2025 йилда фойда солиғини ҳисоблашда нима ўзгаряпти

preview

24.12.2024 й.даги ЎРҚ-1014-сон Қонун Солиқ кодексига қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмаларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотишдан олинадиган фойда солиғи бўйича ноль фоиз миқдоридаги  ставкани белгилайдиган, экспорт бўйича ноль  ставкани бекор қиладиган, хусусий мактаблар қурилишида тезлаштирилган амортизацияни қўллаш имконини берадиган ва бошқа нормаларни киритди.

Ўзгаришлар ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ buxgalter.uz га маълумот берди:

Идоралар мутахассисларининг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Қуёш панелларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотишдан олинадиган фойда бўйича ноль фоиз миқдоридаги ставка

Умумий қуввати 100 кВт гача бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланиб, умумий тармоққа электр энергияси сотишдан олинган фойдага ноль фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси қўлланилади СК 337-м. 1-қ..

Ушбу имтиёз 16.02.2023 йилдаги ПҚ-57-сон қарори билан берилган.

Ноль фоиз миқдоридаги ставка қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмалари ишга туширилган ойдан бошлаб 3 йил давомида қўлланилади.

Қуёш панеллари қувватининг камида 25 фоизи миқдорида электр энергиясини тўплаш тизимига эга қуёш панеллари ўрнатилганда, ноль фоиз миқдоридаги ставка уларни ишга туширган ойдан бошлаб 10 йил давомида қўлланилади.

 

Фойда солиғи бўйича экспорт учун ноль фоиз миқдоридаги ставканинг бекор қилиниши

2025 йил 1 январдан товарлар (хизматлар) экспортчилари учун фойда солиғининг ноль фоиз миқдоридаги ставкаси бекор қилинади СК 337-м. 1-қ. 6-б..

Ушбу солиқ имтиёзи «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасидаги вазифалар ва ЖСТнинг Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битими (ASCM) асосида бекор қилинди 03.06.2024 й. ПФ-85-сон..

 

Нашриёт-полиграфия фаолиятини фойда солиғидан озод қилиш  

2025 йил 1 январдан 2029 йил 1 январгача нашриёт-полиграфия фаолиятидан олинган фойда солиқдан озод қилинади (фоизлар кўринишидаги даромадлар бундан мустасно) СК 483-м..

Имтиёзни қўллаш шарти – бу фаолиятдан олинган даромадлар ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этиши керак.

 

Электрон тижорат учун фойда солиғи ставкасининг оширилиши  

2025 йил 1 январдан товарлар (хизматлар) билан электрон савдо соҳасидаги тадбиркорлар учун фойда солиғи ставкаси 10 фоиз миқдорида белгиланади (2024 йилда – 7,5 фоиз) СК 337-м. 1-қ. 8-б.. Бунда ушбу солиқ ставкаси, илгаригидек, умумий белгиланган 15 фоизлик ставкага нисбатан пасайтирилган бўлиб қолмоқда.

10 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасини қўллаш шартлари ўша-ўша: жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича электрон тижоратдан олинган даромадлар жами даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этиши керак СК 337-м. 5-қ..

 

Бюджет ташкилотлари учун фойда солиғи бўйича ноль  фоиз миқдоридаги солиқ   ставкаси узайтирилди 

2027 йил 1 январгача қўшимча манбалардан даромад оладиган бюджет ташкилотлари учун фойда солиғининг ноль ноль  фоиз миқдоридаги ставкаси узайтирилди СК 337-м. 6-қ..

Имтиёз – мақсадли: бюджет ташкилотлари бўшайдиган маблағларни моддий-техник ва ижтимоий базани мустаҳкамлашга, ўз ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтириши керак.

Эътибор беринг

Бюджет ташкилотлари фойда солиғининг ноль фоиз миқдоридаги ставкани 2024 йилда ҳам қўллаши мумкин 24.12.2024 й. ЎРҚ-1013-сон 4-м..

