ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Қандай ахборот солиқ сири ҳисобланади
Давлат солиқ қўмитаси янги Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш ва бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш тартибини тасдиқлади. Бошқалар қаторида, ҳужжат солиқ тўловчи тўғрисидаги қайси ҳисоб маълумотлари солиқ сири ҳисобланишини белгилайди. Батафсил – buxgalter.uz шарҳида.
Тартиб қуйидагиларни белгилайди:
- нима солиқ сири ҳисобланишини;
- солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни қайси учинчи шахсларга тақдим этиш ва буни қандай амалга оширишни;
- айрим солиқ тўловчилар учун (тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари иштирокидаги юридик шахслар, махсус иқтисодий зоналарнинг (МИЗ) иштирокчилари, адвокатлар ҳайъатлари, адвокатлик фирмалари ва бюролари) маълумотлар таркибини.
Солиқ тўловчи тўғрисида ҳисоб маълумотлари деганда солиқ органларига у томонидан тақдим этилган маълумотлар, шунингдек СКнинг 133-моддасида назарда тутилган тартибда бошқа органлар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотлар тушунилади. Ушбу маълумотлар солиқ сирини ташкил этиши ва этмаслиги мумкин.
Янги Тартибга мувофиқ қуйидаги маълумотлар солиқ сири ҳисобланади:
- Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан олинган кўчирма, бундан солиқ сири ҳисобланмайдиган маълумотлар мустасно;
- ички ишлар органларидан олинган паспорт маълумотлари;
- кўчмас мулк ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи маълумотлар, шунингдек унинг эгалари тўғрисидаги маълумотлар;
- тегишли ваколатли органлардан олинган табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия ва рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар;
- сув ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи тегишли органлардан олинган ўлчов асбобларисиз фойдаланилган сув ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;
- чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- халқаро ташкилотларнинг ҳамда чет эл ННТнинг реестрини юритувчи ташкилотлардан олинган халқаро ташкилотлар ҳамда чет эл ННТ тўғрисидаги маълумотлар;
- васийлик ёки ҳомийлик фаолияти ҳамда мол-мулк бошқаруви тўғрисида маълумотлар;
- нотариуслардан олинган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари, меросга эгалик қилиш шартномалари ҳақидаги маълумотлар;
- патент органларидан олинган чет эллик фуқароларга ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга ишлаш учун рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар;
- Марказий депозитарийдан олинган қимматли қоғозлар бўйича битимлар тўғрисидаги ахборотлар;
- божхона органларидан олинган экспорт-импорт операциялари тўғрисидаги ахборотлар;
- Интернет миллий сегментининг домен номлари тизимини белгиловчи органдан олинган домен номларининг маъмурлари тўғрисидаги ахборотлар.
Солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш шахсий идентификация рақамлари (СТИР) асосида амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилади.
ЖПКнинг 201-моддасига асосан судларга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга уларнинг сўровига асосан солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар тақдим этилиши мумкин. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда тижорат ташкилотларига солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар фақатгина солиқ тўловчиларнинг розилиги билан тақдим этилиши мумкин.
Солиқ тўловчи контрагентларни танлаш чоғида улар тўғрисидаги солиқ сири ҳисобланмайдиган маълумотларни ўз шахсий кабинетлари орқали олишлари мумкин.
Учинчи шахс томонидан солиқ органларидан олинган барча маълумотлар ва ахборотлар солиқ сири ҳисобланади ҳамда улардан фақат хизмат доирасида фойдаланилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2020 йилдан кучга кирди.
Лола АБДУАЗИМОВА