Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Президент билан очиқ мулоқот якунлари: яқин вақтда бизнес учун нималар ўзгаради
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти якунлари бўйича бизнеснинг у ёки бошқа муаммолари қандай ва қайси муддатларда ҳал қилинишини белгилайдиган "Йўл харитаси" тасдиқланди. Ҳужжатнинг ҳажми жуда катта, барча янгиликларни битта шарҳда келтириб ўтиш мураккаб бўлади. Шу боис айрим асосий жиҳатларини келтирамиз. Қолганларини сиз биринчи манбада кўриб чиқишингиз мумкин.
Демак:
1. 2022 йил ноябрга қадар тадбиркорлик субъектларини йиллик товар айланмаси, ишчилар сони ва бошқа кўрсаткичлар асосида микро, кичик ва ўрта корхоналарга ажратиш мезонлари ишлаб чиқилади.
2. 2023 йил 1 январдан бошлаб:
- микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг ягона 4%ли солиқ ставкаси жорий этилади. Бунда олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1% ва 2%ли ставкалар сақлаб қолинади;
- ихтиёрий равишда йилига 20-30 млн сўм миқдорида солиқ тўлашга ўтган микро бизнес вакиллари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади;
- товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошган кичик бизнес учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилади;
- товар айланмаси 10 млрд сўмгача бўлган кичик бизнес субъектлари солиқ қарзини 6 ойгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлишади. Айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ ҳисоботлари тадбиркорлар билан келишилган ҳолда солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқилади ва шакллантириб берилади;
- кичик бизнес тоифасидан ўрта бизнес тоифасига ўтган тадбиркорлик субъектлари учун 2 йил давомида фойда солиғи ставкаси 50%га пасайтирилади. Шунингдек, улар учун ўсишни рағбатлантириш учун бошқа преференциялар ҳам назарда тутилган.
3. 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган тадбиркорлик субъектларига ҚҚСнинг ошиб кетган суммалари 7 кун ичида қайтарилади.
4. 2023 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ставкаси 12%ни ташкил этади.
5. 2022 йил сентябрдан бошлаб бўш турган бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкалари бўйича ҳисобланган солиқ қарздорликлари ҳисобдан чиқарилади.
6. 2022 йил октябрда масъул идоралар:
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё маҳсулотлари, шу жумладан полипропилен гранулалари импортида божхона божларининг "0" ставкасини қўллаш бўйича таклиф ишлаб чиқадилар;
- чет элда савдо ваколатхонасини очиш учун инвестиция миқдорига қўйилган чекловни (10 минг АҚШ доллари) қайта кўриб чиқадилар.
Шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хомашёларни божхона божларидан озод этиш режалаштирилмоқда.
Қишлоқ жойларда 10 нафар шогирд-тадбиркор тарбиялаган тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
7. 2022 йил сентябрдан бошлаб тадбиркорларга электромобилларни қувватлаш шохобчалари орқали аҳолига хизмат кўрсатишга (истеъмолчиларга электр энергиясини сотишга) рухсат берилади. Бунда электр қувватлантириш шохобчалари 3 йил муддатга мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда фойда солиғидан, шунингдек, ушбу шохобчалар томонидан импорт қилинадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар божхона божидан озод қилинади.
8. 2022 йил октябрда тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобрақамидан пул маблағларини унинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш режалаштирилмоқда.
9. 2022 йил октябрдан бошлаб:
- тадбиркорларга нисбатан янги турдаги жазо чораларини жорий қилишга 3 йиллик мораторий эълон қилиш режалаштирилмоқда;
- тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни бажармаганлик учун уларга нисбатан 6 ой давомида жавобгарлик чоралари қўлланилмайди;
- тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилларини мураккаблаштиришни назарда тутадиган НҲҲларнинг кучга кириш муддатлари қайта кўриб чиқилади;
- савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари бекор қилинади;
- солиқ текширувлари муддатлари қисқартирилади; алоҳида солиқ текшируви талаб этилмайдиган молиявий хато ва камчиликларнинг минимал чегаравий миқдори белгиланади;
- ўрни қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси асослантирилганлигининг камерал солиқ текшируви муддати 60 кундан 30 кунгача қисқартирилади;
- келиб тушмаган валюта миқдори экспорт шартномалари доирасида экспортга юкланган маҳсулотнинг 5%идан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида ҳисобламайди ва жарима санкциялари қўлланмайди.
Барча келтирилган ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган бошқа чора-тадбирлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жорий этилади.
НҲҲлар тартибга солиш соҳаси ва предметига қараб қайта кўриб чиқилиши ёки ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.