 

IT-парк ҳамкорлари ва муассисларига – норезидентларга имтиёзлар

1. Норезидент-ҳамкорларга имтиёз

2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январгача Ўзбекистоннинг норезидент юридик шахслари IT-парк резидентларига ахборот технологиялари соҳасида кўрсатилган хизматлар (шу жумладан, роялти тўланадиган) бўйича фойда солиғини тўлашдан озод қилинади.

Норезидент имтиёзни қўллаши учун шарт – календар йили давомида IT-парк резидентларига кўрсатган экспорт хизматлари ҳажми 10 млн АҚШ долларидан ошиши керак. Ушбу шарт бажарилганда, норезидент шу календар йили охиригача фойда солиғини тўлашдан озод қилинади.

Эътибор беринг

Имтиёз Ўзбекистон билан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузган давлатларнинг солиқ резидентларига татбиқ этилмайди.

 

2. Норезидент-муассисларга имтиёз

2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январгача IT-парк резидентларининг муассислари (иштирокчилари) – Ўзбекистон норезидентлари (жисмоний ва юридик шахслар) дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича 5 фоиз ставка бўйича солиқ тўлайдилар.

Имтиёзни қўллаш шарти – IT-парк резидентининг жами даромади таркибида экспорт ҳажми 50 фоиздан ошиши керак.

 

Хусусий мактаблар қурилишида тезлаштирилган амортизация  

ЎРҚ-1013-сон Қонун ўз маблағлари ҳисобидан хусусий мактаблар қураётган тадбиркорларга қурилиш харажатларини 2 йил ичида амортизация қилиш ҳуқуқини берди.

2025 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача ўз маблағлари ҳисобидан умумий ўрта таълимнинг нодавлат ташкилотларини (хусусий мактабларни) қураётган тадбиркорлар қурилиш билан боғлиқ харажатларни тенг улушларда 2 йил ичида амортизация қилиш ҳуқуқига эга. Фойда солиғини ҳисоблашда қурилган мактаблар биноларининг амортизацияси кўринишидаги харажатлар чегирмага киритилади.

Бунда, агар хусусий мактаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган болаларни бепул ўқишга қабул қилиш бўйича лицензия талабларини бажармаса, амортизацияни «тезлаштирилган» тартибда ҳисоблаш бекор қилинади. Бу ҳолда амортизация СК 306-моддасида белгиланган нормалар бўйича ҳисобланади СК 483-м. 52-53-қ..

Эслатиб ўтамиз: умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия талаблари ва шартларидан бири ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган болаларга имтиёзлар бериш ҳисобланади. Ўқувчиларнинг умумий сонидан камида 10 фоизини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган, танлов асосида бепул ўқишга қабул қилинган иқтидорли ва қобилиятли болалар ташкил этиши керак 21.02.2022 й.ВМҚ-80-сон 1-иловага 2-илованинг 9-б..

Эътибор беринг

Сиз бухгалтерия ҳисоби учун ҳисоб сиёсатини тайёрлаб бўлдингизми?

Агар йўқ бўлса, бу вазифани бизнинг янгиланган бухгалтерия ҳисоби учун Ҳисоб сиёсати конструкторимизга топширинг!

Бу хизмат янги БҲМС бўйича ўзгартиришларни ўз ичига олган ва сизнинг ташкилотингиз хусусиятларини ҳисобга олади.

Ҳаммаси оддий: саволларга жавоб беринг, тизим эса барча ишни сиз учун бажаради ва тайёр ҳужжатни шакллантиради.

Конструктор Buxgalter Pro электрон эксперт тизимининг VIP тарифи фойдаланувчилари учун мавжуд.

Ҳисоб сиёсатини тез, қулай ва ортиқча ташвишларсиз шакллантиринг!

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text205305_2025_yilda_foyda_soligini_hisoblashda_nima_uzgaryapti