Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Асоссиз текширувлардан ҳимоя қилиш, бизнеснинг янги тоифалари, тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона реестри ва хусусийлаштириш натижаларининг ҳуқуқий дахлсизлиги – Ўзбекистонда тадбиркорлар учун фаолият шартларини ўзгартирадиган ЎРҚ-1168-сон Қонун (17.08.2026 й.) имзоланди.
Бизнес ва давлат ўртасидаги муносабатларда нималар ўзгарди, энди қонун билан қандай преференциялар кафолатланади – buxgalter.uz шарҳида:
Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳини Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
Эътибор беринг
Мақолалардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола қўйилганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
1. Тадбиркорлик эркинлиги кафолатларининг асосий принципларини мустаҳкамлаш
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга асосий принципларни белгиловчи янги боб киритилди:
- тадбиркорликнинг қонунийлиги ва эркинлиги – ҳар кимнинг қонуний тадбиркорлик фаолияти билан эркин шуғулланиш ва унинг йўналишларини танлаш ҳуқуқи кафолатланади;
- Хусусий мулк дахлсизлиги – тадбиркорларнинг мулки давлат ҳимоясида бўлади, уни олиб қўйишга фақат алоҳида ҳолларда, суд қарори билан ва етказилган зарар тўлиқ қопланган ҳолда йўл қўйилади. Давлат органлари, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ва судларнинг хусусийлаштириш ҳамда баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш бўйича ташаббуслари қонунбузарлик деб эътироф этилади;
- Ишонч ҳимояси ва барқарорлик – давлат ҳуқуқий муҳитнинг барқарорлигини, шунингдек ҳалол тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини тез-тез ўзгарувчан амалиётдан ҳимоя қилинишини кафолатлайди;
- Коррупциядан холилик: давлат томонидан тартибга солиш жараёнларида бевосита инсон омилини минималлаштириш.
- Тенглик – тадбиркорлик субъектлари мулкчилик шакли, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва бошқа ҳар қандай ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенгдир.
2. Тадбиркорлик субъектларининг янги таснифи
Бизнесни календарь йил давомидаги йиллик айланма миқдорига қараб тоифаларга ажратиш мезонлари ўзгартирилди:
- Микрофирмалар – йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача (таъсисчилари – жисмоний шахслар);
- Кичик корхоналар – йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача (ёки таъсисчилари таркибида юридик шахслар мавжуд бўлса);
- Ўрта тадбиркорлик субъектлари – йиллик айланмаси 10 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача;
- Йирик тадбиркорлик субъектлари – йиллик айланмаси 100 млрд сўм ва ундан юқори.
Кичик тадбиркорлик субъектлари белгиланган шакллардаги ҳисоботларни фақат статистика органларига ва давлат солиқ хизмати органларига тақдим этади, якка тартибдаги тадбиркорлар эса – фақат солиқ органларига топширади.
Ҳисоботлар фақат электрон шаклда, ЭРИ орқали тақдим этилиши белгиланди. Давлат ҳисоб юритиш учун дастурий таъминотни имтиёзли шартларда ёки бепул тақдим этади. Давлат органлари томонидан илгари тақдим этилган маълумотларни қайта сўраб олиш тақиқланади.
3. Хусусийлаштириш натижаларини ҳимоя қилиш
Қатъий қоида ўрнатилди: давлат органлари, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ёки судларнинг хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш натижаларини (шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини) қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш бўйича ташаббуси хусусий мулк дахлсизлигининг бузилиши сифатида малакаланади ва бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари фақат қонунга мувофиқ белгиланади.
4. Ҳуқуқий таъсир чоралари ва текширувларни чеклаш
Суд тартиби жорий этилмоқда. Аксарият таъсир чоралари (фаолиятни тугатиш, ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, лицензияларнинг (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг) амал қилишини 10 кундан ортиқ, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ва б.) энди фақат суд тартибида қўлланилиши мумкин.
«Таваккалчиликларни таҳлил қилиш» электрон тизими натижалари ҳамда бошқа давлат органлари томонидан тақдим этилган қонунбузилиши ҳолатлари тўғрисидаги ахборот асосидаги текширувлар энди фақат профилактика тадбирлари ўтказилганидан сўнг амалга оширилади (солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) далиллари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувлари бундан мустасно). Ваколатсиз органларнинг текширувлари ноқонуний деб топилади.
Назорат қилувчи органлар томонидан фаолиятни судгача тартибда тўхтатиб туришга фақат 10 иш кунигача бўлган муддатга ҳамда фақат ҳаёт ва соғлиқ учун юқори хавф туғдирувчи омиллар реестридаги омилларга асосан йўл қўйилади. Бошқа ҳолларда – фақат суд орқали.
