Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Вазирлар Маҳкамасининг трансферт нархлари бўйича қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда
ҚҲТБТда “Трансферт нархини белгилашда солиқ назорати ва норезидентларни солиқ солиш маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги ВМҚ лойиҳаси эълон қилинган. Унинг қабул қилиниши билан 6 та янги НҲҲ тасдиқланади. Батафсил - buxgalter.uz шарҳида:
- Лойиҳа “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сон Қонунга ва Солиқ кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган. У қуйидагиларни такомиллаштиришни назарда тутади:
1) трансферт нархлари шакллантирилиши устидан солиқ назорати;
2) Ўзбекистон Республикаси норезидентдари ва чет эл юридик шахси иштирокидаги субъектлар томонидан амалга ошириладиган битимлар бўйича ахборотни аниқлаш ва солиқ органларига тақдим этиш тизими.
Лойиҳа доирасида:
- Даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти бўлиб, мазкур даромадлар чет эллик шахсга тўланганлиги юзасидан солиқ органини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги хабарнома шаклларини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом;
- Ташқи савдо шартномалари билан боғлиқ нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш тартиби ҳақидаги низом;
- Ташқи савдо шартномалари билан боғлиқ нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш ҳақидаги аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларини узайтириш асослари ва тартибини белгилаш тўғрисидаги низом;
- Назорат қилинадиган битимлар тузилганлиги муносабати билан солиқ текширувини ўтказиш муддатини узайтириш асослари ва тартибини белгилаш тўғрисидаги низом;
- Ўзбекистон Республикасида фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент – юридик шахснинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини чегирмаларга киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Лойиҳа қуйидаги имкониятларни тақдим этиши кутилмоқда:
1) чет эл субъектларига тўланадиган даромадларининг ҳақиқий олувчиларини аниқлаш;
2) доимий муассасаларнинг солиқ солинмайдиган харажатларини аниқлаш;
3) ташқи савдо шартномаларига нисбатан нархни белгилаш тўғрисидаги битимларни тузиш жараёнларини тартибга солиш;
4) назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги хабарнома ва бошқа ҳужжатлар шаклларини тасдиқлаш;
5) нарх битимини тузиш билан боғлиқ ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларини тартибга солиш;
6) назорат қилинадиган битимларни амалга оширишда солиқлар тўғри ҳисоблаб чиқарилганлигини текшириш учун муддатларни белгилаш.
Маълумот учун:
Трансферт нархи - ўзаро алоқадор тарафлар ўртасидаги битимларда шаклланадиган ва (ёки) мустақил шахслар ўртасида битимлар тузилаётганда таққосланадиган иқтисодий шароитларда қўлланилиши мумкин бўлган холис тарзда шаклланадиган нархдан фарқ қиладиган нарх .
Назорат қилинадиган битим - ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битим. Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти бўлган ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битим қуйидаги ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлганда назорат қилинадиган битим деб эътироф этилади:
1) мазкур шахслар ўртасидаги битимлар бўйича тегишли календарь йилдаги даромадлар суммаси (битимлар нархларининг суммаси) 5 млрд сўмдан ошса;
2) битимнинг ҳеч бўлмаганда битта тарафи махсус солиқ режимини қўлласа ёки махсус иқтисодий зона иштирокчиси бўлса, бунда бу битимнинг бошқа тарафлари орасида махсус солиқ режимларини қўлламайдиган шахс бўлса;
3) битимнинг ҳеч бўлмаганда битта тарафи фойда солиғини тўлашдан озод этилган бўлса, пасайтирилган солиқ ставкасини ёки бошқа солиқ имтиёзларини қўлласа, бунда бу битимнинг бошқа тарафлари орасида бундай солиқни тўлашдан озод этилмаган ва имтиёзларни қўлламайдиган шахс бўлса;
4) битимнинг тарафларидан бири томонидан қазиб олинган фойдали қазилма битим предмети бўлса, агар ушбу фойдали қазилмага нисбатан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг адвалор солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса.