Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
Туризм фирмалари ва умумий овқатланиш шохобчаларига ўз хизматларини тарғиб қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш Президентнинг 15.05.2025 йилдаги ПФ-87-сон Фармонида назарда тутилган.
Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида.
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун – Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили қуйидаги мақсадларга маблағлар ажратилади:
- меҳмонхоналар, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилишга қаратилган аудиовизуал маҳсулотлар (видеофильмлар, видеороликлар, клиплар ва анимацион роликлар) яратиш ва тарғиб қилиш харажатларининг 50 фоизи (лекин 50 млн сўмдан ошмаган қисми);
- маҳаллий тадбиркорлар томонидан хорижда ўзбек миллий таомларига ихтисослашган 50 та умумий овқатланиш корхонаси ва ресторанлар ташкил этиш харажатларини субсидиялаш (давлатлар рўйхати Туризм қўмитаси томонидан белгиланади):
– фаолиятни йўлга қўйиш учун рухсатнома олиш, ижара, дизайн, зарур жиҳозлар ва анжомларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи (аммо 25 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда) бир марталик субсидия шаклида;
– таомлар тайёрлаш учун Ўзбекистондан йилига 300 кг маҳсулотни етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи (бир тадбиркорлик субъекти учун 100 млн сўмгача);
- йирик савдо мажмуалари ва умумий овқатланиш шохобчалари ҳудудида замонавий сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача (лекин 100 млн сўмдан кўп бўлмаган) қоплаш (дастлабки 100 ҳавза учун).
2025 йил 1 июлдан:
- 2027 йил 1 январгача камида 10 та модулдан иборат модулли меҳмонхоналар қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик субсидия ажратилади:
– 1-тоифадаги модулли меҳмонхоналардаги ҳар бир жой учун – 10 млн сўм;
– 2-тоифадаги модулли меҳмонхоналардаги ҳар бир жой учун – 7 млн сўм;
– 3-тоифадаги модулли меҳмонхоналардаги ҳар бир жой учун – 5 млн сўм;
- 2028 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг туризм йўналишидаги ходимлари малакасини ошириш харажатларининг бир қисми қопланади;
- 2030 йил 1 январгача тиббий туризм кластерлари хизматларини халқаро туризм ва тиббиёт ярмаркалари ҳамда кўргазмаларида тарғиб қилиш харажатлари қопланади;
- 2026 йил 1 январгача Туризм қўмитаси тузилмасига кирувчи барча ташкилотлар унинг балансида бўлган давлат кўчмас мулки объектларида бепул асосда жойлаштирилади.
Ҳужжатда шунингдек 2025 йил 1 июндан бошлаб туризм соҳасидаги барча давлат электрон тизимлари ва платформаларини Туризмнинг ягона миллий платформаси доирасида ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Бу Ўзбекистон фуқаролари учун жойлаштириш воситаларини банд қилиш тартибини соддалаштиради (MyID ёрдамида).
Ўзбекистонга туристик оқимни кўпайтириш учун 1 июндан Ўзбекистон Баҳрайн, Қатар ва Уммон фуқароларини визасиз режимда қабул қила бошлайди (30 кунгача бўлган муддатга).
Ташқи ишлар вазирлигига Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон билан мазкур давлатлар фуқароларининг Ўзбекистонга ички паспорт ва ID-карталар билан кириш режимини жорий этиш юзасидан музокаралар олиб бориш топширилган (30 кунгача бўлган муддатга). Шундай муддатга АҚШ фуқаролари учун ҳам визасиз режим жорий этиш режалаштирилмоқда.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади