ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Давлат харидлари: 2020 йилда нима ўзгаради
Президент 5 декабрь куни давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва уларга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат учта муҳим янгиликни ўз ичига олган.
Биринчиси стратегик харид қилувчиларга дахл қилади – улар 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли орқали харидларни амалга оширишдан олдин махсус ахборот порталида эълон жойлаштирадилар. Унда харид комиссияси томонидан таклифларни қабул қилиб олишнинг 15 кундан кам бўлмаган сўнгги муддати ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасида назарда тутилган ахборот кўрсатилади;
- харид комиссиясининг энг яхши таклифларни танлаб олиш бўйича баёнини у расмийлаштирилган куни ўша порталда 2 иш куни муддатга жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирадилар;
- давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар тўғрисида маълумотларни улар тузилган санадан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмасдан тегишли реестрга киритадилар;
- харидларни электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион орқали қонунда белгиланган мезонларга мувофиқ амалга оширишлари мумкин.
Иккинчиси шу санадан жорий этилади ва барча давлат буюртмачиларига татбиқ этилади. Келаси йилнинг бошидан бошлаб улар электрон дўконнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланган ҳолда, давлат харидларини ҳудудлар (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар) ўртасида амалга оширишлари мумкин. Молия вазирлигига ЎзРТХБ билан биргаликда уни бир ой муддатда ишлаб чиқиш топширилди. Бироқ агар мазкур қўшимча саҳифада харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра товар (иш, хизмат) мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган бўлса, давлат буюртмачиси электрон дўконнинг асосий саҳифасидан фойдаланмасдан мустақил равишда танланган етказиб берувчи билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга ҳақли эмас.
Ва ниҳоят, учинчи янгилик - 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотларининг чет эл валютасидаги маблағларига нисбатан Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақлари очиш орқали ғазна ижроси механизми жорий этилади.
Шунингдек, келаси йилда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари учун махсус курслар очиш режалаштирилмоқда. Уларни ушбу соҳадаги етакчи мутахассислар олиб борадилар. Курслар Молия органлари ва бюджет ташкилотлари молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази базасида ўтказилади.
Олег Заманов.