Ўзбекистонда трансферт нархни белгилаш: битимларни таҳлил қилишнинг босқичма-босқич алгоритми

preview

Трансферт нархни белгилаш фақатгина йирик халқаро холдингларга тааллуқли эмас. Муайян шароитларда ТНБ меъёрлари умумий мулкдорларга эга бўлган кичик маҳаллий компаниялар ўртасидаги битимларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Назорат қилинадиган битимлар тўғрисида билдиришнома бериш муддати тугашидан олдин – февраль ойида компаниянгиз битимларини таҳлил қилишга улгуриб қолинг.

Солиқ органлари саволларига тайёргарлик кўришга ёрдам берадиган босқичма-босқич алгоритмни «Arkad Audit» аутсорсинг компанияси раҳбари Наталья ТУРАЛИНОВА тайёрлади:

Янги тушунтиришларни бизнинг Телеграм-каналимиз орқали кузатиб бориш қулай.

 

Трансферт нархни белгилаш нормалари бўйича битимлар қандай таҳлил қилинади

1-қадам: трансферт нархни белгилаш нима эканлигини ва кимлар ўзаро боғлиқ шахслар сифатида тан олинишини тушуниш

Шахслар ўртасидаги битимларнинг шартлари ва натижаларига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай муносабатлар, ҳатто бундай муносабатлар Солиқ кодексида тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса ҳам, ўзаро боғлиқ деб тан олиниши мумкин .

Бу ерда шахсларнинг ўзаро боғлиқлиги мезонларини тушуниш муҳимдир.

Ўзаро боғлиқ шахсларнинг расмий мезонлари СКнинг 37-моддасида мустаҳкамланган: иштирок этиш улуши, ваколатлари, қариндошлик алоқалари шулар жумласидан.

Ўзаро боғлиқ шахсларнинг норасмий мезонлари кодексда тўғридан-тўғри кўрсатилмаган, аммо улар битим шартлари ва иқтисодий натижаларга таъсир кўрсатади, бу ҳақда СК 37-моддасининг 1 ва 2-қисмларида айтиб ўтилган.

 Бунда СК 37-моддасининг 7-қисми қуйидагиларни белгилайди: «Агар ўзаро боғлиқ шахслар ўртасидаги муносабатлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган белгиларга эга бўлса, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилмаган бошқа асослар бўйича шахсларни ўзаро боғлиқ деб эътироф этиш суд томонидан амалга оширилади». 

Шундай қилиб, ўзаро боғлиқ шахслар доирасини СК 37-моддасининг 3-қисми ёпиқ рўйхатидан ташқари кенгайтириш  мумкин, лекин бу фақат суд тартибида амалга оширилади. Амалиётда бу шуни англатадики, бундай эътироф солиқ низолари доирасида – солиқ органининг солиқ тўловчи низолашаётган ёки судга мурожаат қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган қарори натижалари бўйича амалга оширилади.

Бошқа мамлакатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб, ўзаро боғлиқликнинг далили сифатида қуйидаги мезонлардан фойдаланилади:

  • ягона IP-манзил, хизмат кўрсатувчи банк, юридик манзил;
  • офислар, савдо нуқталарининг яқинлиги;
  • бозорда бир хил ёки ўхшаш жойлашув (товар белгиси, логотип, ном элементи);
  • меҳнат ва моддий ресурслар, контрагентларнинг мос келиши;
  • бевосита ёки билвосита юридик, иқтисодий ва бошқа назорат остида бўлиш:

– транзит операциялари;
– ҳисоб-китобларнинг алоҳида шакллари ва тўлов муддатлари;
– келишилган ҳаракатлар;
– контрагент – ташкилотнинг асосий ёки ягона даромад манбаи;

  • айни бир воситачи билан давом этаётган ишбилармонлик муносабатлари;
  • ягона холдингга тегишлилиги, ягона марказ билан боғлиқлиги;
  • фоизсиз қарзлар бериш ва бошқалар.

