Уруғлик картошка харид қилиш учун – имтиёзли кредитлар

preview

Вазирлар Маҳкамасининг 6.06.2019 йилдаги “2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга уруғлик картошка етказиб бериш ва ички истеъмол бозорини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли тўлдириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 462-сон қарори қабул қилинди.

Ҳукумат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Картошка етиштирувчилар» уюшмаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликларининг жорий йил ҳосили учун уруғлик картошка ҳажмлари тўғрисидаги таклифини маъқуллади.  Кўрсатилган ҳокимликлар ажратилган ҳажмларни туманлар бўйича тақсимлаши ва картошка экишга жалб этилган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан харид килинишини таъминлаши лозим.

Бундан ташқари, ички бозорни картошка билан кафолатли таъминлаш мақсадида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

биринчидан, “Бўстонлиқ картошкачилик маркази” МЧЖ томонидан захирага жамғарилган уруғлик картошкани имтиёзли нархларда - 1 килограмм учун 5 сўм миқдорида сертификатланади;

иккинчидан, Молия вазирлиги 1 июлга қадар “Агробанк” АТБ ҳисоб рақамларига 136 млрд сўмни жойлаштиради, банк эса  фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига 2019 йил ҳосили учун уруғлик картошка харид қилишга йиллик 10% ставкада кредитлар ажратади. Ушбу кредитлар бўйича ҳисобланадиган фоиз суммасининг ярмини Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қоплайди;

учинчидан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ четдан келтирилаётган уруғлик картошканинг юқорида келтирилган хўжаликларга имтиёзли тарифларда (50%) ўз вақтида ва сифатли етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатади.

Фермер хўжаликларига картошка навларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ўтказиладиган зарур агротехник тадбирлар юзасидан амалий семинарлар ташкил этилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида жойлаштирилган ва 7.06.2019 йилдан кучга кирди.

 

 Анвар Иркаходжаев.


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text151541_uruglik_kartoshka_harid_qilish_uchun_-_imtiezli_kreditlar