Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи норезидентдан бинони ижарага олса

preview

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлган корхона чет эл компанияси билан унинг Тошкент шаҳридаги биносини ижарага олиш учун шартнома тузди. Ижарага олувчида норезидентнинг хизматлари бўйича ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келадими, агар у - ҚҚС тўловчиси бўлмаса? 

Саволга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:

 

– Ҳа, мазкур ҳолда ижарага олувчи солиқ агентига айланади ва ҚҚСни ҳисоблаб чиқариши ва уни бюджетига тўлаши шарт.

Ўзбекистон реализация қилиш жойи бўлган товарлар (хизматлар) солиқ тўловчилар сифатида ҳисобда турмаган чет эллик шахслар томонидан реализация қилинган тақдирда, улар учун ҚҚС солиқ агентлари - ушбу товарларнинг (хизматларнинг) харидорлари томонидан тўланади .

Қуйидагилар солиқ агентлари бўлиши мумкин:

  • Ўзбекистоннинг юридик шахслари;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар (электрон шаклдаги хизматлар харидорлари бундан мустасно);
  • Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари.

Кўчмас мол-мулк билан бевосита боғлиқ хизматларни реализация қилиш жойи унинг турган жойи бўйича аниқланади. Агар мол-мулкнинг ўзи Ўзбекистонда турган бўлса, бундай хизматлар Ўзбекистонда реализация қилинган ҳисобланади .

Эътибор беринг
Солиқ агентлари деб эътироф этиладиган шахслар тегишли солиқ суммасини ҳисоблаб чиқариши, солиқ тўловчидан, у солиқ тўловчи эканлигидан ёки солиқ тўловчи эмаслигидан қатъи назар, уни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт .

ҚҚС бўйича солиқ базаси солиқни ҳисобга олган ҳолда хизматларни реализация қилиш қиймати сифатида аниқланади. Бунда, агар контракт шартларига кўра, чет эллик шахс хизматни солиқни ҳисобга олмаган ҳолда тақдим этса, солиқ базасини солиқни ҳисобга олмаган ҳолда хизматлар қийматидан келиб чиқиб аниқланг. Мазкур ҳолда сиз, солиқ агенти сифатида, мустақил равишда солиқни ҳисоблаб чиқаришингиз ва бюджетга тўлашингиз шарт .

Мисол
Норезидентдан бинони ижарага олганда ҚҚС ҳисоб-китоби
Ижара шартномаси суммаси - ҚҚСсиз ойига $1 000 (хизматларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган (ҳисобварақ-фактура имзоланган ёки хизматлар кўрсатилганлиги ҳолатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат расмийлаштирилган) санада Марказий банк курси бўйича 11 095 090 сўм).

ҚҚС суммаси қуйидагини ташкил этади:

11 095 090 х 15% = 1 664 263,50 сўм.

Бундан ташқари, ҳозир ижарага оид муносабатлар давом этаётган пайтда сиз ҳар ойда (ижарага тўлов амалга оширилган ва ҚҚС тўланган ойдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай) чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китобини топширишингиз керак (шакл коди 10001_4).

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text181552_aylanmadan_olinadigan_soliq_tulovchi_norezidentdan_binoni_ijaraga_olsa