2026 йилда якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ юкининг камайтирилиши нималарга олиб келади

preview

11.08.2025 йилда Президент Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарор матни ҳали расман эълон қилинмаган, аммо эълон қилинган шартлар кичик бизнес учун жуда жозибали кўринади ва тадбиркорларнинг хатти-ҳаракатларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. 

Хусусан, 2026 йил 1 январдан йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади. Buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу қарорга "TAX CONSENSUS" МЧЖ солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВА изоҳ берди. 

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– «Потенциал таъсирлар сезиларли бўлиши мумкин. Эҳтимол, МЧЖ ва ХК шаклидаги компанияларнинг бир қисми, айниқса - унча катта бўлмаган штатга ва 1 млрд сўмгача бўлган айланмага эга компаниялар ёпилишни ёки компания фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришни ва солиқ юки сезиларли даражада паст бўлган ЯТТ мақомига ўтишни афзал кўради. Бунда фойда нафақат айланмадан олинадиган солиқ ставкасини 1 фоизгача пасайтириш, балки ижтимоий солиқни тўлаш бўйича мажбуриятларни қисқартириш билан ҳам боғлиқ бўлади."

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида Президентнинг ПФ-50-сон Фармони билан бизнесни йириклаштириш бўйича чора-тадбирлар пакети тасдиқланган эди. Унга кўра, 2025 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини "ўзини ўзи банд қилган шахс - якка тартибдаги тадбиркор - кичик бизнес - ўрта бизнес - йирик корхона" занжири асосида йириклаштиришни рағбатлантиришнинг қуйидаги механизмлари жорий этилди. Уларга мувофиқ:

  • ўзини ўзи банд қилган шахсни ЯТТ ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи ундирилмайди;
  • ўзини ўзи банд қилган ва ўз фаолиятини ЯТТ, микрофирма ёки кичик корхонага айлантирган тадбиркорлик субъектларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 млн сўмгача, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 150 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади;
  • ўз фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига бир йил давомида ҚҚСни қоплаш 7 кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади.

 

Buxgalter.uz фикрича, кичик тадбиркорлик шакллари учун солиқ юкининг сезиларли даражада пасайтирилиши солиқ маъмуриятчилиги учун муайян хатарларни юзага келтиради, хусусан - бизнесни сунъий равишда майдалаштиришни рағбатлантириши мумкин.

Айланмаси 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган компаниялар айланмаси белгиланган лимитдан бироз паст бўлган бир нечта ЯТТ ташкил этиш орқали ўз фаолиятини майдалашни бошлаши мумкин. Бу уларга янги имтиёзли шартларга расман мос келиш имконини беради ва умумий солиқ юкини сезиларли даражада камайтиради.

Бу, ўз навбатида, солиқ органлари ва қонунга итоаткор бизнес учун қуйидаги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин:

  • назоратни мураккаблаштириш. Бир бизнес манфаатлари учун ишлайдиган ўзаро боғлиқ ЯТТларни аниқлаш керак бўлади. Бу қўшимча ресурсларни талаб қилади ва маъмурий тартибларни мураккаблаштиради;
  • тенг бўлмаган рақобат шароитини яратиш. Бўлинишга йўл қўймайдиган ҳалол тадбиркорлар оптималлаштириш схемаларидан фойдаланадиганларга қараганда камроқ фойдали ҳолатда бўладилар;
  • солиқ тушумларини камайтириш. Бўлиб ташлаш орқали имтиёзли солиққа тортишга ўтиш бюджет даромадларининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келиши мумкин.

Ушбу хатарларни минималлаштириш учун солиқ органлари бизнеснинг сунъий майдалашувини аниқлашнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиши ва ўзаро боғлиқ тадбиркорлар устидан назоратни кучайтириши керак бўлади.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text210007_2026_yilda_yakka_tartibdagi_tadbirkorlarga_soliq_yukini_kamaytirish_qanday_havflarni_keltirib_chiqaradi