъат асарлари, ноширлик ва рақамли маҳсулотлар:
1) болаларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш;
2) соғлом турмуш тарзига интилиш, атроф-муҳитни асраш, миллий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга садоқат.
Болалар контенти бўйича махсус Мувофиқлаштирувчи кенгаш, шунингдек унинг ишчи органи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилади. «Болалар контенти» билан у ёки бу тарзда боғлиқ бўлган барча масалаларни мазкур икки муассаса мувофиқлаштиради.
Имтиёзлар
2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромадлари жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар:
- фойда солиғи тўлашдан озод қилинади;
- ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди.
Юридик шахсларга болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш билан боғлиқ бўлган харажатларини фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, юридик шахслар ва Марказ томонидан болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш учун бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғи солиқ ҳисоботлари тақдим этилгандан кейин Давлат бюджетидан уларга тўлиқ миқдорда қайтарилади.
Эътибор беринг
Барча санаб ўтилган имтиёзларни фақат Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг қўллаш мумкин бўлади.
Шунингдек, Болалар контентини ривожлантириш маркази унга ажратилган маблағлар ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида (махсус комиссиянинг эксперт хулосаси ва ижодий танлов натижалари асосида) бундай контентни яратиш бўйича буюртмалар беради.
Буюртма ижрочилари 2030 йил 1 январгача улар томонидан яратилган контентни реализация қилишдан (шу жумладан, тарқатишдан) тушган маблағнинг 50 фоизини ўз тасарруфига олиб қолишади ва уни Марказ билан келишган ҳолда ўз фаолиятини ривожлантиришга сарфлайдилар.
![]()