Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда нима ўзгарди
Ҳисобварақ-фактуралар бўйича янги Низомга мувофиқ нафақат уларнинг шакллари ўзгарди. Ҳисобварақ-фактуранинг якунловчи сатрида, шунингдек воситачилик хизматларида ЭҲФда энди қўшимча маълумотларни кўрсатиш лозим. Buxgalter.uz илтимосига биноан ўзгартиришлар ҳақида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ гапириб берди:
-Ҳисобварақ-фактура шаклига яна маълумотлар киритилди, уларнинг илгари тасдиқланган шаклида мавжуд эмаслиги аксарият бухгалтерларда норозилик туғдирганди:
- етказиб берувчи ва сотиб олувчининг банк реквизитлари (ҳисобварақ рақами, хизмат кўрсатувчи банк номи, филиаларо алмашиш коди (ФАК));
- харидор ишончномаси маълумотлари.
Баъзан товарлар (хизматлар) етказиб берувчининг (сотиб олувчининг) мустақил ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайдиган таркибий тузилмаси орқали етказиб берилади ёки сотиб олинади. Бу ҳолда ҳисобварақ-фактурада, юқори турувчи ташкилот – ҚҚС тўловчиси реквизитларидан ташқари, қўшимча равишда таркибий тузилманинг номи ва СТИРи (агар мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Маркировка қилинадиган товарлар реализация қилинганда, ҳисобварақ-фактурада маркировка коди кўрсатилган бўлиши керак.
Акциз солиғи тўловчилари ҳисобварақ-фактурада акциз солиғи суммаси ва ставкасини кўрсатишлари шарт.
Низом билан ҳисобварақ-фактуранинг якунловчи сатрида операцияни тавсифловчи қуйидаги қўшимча ёзувлар киритилади:
- агар товарлар (хизматлар) текинга берилса (кўрсатилса) - "Тўловсиз";
- агар товарлар (хизматлар) устав фонди (устав капитали)га қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса) - "Устав фондига (устав капиталига) қўйилма";
- товарлар (хизматлар) оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса) - "Оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма".
Оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага), концессия битимига ёки мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилишда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда ҳам қўшимча маълумотлар киритилади. Бундай битимлар бўйича ширкатнинг ишончли шахси, концессионер ёки ишончли бошқарувчи "Етказиб берувчи" сатрида номига қўшимча равишда - "Ишончли шахс", "Концессионер" ёки "Ишончли бошқарувчи" сўзларини кўрсатиши керак.
“Воситачилик” ҳисобварақ-фактураларини расмийлаштиришда ҳам ўзгартиришлар мавжуд. Масалан комитентнинг товарларини (хизматларини) реализация қилувчи воситачи томонидан сотиб олувчига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада жадвал қисми 1-устунидан аввал қўшимча устунлар киритилади:
- 1а-"Комитентнинг (Етказиб берувчининг) номи"
- 1б-"Комитентнинг (Етказиб берувчининг) СТИРи";
- 1в-" Комитентнинг (Етказиб берувчининг) ҚҚС тўловчиси рўйхат рақами".
Комитент учун товарлар (хизматлар) сотиб олинаётганда воситачи етказиб берувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани комитентга ўз номидан қайта тақдим этади. Ҳисобварақ-фактуранинг 1а, 1б ва 1в-қўшимча устунларида у, тегишинча, етказиб берувчи (сотувчи)нинг номи, унинг СТИРи ва ҚҚС тўловчисининг рўйхат кодини кўрсатиши керак.
Қолган ҳолларда воситачилик операциялари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ўзгармади”.