Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
Қайси корхоналар мажбурий равишда «яшил сертификат»га эга бўлиши керак? Қорақалпоғистондаги ер қаъридан фойдаланиб ишлаб чиқарувчилар қандай имтиёз олди? Давлат харидларида иштирок этмоқчи бўлган мебелчилар қандай талабга риоя қилиши керак? Давлат инвесторларни қандай ҳимоя қилади? Қайси ер участкаларини аукциoнсиз ижарага олиш мумкин? Божхонада товарларни расмийлаштиришда нима ўзгармоқда? Қандай импорт товарларига акциз солиғи бекор қилинади?
2025 йил октябрда кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги ушбу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида buxgalter.uz шарҳида ўқинг:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
1. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб корхоналар учун «Яшил сертификат» мажбурий бўлади
2025 йил 1 октябрдан бошлаб атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига (хавфли ва ўртача хавфли) мансуб фаолият турларига эга корхоналарнинг технологик жараёнлари амалдаги «яшил сертификат»га эга бўлиши мажбурий
.
Амалдаги «яшил сертификат»сиз бу корхоналар 1 октябрдан ўз маҳсулотига мувофиқлик сертификатини ололмайди.
2026 йил июлгача технологик жараёнларни экологик сертификатлаштириш ҳақида шартнома тузган хўжалик субъектлари учун у бепул бўлади.
2. Оқ шакарни акцизсиз олиб кириш мумкин
Ўзбекистонга хушбўй ёки бўёқ қўшимчаларисиз олиб кириладиган оқ шакарга акциз солиғи бекор қилинади
.
3. Ер қаъридан фойдаланишга рухсат олиш учун тўловни бўлиб тўлаш мумкин
Қорақалпоғистондаги фойдали қазилмалар конларини очиқ усулда қайта ишлашни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсат беришга оид аукционда тўлов учун таклиф этилган суммани бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин
.
4. Ер участкаларини аукциoнсиз ижарага олиш мумкин
Тадбиркорлар ўзларининг бино ва иншоотларига туташган участкаларни, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотлари доимий фойдаланишидаги ерларни (таълим ва тиббиёт муассасалари ҳузуридаги участкалардан ташқари) ижарага олиши мумкин
.
Ижара қуйидагича амалга оширилади:
- аукциoнсиз – тўғридан-тўғри, агар ер тадбиркор объекти билан чегарадош бўлса;
- узайтириш имконияти билан 1 календарь йилга;
- ер солиғи ставкасининг 3 бараваригача миқдордаги ижара ҳақи билан;
- ijara.soliq.uz ижара шартномаларини рўйхатга олишнинг электрон тизимида.
Ҳужжат ижарага олинган участкаларга жойлаштириладиган объектларга ягона талабларни мустаҳкамлайди:
- барча объектлар олдиндан тасдиқланган схема ва меъморий «дизайн-код»га мувофиқ жойлаштирилади;
- келишувсиз капитал объектларни қуриш ва ташқи кўринишини ўзгартириш тақиқланган;
- шартларни бузганлик учун объект демонтаж қилинади, шартнома бекор қилинади.
5. Давлат хизматчиларининг хизмат сафарлари ҳисоби «Xizmat safari» платформасида юритилади
Давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат командировкаларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш hrm.argos.uz
электрон тизими таркибидаги «Xizmat safari» ягона модулида амалга оширилади. Бунда:
- хизмат сафарларининг режалари ва натижалари, географияси, ходимлар сони, шунингдек харажатларни онлайн кузатиш имкони яратилади;
- муайян давлат органи фаолияти самарадорлигига хизмат сафарларининг бевосита, оралиқ ва якуний таъсирини мониторинг қилиш олиб борилади;
- давлат хизматчилари ҳар бир хорижий хизмат сафарининг якунлари тўғрисида ҳисобот тақдим этади ва ҳисобот асосида унинг самарадорлиги баҳоланади.
6. Давлат харидлари доирасида фақат сертификатланган мебель тақдим этиш мумкин
Электрон кооперация портали ва давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида энди фақат маҳаллий ишлаб чиқарилган товар ҳақидаги сертификатга эга мебель маҳсулотларини жойлаштириш мумкин. Савдоларда фақат мазкур сертификатга эга тадбиркорлик субъектлари иштирок этиши мумкин
.
Бу тартиб тижорат мақсадларида қайта сотиш учун корпоратив буюртмачилар амалга оширадиган давлат харидларига тарқалмайди.
7. Божхонада товарлар фақат «Ягона дарча» орқали расмийлаштирилади
Товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит билан боғлиқ барча сертификат, хулоса ва рухсат ҳужжатлари фақат «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади
.
