1 октябрдан имтиёзлар бекор қилинишидан ташқари яна нималар ўзгаради

preview

ҚҚС бўйича айрим имтиёзларни бекор қилиш, акцизларни индексация қилиш, бизнес учун текширувларнинг тури ва СЭХнинг белгиларини жорий этиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини ва давлат харидлари доирасида импортни қисқартириш, хусусий таълим, банк соҳаси, сув таъминоти ва бошқа тармоқларда янги қоида – юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Олег ЗАМАНОВнинг шарҳида.

Имтиёзларни бекор қилиш

ҚҚС бўйича қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

  • «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ расмий дилерларининг автомобилларни таъмирлаш ва уларга сервис хизматлари кўрсатиш, жумладан ушбу хизматларни кўрсатиш вақтида ўрнатиладиган эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материалларнинг нархлари, шунингдек эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материалларни уларнинг савдо тармоқлари орқали сотишда ;
  • нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширувчи хорижий компаниялар, шунингдек улар томонидан жалб этиладиган хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан қидириш, разведка қилиш ва бошқа тегишли ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган ускуналарни, моддий-техника ресурслари ва хизматларни импорт қилишда ;
  • «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзолари томонидан импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар бўйича . Бундан буён импорт божи ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар тўқимачилик саноатининг барча корхоналарига татбиқ этилади;
  • электротехника саноати корхоналари томонидан импорт қилинадиган ускуналар ва материаллар бўйича ;
  • «Ўзчармсаноат» уюшмаси аъзолари томонидан импорт қилинадиган ускуналар ва бутловчи буюмлар бўйича . Бундан буён импорт божи ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ташкилотларга татбиқ этилади.

Текширувларнинг янги тури

Лицензия ёки рухсат гувоҳномаларисиз ишлаб чиқарилган ва сотилган, идентификация воситалари билан маркировкаланмаган, қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳақида далолат берувчи ҳолатлар бўйича текширишларнинг янги тури жорий этилади. Уларни ташкил этилган Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда қуйидаги корхона ва ташкилотларда ўтказади:

  • истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда;
  • алкоголь маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда.

Навбатдаги “светофор”

Тадбиркорлик субъектларига "Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси"ни бериш амалиёти жорий қилинади. Бу билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭХ) шуғулланади.

Янги белгида тадбиркорнинг фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигига боғлиқ ҳолда 3 хил турдаги - "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифалар бўлади. Рангли маркировка 12 ой муддатгача амал қилади. "Яшил" тоифадаги белги устуворлик беради - СЭХ органлари томонидан текширилишидан озод этилади (оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно). "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектлари "яшил" тоифадаги белгига эга бўлган объектларга тенглаштирилади.

Белгилар:

  • тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан – ихтиёрий ЯИДХП орқали пуллик асосда;
  • давлат органлари ташаббуси билан - қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда мажбурий берилади.

Сигареталар учун акциз


Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган сигареталар (фильтрли ва фильтрсиз) ва папиросларга акциз солиғи 7%га ошади ва 163 500 сўм/ 1000 дона + 9% ни ташкил этади.

Хусусий таълим учун – янги талаб ва йиғим

Нодавлат таълим муассасалари учун янги лицензия талаби жорий этилмоқда. "Нодавлат таълимни бошқариш ахборот тизими"га киритиш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига улар ўзлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари керак. Маълумотларни электрон шаклда лицензия олган кундан бошлаб 30 кун давомида топширилиши зарур, акс ҳолда унинг амал қилишини тўхтатишлари ёки тугатишлари мумкин.

Ушбу тизимдан маълумотлар хусусий таълим ташкилотлари ўз битирувчилари учун расмийлаштирадиган кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларнинг бланкаларида акс этади. Ушбу бланкаларни берганлик учун йиғим жорий этилади – БҲМнинг 10%и. Кўрсатилган маблағлар Давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига келиб тушади.

Ерга бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш тартиби

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатларга нисбатан янги тартиб жорий этилмоқда. Энди улар 2013 йилда барпо этилган Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Дарсликларни нашр этиш

Давлат бюджети маблағлари ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда, қайта нашр этишда нархларни давлат томонидан тартибга солишни (рентабелликнинг чекланган даражасини белгилаш) бекор қилинади. Ноширлик ва матбаа корхоналари, шу жумладан, давлат буюртмасини бажарувчи корхоналар нархни шакллантириш сиёсатини бозор механизмлари асосида эркин шакллантиради.

