1 июлдан киритиладиган ўзгартиришларга олдиндан тайёрланинг:
ЎРҚ-1155-сон Қонун бўйича «Коррупционерларнинг электрон реестри»га кимлар киритилади
22.06.2026 йилдаги ЎРҚ-1155-сон Қонун билан қонунчиликка коррупцияга қарши курашни кучайтириши керак бўлган ўзгартиришлар киритилмоқда. Бизнинг фикримизча, баъзи чоралар хоҳлаганимиздан кўра инсонпарварроқ кўринади... Масалан, давлат харидларидаги коррупцион ҳаракатлар учун жарима миқдори. Ёки коррупция учун судланганлиги олиб ташланмаган шахсга давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда раҳбарлик лавозимларини эгаллашни тақиқлаш.
Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги қонунчиликка ЎРҚ-1155-сон билан киритилган ўзгартиришлар кўп, уларнинг айримларини кўриб чиқамиз.
Жумладан, Жиноят кодексининг 208-моддаси 2-қисм билан тўлдирилди:
- «Ҳокимият ҳаракатсизлиги ғаразгўйлик ниятларида содир этилган бўлса, – БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
Бу – янгилик. Илгари ҳокимият ҳаракатсизлигидаги «ғаразли ниятлар» ажратиб кўрсатилмас эди, «ғаразсиз ҳаракатсизлик» учун жазо эса енгилроқ эди – БҲМнинг 100-300 бараваригача, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва ҳоказо.
Жиноят кодексининг 213-моддаси «Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш» ва 214-моддаси «Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши» айбдор шахс учун «бир йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш» шарти билан тўлдирилди.
Илгари бундай вазиятларда ягона мумкин бўлган вариант фақат «икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари» эди.
МЖтКнинг 175-8-моддаси 5 ва 6-қисмлар билан тўлдирилди:
- «Давлат хариди предметининг бошланғич нархи ва унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш, бундан талон-торож қилиш ҳоллари мустасно, мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
- Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Бунда, давлат харидларида харид қилинадиган товарлар ва хизматларнинг ўртача бозор нархини ўрганиш ва аниқлаш тартиби, шунингдек, бошланғич нархнинг ўртача бозор нархидан оғишининг аниқ максимал йўл қўйиладиган чегараси ва нарх шаклланиши устидан назорат ўрнатиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан яқин 3 ой ичида белгиланиши ва тасдиқланиши лозим.
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги ЎРҚ-419-сон Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, коррупцияда айбдор деб топилган шахслар ЖКнинг 78-моддасида белгиланган судланганлик муддатига махсус электрон реестрга киритилади. Уларга нисбатан қуйидаги чекловлар белгиланади:
- давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
- сайлаб қўйиладиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзод этиб кўрсатиш;
- давлат органлари ва идоралараро коллегиал органлар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларига аъзолик;
- улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) УФ (УК) нинг 50 фоизидан ортиқ улушига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг давлат харидлари ва ДХШ тўғрисидаги битимларда иштирокчи (ижрочи) сифатида иштирок этиши;
- давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш.
Бошқа ўзгартиришга кўра, коррупция ҳақида хабар берган давлат органлари ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари 2 йил давомида фақат Коррупцияга қарши курашиш агентлигини хабардор қилиш шарти билан қўлланилади ва ҳоказо.
Сизнингча, янги жиноий ва маъмурий чоралар коррупцияни енгишга ёрдам берадими? Илтимос, ўз таклифларингизни пост остидаги изоҳлар бўлимида қолдиринг
![]()