Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчилар қандай субсидия олишади
Вазирлар Маҳкамаси томонидан Пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан пилла боқувчиларга етказиб берилган ипак қурти уруғи учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (21.07.2023 йилдаги 305-сон ВМҚ).
Янгиликлар билан ўз вақтида танишиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Ҳужжатга асосан – субсидия олувчилар – пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналар. Субсидия 2026 йил 1 январга қадар корхоналар томонидан пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун 120 000 сўм миқдорида ажратилади.
Бундай корхоналарнинг манзилли рўйхати тасдиқлаш учун қуйидаги муддатларда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига тақдим этилади:
- биринчи ва иккинчи мавсумлар учун – йилнинг 20 майига қадар;
- учинчи ва тўртинчи мавсумлар учун –20 августига қадар.
Қўмита рўйхатни олгандан кейин 10 иш кунида пул маблағларини субсидия олувчининг ҳисобварағига ўтказиб беради.
Агар субсидия олган корхона ипак қурти уруғини шартнома асосида сотиб олган бўлса, бу ҳолда у мазкур пул маблағларини 10 иш кунида маҳсулот етказиб берувчи компанияга ўтказиб бериши шарт.
Субсидия олувчилар пилла боқувчиларга етказиб берган ипак қурти уруғи ҳажмлари ҳамда маблағларнинг ишлатилиши тўғрисида Низомда келтирилган шакл бўйича йилнинг 1 июлига қадар ва 1 сентябрига қадар ҳисобот бериши керак. Фойдаланилмаган маблағлар қайтарилиши лозим.
Қўмита ажратилган маблағлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни йил якунига қадар эълон қилиб бориши шарт.