8. Пенсияларни тайинлаш ва тўлаш тартиб-таомилларининг рақамлаштирилиши такомиллаштирилмоқда
АТ «Халқ банки»нинг давлат пенсия таъминоти ва нақд шаклда пенсияларни тўлаш билан боғлиқ хизматлари фуқароларнинг биометрик идентификацияси (Face-ID) ва электрон рақамли имзоси орқали кўрсатилади
.
Бунда:
- Адлия вазирлиги Пенсия жамғармаси ва АТ «Халқ банки»нинг электрон сўрови асосида фуқароларнинг биометрик идентификацияси бўйича маълумотларни бепул тақдим этади;
- биометрик идентификация учун фойдаланиладиган қурилмаларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва АТ «Халқ банки» ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек фуқароларга пенсияларни тайинлашда амалий ёрдам кўрсатиш, хусусан стаж ва иш ҳақи бўйича электрон маълумотлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича хизмат ишга туширилади.
9. Хорижий дори воситаларини рўйхатга олишнинг янги тартиби кучга киради
Хорижий дори воситалари Ўзбекистонда (тан олиш йўли билан) давлат рўйхатидан ўтказилади, бунда улар қуйидаги манбаларда рўйхатга олинган бўлиши зарур
:
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатига киритилган тартибга солувчи органлар (WHO Listed Authorities);
- ЖСТнинг Глобал қиёсий баҳолаш воситаси бўйича етуклик даражаси 4 бўлган тартибга солувчилар.
10. Инвестиция платформалари махсус ҳуқуқий режимда ишлаши мумкин
Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 октябргача «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимида инвестиция платформаларидан фойдаланишга рухсат берилади
:
- қимматли қоғозларни жойлаштириш ва реализация қилишда;
- венчур ва пай фондларини молиялаштиришда;
- коммандит ширкатларга ҳисса киритишда.
Махсус ҳуқуқий режим доирасида тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар инвестиция платформаларида ўзларининг инвестиция талаб қиладиган лойиҳаларини жойлаштириши мумкин.
Инвестиция платформалари операторлари учун қуйидаги талаблар белгиланган:
- Ўзбекистон резиденти мақоми;
- ваколатли давлат органи юритадиган махсус электрон реестрга маълумот киритиш;
- ваколатли давлат органи белгилаган қоидаларга мувофиқ фаолият юритиш;
- инвестиция платформаси орқали расмийлаштирилган шартномалар реестрини юритиш.
11. Ўзбекистон Республикасининг янги Сув кодекси кучга киради 
Сув кодекси Давлат сув кадастри ва «Рақамли сув хўжалиги» ягона ахборот тизимини назарда тутади.
Ҳужжат квоталарни ажратиш, лимитлар, сувдан фойдаланиш учун ҳисоб ва ҳисобот принципларини, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни тартибга солади.
12. Тошкентда иссиқ сув ва иситиш тарифлари ошиши кутилмоқда
Veolia Energy Tashkent компанияси октябрдан ўз хизматлари тарифларини ошириш хабарини берди.
22 августда Халқ депутатлари кенгаши тегишли қарор қабул қилди.
Иссиқлик таъминоти тарифи:
- бизнес учун 7,1% га ошади – 1 Гкал учун 664 465 сўмдан 711 641 сўмгача.
- аҳоли учун 15% га ошади – 1 Гкал учун 121 617 сўмдан 139 860 сўмгача.
- бюджет ташкилотлари учун 18,8% га – 1 Гкал учун 801 963 сўмдан 952 797 сўмгача.
- бошқа ташкилотлар учун (улгуржи хизматлар) 40% га – 1 Гкал учун 244 497 сўмдан 342 296 сўмгача.
- Пойтахт ҳокимининг янги тарифларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳали эълон қилинмаган.
13. Субсидия, грантлар ижтимоий карталар орқали ажратилади
Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқароларга пул шаклида бериладиган субсидия, грант ва ссудалар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади
.
Жамғарма маблағлари иш ўринларини яратиш, камбағал аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ишсиз фуқароларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
14. Курьерлар мопедларни ҳужжатсиз ҳайдай олмайди
1 октябрдан мопед ва скутерларни бошқариш фақат уларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг ва «A» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлганда рухсат этилади
.
15. ЎзРТХБ орқали «чиройли» рақамларни сотиш тўхтатилади 
1 октябрдан ҳар қандай ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга давлат рақам белгилари учун ягона оширилган тўлов белгиланади, унинг миқдорини «Uzavtomotobelgi» ДУК белгилайди.
Барча тоифалардаги автотранспорт воситасини қайта давлат рўйхатидан ўтказишда давлат рақам белгилари эгасининг ёзма розилиги асосида ягона оширилган тўловнинг 50% миқдоридаги тўлов эвазига бошқа шахсга ўтказилиши мумкин.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади