Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Камерал текширув натижалари бўйича талабномага жавоб бериш муддати қисқартирилди
2022 йил 1 январдан бошлаб СКнинг 138-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирди. Бу нимага сабаб бўлишини солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– “Эътибор беринг: СКнинг 138-моддасига “текширувдан олдинги таҳлил” тушунчаси киритилди. У камерал текширувдан олдин ўтказилиши мумкин.
Текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича солиқ тўловчига хабарнома, камерал солиқ текшируви натижалари бўйича эса - талабнома юборилиши мумкин. У ва бошқа ҳужжатда солиқчилар солиқ ҳисоботини қайта топширишни ёки унда аниқланган тафовутларни асослантиришни талаб қиладиган жиҳатларни кўрсатиб ўтишади.
1. Агар текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарнома келса, уни олган пайтдан эътиборан 10 кун ичида аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этинг ёки аниқланган тафовутларни асосланг.
Ушбу нормани бажармаслик - камерал текширувни тайинлаш учун асос бўлади.
2. Агар сиз камерал текширув натижалари бўйича талабнома олсангиз, унга 5 кун ичида жавоб бериш лозим (илгари 10 кун эди). Солиқ органига қуйидагиларни тақдим этинг:
- тегишли солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини;
- ёки СКда белгиланган тартибда тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларни асослантиришни;
- ёхуд солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини.
Ушбу норманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги - солиқ аудитини тайинлаш учун асос бўлади”.