Эътибор беринг

Сохта битимлар ва трансферт нархни белгилаш бўйича битимлар турли хил солиқ оқибатларига эга бўлган турли хил ҳодисалардир. Уларни аралаштириб бўлмайди.

Солиқ органлари сохта ва қалбаки битимларни қайси мезонлар асосида баҳолаши билан бу ерда танишинг.

 

2-қадам: ҳақиқий солиқ хавфи қачон юзага келишини тушуниш

Шахсларнинг ўзаро боғлиқлиги (ўзаро алоқадорлиги) фактининг ўзи – қонунбузарлик эмас!

Солиқ қонунчилиги қоидаларидан ўзаро боғлиқлик қонунга хилоф эканлиги келиб чиқмайди. Бу – кенг тарқалган ҳуқуқий ҳолат. Ва кўп ҳолларда нормал ўзаро боғлиқлик муносабатлари бизнесга ёрдам беради: узоқ муддатли ҳамкорликни ўрнатиш, кучларни бирлаштириш, харажатларни камайтириш, ихтисослашиш ва ишлаб чиқарувчилар, дилерлар, лицензиатлар ва гуруҳнинг бошқа аъзолари ўртасида масъулият ва бошқарувни тўғри тақсимлаш осонроқ кечади.

Ўзаро алоқадор шахслар билан тузилган битимлар нархлари билан боғлиқ солиқ хавфлари фақат омиллар мажмуида юзага келади:

  • битим томонларининг ўзаро боғлиқлиги;
  • нархнинг бозорга хос эмаслиги (бозорга хос бўлмаган нархдан сезиларли ёки кўп марта оғиш);
  • битим томонларининг носимметрик солиқ режими.

Бу уч омил биргаликда асоссиз солиқ фойдасига олиб келади. Айнан шунда битим солиқ назорати остига тушади.

 

3-қадам: ўзаро боғлиқ шахслар билан тузилган битимларни таснифлаш

1. Дастлаб ўзаро боғлиқ шахслар билан тузиладиган битимларни резидентлар билан тузиладиган ва норезидентлар билан тузиладиган битимларга ажратамиз. Воситачилар орқали амалга оширилган бундай битимларни ҳам ҳисобга оламиз ;

2. Сўнгра битимларни мезонлар бўйича баҳолаймиз ва уларни назорат қилинадиган ва назорат қилинмайдиган турларга ажратамиз.

Назорат қилинадиган битимлар бўйича   хабарнома юбориш  ва Солиқ қўмитаси томонидан уларнинг чуқурроқ таҳлил қилинишини кутиш лозим. Ўзаро боғлиқ шахслар билан қолган битимлар бўйича – солиқ инспекцияларининг асоссиз солиқ фойдаси тўғрисидаги саволларига тайёрланамиз .

Тавсия

Ўзаро боғлиқлик мезонларини қўллаш бўйича аниқ мисоллардан фойдаланинг: умумий мулкдорлар, раҳбар орқали назорат, қариндошлик алоқалари.

 

4-қадам: назорат қилинадиган битимлар бўйича хабарнома юбориш.

Агар назорат қилинадиган битим аниқланган бўлса, СКнинг 182-моддасига мувофиқ хабарнома юбориш лозим. Билдиришнома шаклини тўлдириш тартиби махсус Низомда белгиланган.

2025 йилда тузилган назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги хабарнома қуйидагиларга тақдим этилиши лозим:

  • БҲМС бўйича ҳисоб юритувчилар учун – 2026 йил 2 мартдан кечиктирмай;
  • МҲХС бўйича – 2026 йил 1 майдан кечиктирмай.

 

5-қадам: солиқ хавфини баҳолаш ва ҳужжатларни тайёрлаш

Агар битим нархи бозор нархига мос келмайди деб ҳисоблашга асос бўлса, Солиқ қўмитасининг сўровига жавоб бериш учун ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйган маъқул .

