ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
1 декабрдан нималар ўзгаради
Norma.uz портали 2021 йил 1 декабрдан бошлаб кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.
Кўчма савдо соддалаштирилади
- Тадбиркорлик субъектлари кўчма савдо объектларини «K–SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказганларидан кейин савдо автоматлари ва автошохобчалар орқали савдо қилишлари мумкин. Бунда рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди;
- кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича «K-SAVDO» ААТ орқали электрон аукционда сотилади.
Давлат органлари коррупцияга қарши курашиш ҳақида ҳисобот берадилар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
Харид комиссиясининг айрим ваколатлари бекор қилинади
Харид комиссиясининг маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш ва иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш ваколатлари бекор қилинади.
Божхонада – ягона ҳисобварақ-фактура асосида олдиндан тўлов
Ўзбекистон Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:
- ветеринария ва фитосанитария органларининг:
– товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;
– товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади;
- тўланадиган барча йиғимларни транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар ягона ҳисобварақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий этилади.
Шартномалар тузиш тартиби соддалаштирилди
Қуйидагилар бекор қилинади:
- тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
- қуйидагиларни белгилашга доир талаблар:
– давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни;
– қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни.
Онлайн-НКТ чекларида – қўшимча маълумотлар
Электрон чекларда электрон тўлов тизимлари хизматлари ёрдамида амалга оширилган транзакцияларнинг («P2P» тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилади.
Norma.uz материаллари асосида.