2023 йил 1 сентябрдан нималар ўзгаради

preview

Сентябрь ойида қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришларнинг навбатдаги пакети кучга киради. Buxgalter.uz янгиликлар тўпламини тақдим этади.

 

Янгиликларни тезкор тарзда ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

1 сентябрдан бошлаб

 

Ёнғинни олдини олиш умуммиллий кампанияси бошланади

“Ёнғиндан огоҳлик” кампанияси доирасидаги тадбирлар нафақат умумтаълим ва давлат муассасаларида, балки тадбиркорлик субъектларида ҳам ўтказилади. ФВВ ҳокимликлар билан биргаликда қуйидагиларни ташкил этади:

  • таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича машғулотлар ўтказиш;
  • иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан, эвакуация режалари, ўт ўчириш воситаларидан фойдаланиш қоидалари билан таништириш ва ёнғин келиб чиқиш хавфи бўлган ҳоллардан огоҳ бўлиш;
  • ёнғин хавфсизлиги мавзусида семинарлар, маърузалар, маҳорат дарслари, танловлар ва тақдимотлар ўтказиш, аҳолини тарқатма материаллар билан таъминлаш .

 

Тамаки ва пиво маҳсулотлари савдоси учун рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилди

Тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдосини, шунингдек пиво маҳсулотининг улгуржи савдосини бошлаш учун энди хабардор қилиш етарли бўлади .

 

Инвесторлар айрим қоғоз шаклидаги ҳисоботларни топширишдан озод қилинади

24.03.2023 йилдаги ПҚ-102-сон қарорга асосан кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади.

Онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар “E-auksion” савдо платформасида электрон шаклда расмийлаштирилади.

Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш бекор қилинди. Инвесторлар маълумотларни тегишли давлат органлари билан интеграция қилинган “Давлат мулки” ахборот тизими орқали юборади.

Шунингдек, ҳар чоракда жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш бекор қилинди.

 

Аҳоли ва бизнес учун субсидиялар махсус платформа орқали онлайн ажратилади

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурига асосан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич субсидия ажратишнинг Ягона электрон платформасига ўтказилади. Шунингдек, субсидиялар ажратилишининг мақсадга мувофиқлигини онлайн текширишдан ўтказиш режалаштирилмоқда.

 

Банклар давлат улушига эга корхоналар депозитлари учун рақобатлашади

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналарнинг бўш пул маблағларини депозитга жойлаштириш бўйича тижорат банклари ўртасида фоиз ошиб бориш тарзида банк капитали етарлилиги; банк капиталининг унинг мажбуриятларига нисбати; ликвидлилик коэффициенти каби шартларни назарда тутган ҳолда аукцион савдолари ўтказилади .

 

Давлат чорвадорларни янги субсидиялар билан қўллаб-қувватлайди

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 2025 йил якунига қадар давлат томонидан чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига субсидия ажратилади:

  • хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 млн сўм;
  • наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;
  • ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 15 минг сўмини қоплаш учун .

 

Қирғизистонга сафар учун ID-карта етарли

1 сентябрдан бошлаб ўзбекистонликлар Қирғизистонга ID-карта бўйича чиқишлари мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

 

Хусусий субъектлар қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказиши мумкин 

Юридик шахсларга жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди .

 

Туркомпаниялар учун веб-сайтларга қўйиладиган талаблар соддалаштирилди

Туркомпаниялар учун мажбурий талаблар бекор қилинди. Энди турагентлардан камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга эга бўлиш талаб қилинмайди. Туроператорлардан эса электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиш талаб қилинмайди .

 

Сентябрь ойи якунига қадар

Айрим автомобиль эгалари учун ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш муддати тугайди

2013-2015 йилларда ҳайдовчилик гувоҳномасини олганлар  уларни шу йилнинг 30 сентябрига қадар алмаштиришлари керак. Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарига алмаштириш муддатлари 12.04.2022 йилдаги 178-сон ВМҚда белгиланган.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади

Қонун ҳужжатларидаги барча ўзгартиришлар ҳақида Buxgalter Pro тавсияларида ҳам ўқинг:

 

Саида Жонизоқова тайёрлади