МЧЖ тўғрисидаги янги Қонун: бухгалтерлар учун 7 та муҳим ўзгартириш

preview

«Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги янги Қонун қабул қилинди – энди у эски 310-II-сон Қонуннинг янги таҳрири эмас, балки янги реквизитларга эга бўлган алоҳида қонунчилик ҳужжатидир (21.04.2026 й. ЎРҚ-1137-сон).

У 2026 йил 22 июлдан кучга киради. Ундаги бухгалтерлар учун муҳим ўзгартиришларни buxgalter.uz сайтида таҳлил қиламиз:

Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

1. Тақсимланмаган фойда – устав фондини (УФ) кўпайтиришнинг янги манбасини шакллантириш учун энди аудит керак

Устав фондини кўпайтириш манбаларига тақсимланмаган фойда қўшилди. Аммо бунинг шарти бор: мол-мулк ёки фойда ҳисобига кўпайтириш энди фақат ташқи аудиторлик хулосаси билан тасдиқланган молиявий ҳисобот маълумотлари асосида мумкин. Ва бундай ўзгариш олдинги қарордан камида бир йил ўтгач амалга оширилади.

 

2. Улушнинг ўтиши энди фақат давлат реестрига ёзув киритилгандан кейин амалга оширилади

Аввал: иштирокчининг ҳуқуқлари жамиятга улушдан воз кечиш тўғрисида ёзма билдиришнома берилган (воз кечиш амалга оширилганлиги ҳақидаги далилларни тақдим этган ҳолда) пайтдан бошлаб ўтарди.

Ҳозир: улушга бўлган ҳуқуқ ягона давлат реестрига ёзув киритилган пайтдан бошлаб ўтади ва реестрдан кўчирма билан тасдиқланади.

50 фоиз ва ундан ортиқ улушга эга бўлган янги эгаси (давлатдан ташқари) миноритар иштирокчиларга ўз улушларини бозор қийматида сотиб олишни таклиф қилиши шарт бўлган муддат 30 кундан 15 кунгача қисқартирилди.

 

3. Иштирокчиларнинг қўшимча ҳиссалари ва учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига УФни кўпайтириш муддатлари бузилса

Агар қўшимча ҳиссалар белгиланган муддатларда барча иштирокчилар томонидан тўлиқ киритилмаган бўлса ва жамият томонидан уларнинг дастлабки белгиланган умумий қийматини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинмаган бўлса, УФни кўпайтириш амалга ошмаган деб ҳисобланади.

Бундай ҳолда келиб тушган барча қўшимча ҳиссалар қайтарилиши керак: пул маблағлари – 10 кун ичида, пулсиз ҳиссалар – 3 ой ичида.

Агар пул ҳиссалари кўрсатилган муддатда қайтарилмаса, уларга қонунчилик бўйича фоизлар ҳисобланади. Пулсиз ҳиссалар бўйича эса – мол-мулкдан фойдаланиш имконияти бўлмаганлиги учун бой берилган фойда қопланади.

 

4. Йирик битимлар

Йирик битимлар чегараси тубдан ўзгарди. 25 фоиз энди жами мол-мулкдан эмас, балки соф активлардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Аввал: йирик битим бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари бўйича мол-мулк қийматининг (барча активлар) 25 фоизига тенг ёки ундан юқори бўларди.

Ҳозир: йирик битим молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича соф активлар қийматининг 25 фоизига тенг ёки ундан юқори бўлади.

 

5. Аффилланган шахслар билан тузиладиган битимлар – янги боб

Энг муҳим ўзгаришлардан бири: Қонунга илк бор боғлиқ тарафлар билан тузиладиган битимларни батафсил тартибга солувчи алоҳида боб киритилди.

Қонун жамиятнинг 12 тоифадаги аффилланган шахсларини белгилайди –рўйхат «манфаатдор шахс» тушунчасига нисбатан анча кенгайтирилган.

Шунингдек, жисмоний шахс бўлган иштирокчилар орқали жамият билан аффилланган юридик шахсларнинг 3 та тоифаси белгиланди.

Янги қоидаларга кўра:

  • аффилланган шахс кутилаётган битим ҳақида жамиятни ёзма равишда хабардор қилиши шарт ва уни муҳокама қилишда иштирок этиш ҳамда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас;
  • ижро этувчи орган ва ички аудит хизмати битимни 3 иш куни ичида ўрганади;
  • кузатув кенгаши хабарнома олинган пайтдан бошлаб 15 кун ичида қарор қабул қилади;
  • соф активлар қийматининг 20 фоизига тенг ёки ундан ошадиган суммадаги битим баҳоловчи ва мустақил аудиторни талаб қилади;
  • 5 фоиз ва ундан ортиқ улушга эга бўлган иштирокчи ҳар қандай бундай битимни текшириш учун мустақил равишда аудиторни жалб қилишга ҳақли;
  • аффилланган шахслар билан тузилган битимлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан аффилланган шахсларнинг ёзма аризалари ва битимлар бўйича қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ тавсифи, қарор қабул қилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек аффилланган шахслар билан битимлар тузишда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборот жамиятнинг йиллик ҳисоботининг ажралмас қисми ҳисобланади.

 

6. Қайта ташкил этиш ва тугатиш

Муҳим ўзгариш: кредиторларни қайта ташкил этиш тўғрисида хабардор қилиш муддати 30 кундан 70 кунгача узайтирилди. Кредиторлар 70 кун ичида талабларни тақдим этишга ҳақли.

Фаолият кўрсатмаётганлиги учун тугатувчи тайинламасдан мажбурий тугатиш нормалари киритилди: агар жамият фаолият кўрсатмаётган ҳолатга ўтказилган бўлса ва 1 йил ичида молиявий-хўжалик фаолиятини тикламаган бўлса – рўйхатдан ўтказувчи орган уни соддалаштирилган тартибда тугатади. Бунда тугатувчи тайинланмайди.

Ушбу қоидадан мустасно ҳолат – давлат улуши бўлган жамиятни тугатиш. Бундай ҳолда тугатиш комиссияси тайинланади ва унинг таркибига давлат мулкини бошқариш органи вакили киритилади.

 

7. Жавобгарлик

Жамият мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликка тортиладиган шахслар доираси кенгайтирилди. Илгари МЧЖ тўловга қобилиятсиз бўлиб қолганда субсидиар жавобгарлик фақат айби билан бу ҳолат юз берган иштирокчига таҳдид соларди. Энди жавобгарликни қуйидагилар ҳам зиммасига олади: директор, коллегиал ижро этувчи орган, кузатув кенгаши аъзолари, ишончли бошқарувчи, иштирокчи. Агар айбдорлар бир нечта бўлса, солидар жавобгарлик юзага келади.

 

«Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг барча эски ва янги нормаларининг бухгалтерлар учун шарҳлар билан берилган батафсил солиштирма жадвалини бу ерда кўринг > > >

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text214725_mchj_tugrisidagi_yangi_qonun_buhgalterlar_uchun_7_ta_muhim_uzgartirish