Май ойида ҳар бир бухгалтерга асқотади:
2026 йил 1 июлдан солиқ тўловчилар учун текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Ушбу ва бошқа таъсирчан чора-тадбирлар (шу жумладан янги проактив ҳисоботлар тўплами) Президентнинг «Солиқ органлари фаолиятини институционал такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигига замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-95-сон Фармонида кўзда тутилган.
ПФ-95-сон Фармон бўйича асосий янгиликлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
Шундай қилиб, Президентнинг 19.05.2026 йилдаги ПФ-95-сон Фармонига мувофиқ:
1) 2026 йил 1 июлдан бошлаб:
- текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
- солиқ хавфининг ўртача даражасига киритилган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар тўғрисида хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Бунда аниқланган камчиликлар 1 ой ичида бартараф этилган тақдирда солиқ текшируви ўтказилмайди;
- янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига фаолиятининг дастлабки 6 ойи давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизматларини «Soliq-servis» АЖ – уларнинг танловига кўра бепул асосда кўрсатади;
2) 2027 йил 1 январдан бошлаб:
- пировард истеъмолчига сотиладиган нефть-газ маҳсулотлари бўйича акциз солиғи, норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ ҳисоботи проактив тартибда шакллантирилади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ваколатли органларнинг солиқ органларига тақдим этган маълумотлари асосида ҳисобланади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
- жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини қоплашга йўналтирилган даромадларига нисбатан солиқ имтиёзларини қўллаш проактив тартибда амалга оширилади. Имтиёзларни қўллаш натижасида ҳосил бўлган ортиқча сумма жисмоний шахсларнинг мурожаати асосида 10 иш куни ичида қайтарилади;
Эътибор беринг
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботни шакллантиришнинг проактив тартиби амал қилмоқда, апрель ойида эса улар бўйича ҳисобот шакллари янгиланди.
Батафсил тавсиялар – мисоллар ва амалдаги меъёрларга ҳаволалар билан босқичма-босқич йўриқномалар тайёрладик:
– ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича проактив тартибда қандай ҳисоботларни қандай тўлдириш керак;
3) 2027 йил 1 январдан бошлаб:
- солиқ хавфи паст бўлган солиқ тўловчиларга ноль даражали солиқ ставкасини қўллаш натижасида ва кўчмас мулкни сотиб олиш ҳисобига ҳосил бўлган ҚҚС бўйича салбий фарқ суммасини қоплаш (қайтариш) автоматлаштирилган тартибда 3 кун муддатда амалга оширилади. Бунда айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун ҚҚС суммасини қоплашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади;
- қарз (молиявий ёрдам) ва омборда сақлаш шартномалари солиқ органларида ҳисобга қўйилади.
Шу тариқа, солиқ органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган шартномалар рўйхати кенгайтирилмоқда. Кўчмас мулк ва автомобилларни ижарага бериш шартномалари аллақачон рўйхатга олиниши керак бўлгани сабабли, бундай тартиб-қоидаларни олдиндан ўрганиб олиш учун яхши сабаб. Агар сиз ушбу иш соҳасини эндигина йўлга қўяётган бўлсангиз ёки ҳаракатлар тартибини долзарб талаблар билан солиштирмоқчи бўлсангиз, бизда ҳар бир ҳолат учун батафсил кўрсатмалар мавжуд:
4) 2026 йил 1 июлдан бошлаб:
- давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари балансидаги нотурар объектларни ижарага бериш фақат «E-auksion» платформаси орқали амалга оширилади;
- хўжалик юритувчи субъектларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг янги мезонлари қўлланилади (Фармоннинг 2-иловасида санаб ўтилган);
5) 2027 йил 1 январдан бошлаб:
- ўтган йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, кетма-кет келган охирги 12 ой давомида Давлат бюджетига 500 минг БҲМдан ортиқ ҳажмда солиқлар, йиғимлар ва давлат божи, шунингдек, солиқ бўлмаган тўловларни тўлаган корхоналар ва тижорат банклари ўта йирик солиқ тўловчилар деб тан олинади. Уларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади;
- ўта йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ маъмуриятчилиги йирик солиқ тўловчилар учун белгиланган тартибда юритилади.
![]()