Электр ускуналарини “бўлиб-бўлиб тўлаш” билан улаш

Қуввати 140 кВт гача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маблағлари ҳисобидан улашни бошлайдилар. Тадбиркорлик субъекти  давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун ариза бериш билан бир вақтда тегишли сўровномани топшириши мумкин. Харажатлар фойдаланилган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан 1 йил давомида ундириб олинади. 

Туризмдаги кредитлар бўйича муддатини кечиктириш

1 октябрдан бошлаб жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича асосий қарз тўлови 18 ойдан 24 ойгача узайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, жойлаштириш воситалари – бу меҳмонхоналар, туризм базалари ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали оромгоҳлар, санаторийлар ва меҳмонхона хизматлари - вақтинча яшаш хизматларини кўрсатадиган бошқа объектлар.

Рақобат муҳити

Рақобат муҳитини ривожлантириш ва иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш доирасида:

а) давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг (мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизликни таъминлаш маысадлари – бундан мустасно) ташкил этилиши қуйидаги ҳолатларда тақиқланади:

  • битта товар бозорида 5 та ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган соҳаларда;
  • давлат органлари томонидан ўзларига лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган соҳаларда.

Қолган ҳолларда бундай субъектлар монополияга қарши органнинг дастлабки розилиги олингандан кейин ташкил этилади ва қайта ташкил этилади;

б)  ягона етказиб берувчи бўлган ёки бундай ҳуқуқ берилган ёхуд устун (монопол) мавқега эга давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларига:

  • фаолияти муассисининг товарлари (ресурслари) ёки тармоқ инфратузилмасидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган;
  • хусусий тадбиркорлик субъектлари билан рақобатлашадиган фаолият билан шуғулланадиган ўзларининг аффилланган шахсларини ташкил этиш тақиқланади (истисно - рақобатчилари билан тенг шартлар асосида бўлиб юбориш);

в) давлат буюртмачиси, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамияти ва корхонаси билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект давлат харидларини ёки энг яхши таклифларни танлаб олишнинг ёхуд тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчиси бўлиши мумкин эмас. Истисно - давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатда мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун амалга ошириладиган давлат харидлари, шунингдек давлат сирлари билан боғлиқ бўлган давлат харидлари.

г) давлат буюртмачиси, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамияти ва корхонаси тендер ва танлов савдолари ҳамда энг яхши таклифларни танлаб олиш тартиб-таомиллари ўтказилишидан аввал у билан аффилланган шахслар ҳақидаги маълумотларни давлат харидлари xarid.uz сайтида жойлаштиришга мажбурдир.

 

Дон маҳсулотлари нархлари

Интервенцион харидлар тизимини босқичма-босқич жорий этиш бошланади.  Бу аҳолини дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар кескин ўзгаришининг олдини олишга ёрдам беради.

 2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажмлари босқичма-босқич камайтирилади, бозор механизмлари жорий этила бошлайди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун давлат буюртмаси тизимидан давлат захирасидан фойдаланишга ўтиш тартиби алоҳида ёзилади.

 

Давлат харидлари доирасида импорт улуши

Қуйидаги қоидалар жорий этилади:

  • бюджет ва корпоратив буюртмачилар раҳбарлари харид қилиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини шакллантиришда уларни cooperation.uz порталида рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади;
  • корпоратив буюртмачи – корхоналар раҳбарлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан (техник кўрсаткичлар, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва муддатлари бўйича) харид қилиш имкони бўлмаган тақдирда, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг корпоратив харидларини импорт орқали амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини кузатув кенгашларига (таъсисчиларнинг умумий йиғилишларига) асослаб беради;
  • корхоналарнинг кузатув кенгашларидаги (таъсисчиларнинг умумий йиғилишларидаги) давлат вакиллари (бошқарув органлари мажлисларида):

- умумий қиймати БҲМнинг 50 минг бараваридан юқори бўлган импорт товарлар (ишлар, хизматлар) харидларининг асосланганлигига оид масалаларнинг кўрилишини таъминлайди;

- ишлаб чиқариш захираларидаги импорт товарларининг омборлардаги қолган қисмини таҳлил қилади.

Сув таъминоти

Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида:

  • инвестиция лойиҳаларини саралаш, амалга ошириш ҳамда уларнинг натижадорлигини мониторинг қилиш бўйича янги тартиб ўрнатилмоқда;
  • ҳудудларда ТҲШдан қатъи назар, сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) улар бўйича дастлаб монополияга қарши курашиш ва нархларни (тарифларни) тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлигича Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тасдиқланади.
  • аҳоли сони жами 15 мингдан кам бўлмаган, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича нодавлат ННТга ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаларини бериш амалиёти жорий этилади.

Norma.uz материаллари асосида