Трансферт нархини белгилаш бўйича ҳужжатлар файлига қуйидагилар киради:

  • солиқ тўловчи ва гуруҳ тавсифи;
  • назорат қилинадиган битимлар рўйхати;
  • функционал таҳлил (FAR-таҳлил) ва таққослаш таҳлили;
  • ТНБ усулларини танлаш ва қўллаш;
  • компаниянинг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги молиявий маълумотлар ва ушбу маълумотлар ҳамда ТНБ ҳисоб-китоби ўртасидаги боғлиқлик;
  • иловалар – битимларнинг бизнес мақсадини тасдиқловчи шартномалар, ички савдо сиёсатлари, ҳисоб-китоблар, ҳужжатлар ва ҳаракатлар (ёзишмалар) нусхалари.

Солиқ тўловчининг бу босқичдаги вазифаси битим нархининг «узатилган қўл» тамойилига мувофиқлигини асослашдир: назорат қилинадиган битимларнинг танланган нархлари/маржаси таққосланадиган мустақил битимларда юзага келадиган нархларга мос келади.

«Узатилган қўл» принципи бўйича ҳисоблаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • FAR-таҳлил – ўзаро боғлиқ шахслар билан тузилган битимларда «узатилган қўл» тамойили бўйича ҳар бир томон қандай фойда олиши кераклигини тушуниш учун зарур;
  • таққосланувчанлик таҳлили  – танланган нархлар/маржа таққосланадиган мустақил битимлардаги нархларга мос келишини исботлаш учун, демак, – «узатилган қўл» тамойили бўйича;
  • усулни танлаш  ва бозор нархлари/рентабеллик оралиғи .

 

6-қадам: ўзаро боғлиқ шахслар билан тузилган битим нархини таҳлил қилиш ва зарур ҳолларда тузатиш киритиш

Агар битим нархи бозор оралиғида бўлса, солиқ базасига тузатиш киритиш шарт эмас.

Агар нарх бозор оралиғида бўлмаса, солиқ тўловчи солиқ базасини мустақил равишда ошириш томонга тузатиш киритишга ҳақли . Бу ҳолатда текширувга тайёрлигингизни текшириш муҳимдир (5, 7-қадамларга қаранг).

 

7-қадам: текширувга тайёрлигига ишонч ҳосил қилинг

Агар Солиқ қўмитаси сизга сўров юборса, унга жавоб беришингиз ва трансферт нархини белгилаш бўйича ҳужжатларни 30 календарь кун ичида тақдим этишингиз керак  .

Эътибор беринг

Солиқ кодексининг 193-моддаси 6-қисмида санаб ўтилган битимлар трансферт нархни белгилаш бўйича солиқ органлари назоратига тушмайди:

1) агар битимларнинг нархлари монополияга қарши органлар томонидан СК 178-моддаси 1-қисмининг 3-бандига мувофиқ белгиланган бўлса ёхуд нарх тартибга солинадиган бўлиб, СК 179-моддасининг 3-қисмига мувофиқ қўлланилса;

2) агар битим назорат қилинадиган бўлмаса;

3) қимматли қоғозларнинг уюшган бозорида муомалада бўлган қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир битимлар тузилганда;

4) СКнинг 25-бобига мувофиқ солиқ солиш мақсадида нархни белгилаш тўғрисида тузилган битимлар амалга оширилганда.

Ушбу битимлар бўйича маълумотларни солиқ тўловчи ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин.

 

 

Фойда солиғи Ўзбекистонда: ҳисоб-китоб, солиқ ставкалари фойда солиғи, юридик шахслар солиғи, ҳисоб-китоб, солиқ ҳисоботи, ставка, имтиёзлар Фойда солиғи: қандай ҳисобланади, кимлар тўлайди, ставкаси қанча ва қандай муддатларда ҳисобот тақдим этилади. Солиқдан озод этиш ҳолатлари, кам учрайдиган хатолар, ҳисоб-китоб усуллари ва амалий мисоллар бўйича барча жавоблар Buxgalter.uz сайтида! /uz/publish/doc/text213776_uzbekistonda_transfert_narhni_belgilash_bitimlarni_tahlil_qilishning_bosqichma-bosqich_algoritmi