Молия вазирлиги СКга ўзгартиришларни шарҳлаб берди (ЎРҚ-767-сон Қонуни)

preview

Молия вазирлиги СКга 05.05.2022 йилдаги ЎРҚ-767-сон Қонун билан киритилган ўзгартиришларни шарҳлаб берди:

 

1. СКнинг 75-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларига эга бўлган юридик шахслар ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўлайди.

Мазкур қўшимча кадастр ва солиқ органларига мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларига эга бўлган солиқ тўловчилар, шунингдек, кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмаган айрим юридик шахсларнинг ҳисобини юритиш имконини беради.

2. СКнинг 317-моддаси 7-бандига киритилган қўшимчага кўра, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига хайрия қилинган маблағлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.

3. СКнинг 337 ва 467-моддаларига киритилган ўзгартиришларга асосан, 2022 йил 1 июлдан бошлаб товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) электрон савдосини амалга оширувчи солиқ тўловчиларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни (тегишинча 15% ўрнига 7,5% ва 4% ўрнига 2%) белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50% камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаш имконияти берилди.

Маълумот учун: илгари мазкур имтиёз фақат Электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрига киритилган солиқ тўловчиларга тақдим этилган эди.

4. СКнинг 380-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, болаликдан ногиронлиги бўлган шаxслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шаxсларнинг ЖШДС солинмайдиган маблағлари миқдори МҲЭКМнинг 1,41 бараваридан (1 млн 159 минг сўмдан) 3 бараварига (2 млн 466 минг  сўмга) оширилди.

Мазкур имтиёз 2022 йил 1 мартдан эътиборан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.

5. СКнинг 428-моддага киритилган ўзгартиришга мувофиқ, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ер участкаларини солиқ солишдан озод этишнинг имтиёзли даври 3 йилдан 5 йилгача узайтирилди.

6. СКнинг 483-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан, айрим вақтинчалик имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди, жумладан - ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш, шунингдек ўсимлик ёғини (паxта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилиш бўйича имтиёз муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Мазкур имтиёз 2022 йил 1 майдан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.

Гўштни (мол ва қўй гўштини), тирик ҳайвонларни (молни ва қўйни) ҳамда уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек Ўзбекистонга олиб киришда ҚҚСдан озод қилиш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Ушбу имтиёз 2022 йил 1 майдан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.

7. СКнинг 483-моддаси 16-қисм билан тўлдирилди, унга мувофиқ:

2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари:

– фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, ижтимоий солиқни ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1% миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди;

– юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1%и миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

8. СКнинг 483-моддаси 17 ва 18-қисмлар қисмлар билан тўлдирилди. Уларга мувофиқ:

Бўялган матони, бўялган газламани ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорлик субектлари 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқни 1% миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

Мазкур модданинг 17-қисмида назарда тутилган имтиёз бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилишдан олинган тушуми барча товарларни ва хизматларни реализация қилишдан олинган тушумининг камида 80%ини ташкил этадиган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.

Манбага қаранг.

Қулайлик учун buxgalter.uz ЎРҚ-767-сон Қонун бўйича барча ўзгартиришларни йиғма жадвалга тўплади.

 

Солиқларни имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоб-китоб қилишда қуйидаги тавсиялар фойдали бўлади: