Фақат биржа савдолари орқали реализация қилинадиган товарлар рўйхати кенгайтирилди

preview

Президент томонидан 17 март куни «Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди. Ҳужжатда, бошқалар қаторида, 2021 йил 15 июндан бошлаб ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида реализация қилинадиган товарларни белгилайди. 


Улар жумласига қуйидагилар киради:

а) монополист корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, УФ (УК)нинг 50%и ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс (монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар) томонидан ишлаб чиқарилган:

  • поливинилхлорид (ПВХ) ва формалин – барча харидорларга;
  • истеъмол этил спирти – ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларга;
  • техник этил спирти – барча харидорларга;
  • кумуш – заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга;

б) 2022 йил 1 январга қадар монополист бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50%дан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган:

  • цемент – ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50%и;
  • пахтадан олинган чигит, пахта мойи (жумладан, экстракция пахта мойи) ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) – ишлаб чиқариш ҳажмининг 100%и;

в) ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қазиб олувчи (газни қайта ишловчи, ишлаб чиқарувчи) ташкилотлар томонидан нефть ва газ конденсати – тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларга.

Товар-хом ашё биржаларининг хориждаги савдо майдончаларида тузилган битимлари бўйича товарларнинг божхона қийматини аниқлаш фақат мазкур битимларда белгиланган қиймат бўйича амалга оширилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан пахтадан олинган чигитни тайёр маҳсулотни қайтариш шарти асосида ёғ-мой ташкилотларига бериш фақат бир пахта-тўқимачилик кластери доирасидаги ташкилотлар ўртасида амалга оширилади.

Ҳужжат 18.03.2021 йилда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.


Norma.uz материаллари асосида

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text168305_faqat_birja_savdolari_orqali_realizaciya_qilinadigan_tovarlar_ruyhati_kengaytirildi