Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ногиронлиги бўлган шахслар учун туризм инфратузилмасини барпо этишнинг манфаатли томонлари
ҚҲТБТда Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Ҳужжат имконияти чекланган шахслар учун инфратузилмани ривожлантирувчи туроператорлар ва турагентлар, жойлаштириш воситалари ҳамда ташувчилар учун субсидия ва имтиёзларни назарда тутади. Батафсил - buxgalter.uz шарҳида.
2022 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда 790 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган фуқаролар яшайди. Улар учун туризм инфратузилмаси такомиллаштирилади:
- Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида - 2023 йилда;
- Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятларида - 2024 йилда;
- Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида - 2025 йилда;
- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида - 2026 йилда.
Тадбиркорлар учун
2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартга қадар қуйидагилар давлат томонидан қопланади:
- меҳмонхонанинг камида 3 та хонаси ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун дисплейлар ҳамда овозли қурилмалар билан жиҳозлаш ва сақлаш бўйича харажатлар:
- 5 юлдузли тоифадаги меҳмонхонанинг ҳар бир хонаси учун 3 млн сўм;
- 4 юлдузли тоифадаги меҳмонхонанинг ҳар бир хонаси учун 2 млн сўм;
- 3 юлдузли тоифадаги меҳмонхонанинг ҳар бир хонаси учун 1,5 млн сўм;
- тоифасиз меҳмонхонанинг ҳар бир хонаси учун 1 млн сўм;
- ўриндиқли аравачалар учун бассейнларни қулай тарзда жиҳозлаш харажатларининг бир қисми - лекин 10 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
- ресторан ва кафелар учун овозли меню харид қилиш ва таъминлаш бўйича харажатлар - ҳар бир овозли меню учун 1 млн сўм миқдорида;
- транспорт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг қулай тарзда жиҳозлаш харажатларини қоплаш:
- М1 тоифадаги автомобилларни кўтаргич билан таъминлаш учун 10 млн сўм, лифтлар билан таъминлаш 15 млн сўм;
- М2 ва М3 тоифадаги автомобилларни кўтаргич билан таъминлаш учун 15 млн сўм, лифтлар билан таъминлаш 20 млн сўм;
- М1, М2 ва М3 тоифадаги автомобилларда ҳар бир ўриндиқ учун 3 млн сўм.
Ўзбекистон фуқаролари учун ички саёҳатни ташкил этувчи (гуруҳ учун камида 5 нафар ногиронлиги бўлган шахс) Ўзбекистон резиденти бўлган туроператорлар, бундай саёҳат бўйича фойда солиғи тўлашдан озод этилади.
Ногиронлиги бўлган туристлар учун
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга саёҳат давомида ҳамроҳлик қилувчи фуқароларга қуйидаги миқдорларда чегирмаларни бериш жорий қилинади:
- транспорт воситалари чипталарини харид қилиш ва фойдаланишда:
- авиа чипта қийматининг 50%и;
- темир йўл чиптаси қийматининг 40%и;
- автобус чиптаси қийматининг 30%и;
- маданий мерос объектлари, музейлар ва театрларга ташриф буюрганда:
- чипта қийматининг 50%и.
Чипталарни харид қилиш ва улардан фойдаланиш учун чегирмалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси мавжуд бўлганда тақдим этилади.
Лойиҳа ҚҲТБТда 26 июнга қадар муҳокама қилинади. Муҳокамада иштирок этиш учун ҳавола бўйича ўтинг.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади