Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2023 йил февраль ойида ҚҚС бўйича ҳисобот шаклида нима ўзгарди
Солиқ қўмитаси ҚҚС бўйича ҳисоботнинг янги пакети олдингисидан нима билан фарқ қилишини тушунтирди. Ҳисоботниг 10006_36 кодли шакли 2023 йил учун ҚҚСнинг 12% миқдоридаги ставкасини ҳисобга олади.
Buxgalter.uz тафсилотларни аниқлаштирди:
Агар сиз СКнинг 257-моддаси асосида 15% ставкали ҳисобварақ-фактурага тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этган бўлсангиз, бундай тузатиш киритиш суммасини – ҚҚС ҳисоб-китобига 1-“Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар” иловасининг 0110-“15% ставкада тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича солиқ солинадиган базага киритилган тузатиш” сатрида қўлда акс эттиринг.
3-“Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби” иловаси сезиларли даражада ўзгарди. Янги шаклда ҳисобга олинмайдиган сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси (0112-сатр) энди ёйилма билан акс эттирилади (01121-01124 сатрлари йиғиндиси). Хусусан, солиқ органларининг маълумотлари бўйича қуйидаги сатрлар автоматик тарзда тўлдирилади:
- 01121-сатр – сизнинг ҚҚС тўловчиси гувоҳномангизнинг ҳолати фаол бўлмаганда, яъни унинг амал қилиши тўхтатиб турилган, тугатилган ёки бекор қилинган бўлса ;
- 01122-сатр – сизнинг контрагентингизнинг ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси ҳолати фаол бўлмаганда ;
- 01123-сатр – тузатилган ЭҲФ маълумотлари, илгари ҳисобга олинган ҚҚС бўйича. Масалан, агар суд қарори бўйича тузатилган ЭҲФ асосида ҳисобга олиш бекор қилинса ;
- 01124-сатр – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси бўйича, улар Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида ҚҚС тўловчиси деб эътироф этилган тақдирда .
Ҳисоб-китобга 3-илованинг 012-сатрида 5-иловага асосан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси автоматик тарзда акс эттирилади.
5-илова солиқ тўловчи томонидан қўлда тўлдирилади, агар у:
- ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатга олиш ёки ҚҚС тўлашдан озод қилишни бекор қилиш санасида ТМЗ ва узоқ муддатли активларнинг қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олса ;
- ҳисобот даврида ўтган йилда уни тўлаш муддати ўтказиб юборилганлиги (кечиктирилганлиги) муносабати билан божхона органига импорт бўйича ҚҚСни тўласа ;
- ҳисобга олинадиган ҚҚСга СКнинг 269, 270-моддаларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тузатиш киритса:
– агар асосий воситалар, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар илгари солиқ солишдан озод қилинган айланмаларда фойдаланилган бўлса, кейин эса солиқ солинадиган айланмаларда фойдаланиладиган бўлса. Ёки товарлар (хизматлар) бундай асосий воситалар ва кўчмас мулк объектларини қуриш, модернизация қилиш, реконструкция қилиш, техник қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш учун сотиб олинган бўлса (0121-сатр);
– агар товарлар (хизматлар) реализация қилиш бўйича айланмаси солиқ солишдан озод қилинган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) учун сотиб олинган, бироқ ҳақиқатда солиқ солинадиган айланмада фойдаланилган бўлса (0122-сатр).
Бунда 0121 ва 0122-сатрлар солиқ органини ҚҚСни ҳисобга олишга тузатиш киритиш амалга оширилганлиги тўғрисида хабардор қилиш учун солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда (қўлда) тўлдирилади.
Ҳисоб-китобга 3-илованинг 1100-“Илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммаларига киритиладиган тузатиш” сатри ҳисобга олишга тузатиш киритиш (камайтириш) ҳолларини акс эттирувчи қуйидаги сатрлар билан тўлдирилди:
- 1109-сатр – сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олиш ҳуқуқи қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар аниқланганда ;
- 1110-сатр – товарлар (хизматлар) бепул олинганда . Бундан импорт бўйича товарларни ёки чет эллик шахслардан Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган хизматларни бепул олиш ҳоллари мустасно;
- 1111-сатр – амалга оширилаётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган товарлар (хизматлар) сотиб олинганда :
– енгил автомобилларни, мотоциклларни, вертолётларни, моторли қайиқларни, самолётларни, бошқа моторли воситаларни ва улар учун ёқилғини;
– алкоголь ва тамаки маҳсулотларини.
Манбага қаранг.
- ҚҚС бўйича солиқ базасига қачон тузатиш киритиш мумкин;
- ҚҚСни қачон ҳисобга олиш мумкин;
- Ҳисобга олинадиган ҚҚСга қандай тузатиш киритиш мумкин;
- Асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича ҳисобга олинган ҚҚСга қандай тузатиш киритиш керак;
- Солиқ солинадиган ва озод этилган айланма мавжуд бўлганда ҚҚС қандай ҳисобга олинади;
- ҚҚСни товар ва хизмат қийматига қандай холларда киритиш мумкин.