Жарималар енгиллаштирилди. Энди тадбиркор назорат қилувчи органлар кўрсатмаларидаги қоидабузарликларни бартараф этса ва етказилган зарарни ихтиёрий равишда қопласа, унга нисбатан молиявий санкциялар қўлланмайди (солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий санкциялар бундан мустасно).
Жаримани ихтиёрий тўлаш мумкин. Қонунда бир ой муддатда жариманинг 50 фоизини тўлаб, қолган қисмидан озод бўлиш ёхуд тўловни 6 ойга бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган.
Бунда, агар тадбиркорлик субъекти назорат қилувчи органнинг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан эътиборан бир ой ичида жарима миқдорининг камида 1/6 (олтидан бир) қисмини дастлабки тўлов сифатида тўласа, жаримани бўлиб тўлаш тартиби автоматик тарзда қўлланади.
5. Фаолиятни тўхтатиб туришни соддалаштириш
Тадбиркорнинг ўз аризасига кўра (рўйхатдан ўтказувчи органлар ёки автоматлаштирилган тизим орқали) бизнес фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби жорий этилди. Бу, ўз навбатида, фаолият тўхтаб турган даврда тадбиркор ва унинг ҳар бир ходимига нисбатан солиқ ва статистика ҳисоботларини топширишни, шунингдек солиқлар ҳисобланишини автоматик тарзда тўхтатиб қўяди.
6. Мажбурий талабларнинг ягона реестри
Тадбиркорлик соҳасида Мажбурий талабларнинг ягона реестри яратилмоқда (оператор – Адлия вазирлиги). Муҳим жиҳати: тадбиркорлар ушбу расмий реестрга киритилмаган талабларни бажармаганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
7. Давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунчиликда белгиланган солиқ, божхона имтиёзлари, молиявий ва бошқа турдаги имтиёзлар (моддий шаклдаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари), шунингдек преференциялар (номоддий шаклдаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари) тўлиқ ҳажмда қўлланиши давлат томонидан кафолатланади.
Бунда товарлар савдоси соҳасида молиявий ва мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тақиқланади, агар улар:
- экспорт натижаларига боғлиқ бўлса;
- импорт товарлари ўрнига маҳаллий товарлардан фойдаланиш талабига боғлиқ бўлса.
Ижтимоий тадбиркорлик – тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий, экологик муаммоларни ҳал этишга ёки уларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган фаолиятидир.
Ижтимоий тадбиркорлик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар бериш солиқ имтиёзлари ва божхона тўловлари бўйича енгилликларни қўллашни, соддалаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этишни, давлат кўчмас мулк объектларини имтиёзли шартларда ижарага беришни, ижтимоий товарларни (хизматларни) давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотишни, реклама берувчилар томонидан ижтимоий товарлар (хизматлар)ни бепул реклама қилишни ва бошқаларни назарда тутади.
Барқарорлик рейтинги ва масъулиятли бизнес. Ҳужжатда масъулиятли бизнес реестрлари ва барқарорлик рейтингини юритиш ҳамда ҳалол компанияларга кейинчалик преференциялар ва имтиёзлар бериш назарда тутилган.
Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектлари давлат томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда грантлар, солиқ имтиёзлари, давлат харидларида устуворлик бериш ва бошқа чоралар орқали қўллаб-қувватланади.
Ҳудудлар тоифалари бўйича қўллаб-қувватлаш. Тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан имтиёз ва преференциялар якка тартибда эмас, балки иқтисодиёт тармоқлари, соҳалар ёки ҳудудлар кесимида белгиланади.
8. Давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик ва қонун ижодкорлигида иштирок этиш
Қонун билан бизнесга тўсқинлик қилиш ёки давлат томонидан белгиланган имтиёз ва преференцияларни қўллашни асоссиз рад этиш тақиқланади.
Тадбиркорлар манфаатларига дахлдор бўлган барча ташаббуслар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда бизнес ҳамжамияти иштирокида жамоатчилик муҳокамасидан, тартибга солиш таъсирини баҳолашдан (ТСБ) ўтказилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида дастлабки тарзда кўриб чиқилади.
Тадбиркорларга давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларига шикоят, таклиф ва аризалар йўллаш бўйича қонуний ҳуқуқ берилди.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар бундай мурожаатларни холисона, ҳар томонлама, асосли ва қатъий равишда қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқиши шарт. Бунда тадбиркорларни фаол фуқаролик позицияси учун ёки мурожаат қилгани учун таъқиб этишнинг ҳар қандай шакли тақиқланади.
Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач — 2026 йил 18 ноябрда кучга киради.
![]()