ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Дори воситалари ва тиббий буюмлар қачон маркировкаланади
Вазирлар Маҳкамасининг 02.04.2022 йилдаги “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 149-сон қарори ушбу товарларни 2022-2025 йиллар давомида босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалашни назарда тутади.
Хусусан, гуруҳлар бўйича қуйидаги муддатлар белгиланди:
- 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб биринчи гуруҳ маркировкаланади - иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (орфан дори воситалари бундан мустасно);
- 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб - иккинчи гуруҳ - бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва доривор ангро - маҳсулотлари (орфан дори воситалари бундан мустасно);
- 2023 йил 1 мартдан бошлаб - учинчи гуруҳ - орфан дори воситалари (кам учрайдиган касалликларни даволаш учун);
- 2025 йил 1 февралдан бошлаб тўртинчи гуруҳ - махсус рўйхатга киритилган импорт қилинган тиббий буюмлар.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Мажбурий рақамли маркировкаланадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг идентификация кодлари рўйхати (1-илова);
- Дори воситалари ва тиббий буюмларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги (2-илова);
- Дори воситалари ва тиббий буюмларни хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги (3-илова);
- Улгуржи ва чакана савдо ташкилотларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги (4-илова);
- Соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги (5-илова);
- Дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низом (6-илова).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.04.2022 йилдан кучга кирди.
Norma.uz материаллари асосида