Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Кимлар ўрта бизнес тоифасига киритилади
ҚҲТБТда Президентнинг “Ўрта корхоналарни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилган. Ҳужжат кичик, ўрта ва йирик бизнес жумласига киритиш мезонларини аниқлаштиради:
Хусусан:
а) кичик тадбиркорликка:
- якка тартибдаги тадбиркорлар;
- микрофирмалар – ўртача йиллик ходимлар сони 10 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 1 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
- кичик корхона – ўртача йиллик ходимлар сони 100 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 5 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектларини киритиш таклиф қилинмоқда;
б) ўрта корхона – йиллик ходимлар сони 250 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 15 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
в) йирик корхона – йиллик доимий ходимлар сони 250 тадан ортиқ ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 15 млрд сўмдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари киради;
г) ўртача йиллик ходимлар сони ва соф тушум миқдоридан қаътий назар давлат унитар корхоналари ҳамда устав фондида давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятлари ўрта корхоналар тоифасига кирмайди.
Ўрта бизнес корхоналари статистика ҳисоботларини фақатгина чораклик асосда тақдим этадилар.
Лойиҳа билан ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Бошқалар қаторида:
- жалб этиладиган чет эллик мутахассислар учун қилинадиган харажатларнинг ва давлат мулки ижараси учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш;
- маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш;
- фонд биржасида облигацияларни жойлаштириш орқали жалб қилинган маблағлар суммасига фойда солиғи бўйича солиқ солиш базасини камайтириш.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Norma.uz материаллари асосида