Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Фуқаролар ва иш берувчилар учун ички туризм соҳасида нималар ўзгаради
Президент томонидан 2022 йил 30 апрель куни “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Туризм тармоғи корхоналари қўшимча имтиёзларга эга бўлишди, иш берувчилар ўз ходимларининг мамлакат ичидаги саёҳат харажатларининг бир қисмини қоплаб беради, фуқаролар бундай харажатлар бўйича кешбэк олишлари мумкин.
Туризм тармоғи учун 2022 йил 1 июлдан кучга кирадиган имтиёзлар:
1. “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида меҳмон уйлари, овқатланиш, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар учун 2025 йил 1 январга қадар Президентнинг 27.01.2022 йилдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сон қарори 2-бандининг “а” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган солиқ имтиёзлари ва нормалари татбиқ этилади:
- ижтимоий солиқ ставкаси - 1%. ПҚ-104-сон қарорга асосан имтиёздан бундай хизматларни кўрсатишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60%ини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фойдаланишлари мумкин;
- айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари - 1%. Бунда, ПҚ-104-сон қарорда ушбу имтиёзни қўллаш шарти назарда тутилган: имтиёздан ПҚ-104-сон қарорга 1-иловада кўрсатилган туманлар ва шаҳарларнинг туристик зоналарида рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари фойдаланишлари мумкин. Мазкур шарт “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ тадбиркорларга татбиқ этилиши - ҳозирча тушунарсиз. Молия вазирлигининг мазкур масала бўйича тушунтиришларини кутиб қоламиз.
2. Оилавий меҳмон уйлари ташкилотчилари таъмирлашга 100 млн сўмгача, мебель, маиший техника ва бошқа буюмлар билан жиҳозлашга 50 млн сўмгача ҳамда сузиш ҳавзаларини ташкил этишга 200 млн сўмгача кредитлар олишлари мумкин.
Иш берувчиларнинг ходимлар саёҳати учун харажатлари
Қарорнинг 1-бандига асосан 2022 йил 1 июндан бошлаб “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида иш берувчилар жамоа шартномаларига ходимлар учун йилига камида бир маротаба республика бўйлаб саёҳатга чиқиш имконини яратишни назарда тутувчи қоидаларни киритиши керак.
Бунда саёҳат бўйича харажатларнинг бир қисми қуйидагилар ҳисобидан қопланиши керак:
- бюджетдан ташқари жамғармалар;
- иш берувчилар маблағлари;
- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ходимлар учун кешбэк
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларидан “Soliq” иловасига интеграция қилинган махсус электрон платформа орқали кешбэк олишлари мумкин.
Кешбэк олиш шарти: саёҳат қилиш давомида фуқаролар авиа, темир йўл ёки автомобиль транспортидан фойдаланишлари, “жойлаштириш воситалари” мақоми берилган жойларда яшашлари ва маданият объектларига ташриф буюришлари керак.
Ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда қайтаришни амалга ошириш назарда тутилмоқда:
- авиақатнов орқали саёҳат қилишда бориб-келиш чиптаси нархининг 15%и, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- темир йўлда ёки автобусда саёҳат қилишда бориб-келиш чиптаси нархининг 15%и, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- жойлаштириш воситасида тунаб қолишда харажатнинг 15%и, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф суммасининг 50%и, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Сизга қуйидаги тавсиялар асқотиши мумкин:
- Туризмда бухгалтерия ҳисоби;
- Турапакетларга айланмадан олинадиган солиқ қандай солинади;
- Туристик корхонада ҳужжатлар айланмаси графиги;
- Меҳмонхона хизматлари реализациясини ҳисобга олиш тартиби;
- Товарлар ва хизматларни реализация қилиш жойи қандай аниқланади.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади